Умар розияллоҳу анҳу: Умар Форуқнинг баъзи хислатлари (3)

0

Парҳезкорлиги

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тақводор ва ғоят парҳезкор зот бўлганига далолат қиладиган кўплаб мисоллар борки, қуйида биз улардан айримларини келтирамиз:

Маъдон ибн Абу Талҳа Яъмурий айтади: Умар розияллоҳу анҳуга хурмо ва бошқа егуликлар келтирган эдим, уларни одамларга тақсимлаб юборди. Сўнг деди: “Эй Аллоҳ, Ўзинг яхши биласанки, уларга бу ризқни мен бермадим ва ҳаргиз улардан ўзимни устун санамайман. Мен бу егуликларга қўл узатишдан ўзимни тийдим, уларни Умарнинг қорнига кирувчи олов қилишингдан қўрқдим”. Маъдон айтади: “Кейин кузатиб турдим, у одамлар қаторида ўтириб, ўз шахсий молидан (мулкидан) тайёрланган таомини олдига қўйиб, ўшани тановул қилди”.

Амирулмўъминин Умар розияллоҳу анҳу омма мусулмонлар билан бирга ўтириб овқатланишни хуш кўрар, бунда ижтимоий манфаатлар ҳосил бўлади, деб ҳисобларди. Бироқ шундай ҳолларда у мусулмонларнинг умумий молидан қилинган таомдан тановул қилишдан сақланар, ўзининг хос молидан тайёрланган таомини ҳозирлатиб, ўшани ер эди. Бу эса покдомонлик ва парҳезкорликнинг энг юксак намунасидир. Аслида, унинг мусулмонларнинг умумий таомларидан таомланишига бирон монелик йўқ бўлиб, бу егуликлар у учун ҳалол эканида шак-шубҳа йўқ эди. Чунки у ҳам мусулмонлардан бири эди. Лекин у Аллоҳ ҳузуридан ажру савоб умид қилиб, ўзини бундан пок тутди ва Аллоҳ таолодан қаттиқ қўрққани учун бирон шубҳали нарса аралашган бўлишидан қўрқиб, ўзини ундан сақлади[1].

Абдураҳмон ибн Нажиҳ айтади: Умар розияллоҳу анҳуникига келиб тушдим. Унинг бир соғин туяси бор эди. Бир куни ғуломи унга нотаниш сут келтирди. “Ҳой, сен бу сутни қаердан олдинг?!”, деб сўради Умар ундан. У деди: “Эй амирулмўъминин, соғин туямизнинг боласи бўшалиб кетиб, эмиб қўйибди. Шунга мен сизга байтулмолга қарашли туялардан бирини соғиб, сутини келтирдим”. “Шўринг қурғур, сен мени олов билан суғорасанми?!”, деди Умар. Сўнг одамлардан бу сутни ичгани учун рози бўлишларини сўради. Улар рози бўлиб, бу туяларнинг сути ҳам, гўшти ҳам сизга ҳалол, эй амирулмўъминин, дедилар[2].

Бир марта касал бўлиб қолганида унга асал даво бўлиши айтилди. Байтулмолда фатҳ қилинган ўлкалардан келтирилган асал бор эди. Шу асалдан едирмоқчи бўлганларида Умар уни ейишдан бош тортди. Масжид минбарига кўтарилиб, одамлардан изн сўраб, агар изн берсанглар истеъмол қиламан, йўқса у мен учун ҳаром, деди. Бу гапни эшитиб, одамлар Умарнинг парҳезкорлигидан таъсирланиб, йиғлаб юбордилар ва ҳаммалари унга изн бердилар. Сўнг масжиддан чиқарканлар, бир-бирларига шундай дердилар: “Аллоҳ ажрингни берсин эй Умар, сендан кейинги халифаларга қийин бўладиган бўлди!”[3]

Тавозеси

Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: Умар розияллоҳу анҳу масжидга Аббос розияллоҳу анҳунинг уйи ёнидан ўтар, йўл устида Аббосга қарашли бир тарнов бор эди. Бир жума куни Умар либосларини кийиб масжидга кетаётганида Аббоснинг уйида сўйилган жонлиқнинг қони аралаш сув тарновдан оқиб тушиб, Умарнинг кийимига сачради. Шунда Умар тарновни буздириб ташлади. Сўнг уйига қайтиб, бошқа кийим кийиб, масжидга кетди ва одамларга имом бўлиб намозни ўқиди. Аббос унинг ёнига келиб: “Қасамки, у тарновни ўша ерга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрнаттирган эдилар”, деган эди, ўша заҳоти Умар: “Ундай бўлса, сендан талаб қиламан, менинг елкамга чиқиб, тарновни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрнаттирган жойга қайта ўрнатасан”, деди. Аббос шундай қилди[4].

