Талоқ: Эрининг никоҳида қолиш-қолмаслик ихтиёри берилган аёл

0

Иккинчи масала: эр аёлига “хоҳласанг мен билан яша, хоҳласанг кет” дейиши

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига ихтиёр беришга буюрилганларида мендан бошлаб шундай дедилар: «Мен сенга бир гап айтмоқчиман, фақат сен ота-онангдан маслаҳат сўрамагунча жавоб беришга шошилмагин». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онам мени у зотдан ажралишга буюрмаслигини яхши билар эдилар. Сўнг у зот қуйидаги оятни ўқидилар: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу-зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд этай ва чиройли тарзда жавобингизни берай. Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот — жаннатни тайёрлаб қўйгандир» [Аҳзоб: 28-29]. Мен айтдим: «Шунга ҳам ота-онамдан маслаҳат сўраб ўтираманми? Албатта