Ҳасан Басрий айтади: Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ иссиқ кунда ридосини бошига қўйиб, кўчада борар эди. Унинг ёнидан эшак минган бир бола ўтиб қолди. Умар унга: “Эй бола, мени эшагингга мингаштириб ол”, деди. Бола эшакдан сакраб тушиб: “Сиз миниб олинг, эй амирулмўъминин”, деган эди, Умар: “Йўқ, сен эгарга мин, мен орқангга мингашаман. Сен мени юмшоқ ерга ўткизиб, ўзинг қаттиқ ерга минмоқчисанда-а?”, деди. Сўнг боланинг орқасига мингашди. Кейин шу ҳолда Мадинага кириб келди, йўл-йўлакай одамлар унга қараб қолишарди[5].

Синон ибн Салама айтади: Болалар билан хурмо тергани чиқдик, шунда Умар розияллоҳу анҳу қўлида дарра билан келиб қолди. Уни кўрган болалар хурмозорда тирқираб кетишди. Мен ўрнимда турдим, изоримда терилган хурмолар бор эди. “Эй амирулмўъминин, мен шамол тўкканларини териб олдим”, дедим. Изоримга қаради ва мени урмади. Мен: “Эй амирулмўъминин, ҳозир олдимда турган болалар буни мендан тортиб олиб қўйишади”, дедим. “Йўқ”, деди, сўнг: “Юр мен билан”, деб, мени уйимгача кузатиб қўйди[6].

Умар ибн Хаттоб ҳузурига Ироқдан вакиллар (делегация) келди. Улар орасида Аҳнаф ибн Қайс ҳам бор эди. У айтади: Жазирама ёз иссиғида Умар бир абоани (устки кийимни) бошига ўраб олиб, садақа туяларидан бир туяни қатрон билан дорилаётган экан. Менга: “Эй Аҳнаф, кийимингни ечиб, бу ёққа кел, амирулмўъмининга бу туяни дорилашда ёрдам бер. Бу садақага келган туя, унда етим-есир ва мискинлар ҳаққи бор”, деди. Қавмдан бир киши: “Аллоҳ сизни мағфират этсин эй амирулмўъминин, қуллардан бирортасига буюрсангиз, қилиб қўярди-ку шу ишни”, деган эди, Умар унга: “Қайси қул мендан ва Аҳнафдан кўра қулроқ? Ким мусулмонлар ишига бош бўлса, унинг зиммасига уларга нисбатан холис хизмат қилиш ва омонатни адо этиш борасида қулнинг зиммасида ўз саййидига нисбатан вожиб бўлган мажбуриятлар вожиб бўлади”, деди[7].

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни елкасида бир меш сувни кўтариб кетаётганини кўриб: “Эй амирулмўъминин, бу иш сизга муносиб эмас”, деган эдим, шундай деди: “Ҳузуримга элчилар итоат билан, қўл қовуштириб келишганини кўриб, нафсимга ғурур етди. Мен уни синдиришни истадим”[8].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: Бир куни Умар ибн Хаттоб билан бирга бораётгандим, у бир девор ортига ўтиб кетди. Мен унинг ўша ерда туриб, мана бундай деяётганини эшитдим: “Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб! Бай-бай! Қасамки, эй Ибн Хаттоб, Аллоҳдан тақво қилсанг қилдинг, йўқса У сени албатта азобга гирифтор этади!”[9]

Жубайр ибн Нуфайр айтади: Бир гуруҳ одамлар Умар ибн Хаттобга: “Сиздан кўра адолат билан ҳукм қилувчироқ, ҳақни сўзловчироқ ва мунофиқларга нисбатан қаттиққўлроқ одамни кўрмадик, эй амирулмўъминин, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин одамларнинг энг яхшисисиз”, дейишди. Шунда Авф ибн Молик: “Бекор айтибсизлар, Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин шундай одамни кўрганмиз”, деди. “Ким у?”, деб сўрадилар. “Абу Бакр”, деди. Шунда Умар: “Авф тўғри айтди, сизларнинг гапингиз нотўғри. Аллоҳга қасамки, мен уйимиздаги туядан ҳам бадтарроқ гумроҳ экан ҳолимда – яъни мусулмон бўлмасимдан туриб – Абу Бакр мушки анбардан ҳам хушбўйроқ инсон эди”, деди. Зеро, Абу Бакр ундан олти йил илгари исломга кирганди[10].

[1] “Ат-тарихул исломий” (19/37).
[2] “Тарихул мадинатил мунаввара” (702-бет).
[3] “Фароидул калом лил-хулафоил киром” (113-бет). Шарқовий, “Форуқ” (275-бет).
[4] “Сифатус софва” (1/285).
[5] Маҳмуд Мисрий, “Асҳобур расул” (1/157).
[6] Саййид Аффоний, “Салоҳул умма фий улуввил ҳимма” (5/425).
[7] Маҳмуд Мисрий, “Асҳобур расул” (1/156).
[8] “Мадорижус соликийн” (2/330).
[9] Имом Молик, “Муватто” (2/992).
[10] Ибн Жавзий, “Маноқибу Умар” (14-бет).

Изоҳ қолдиринг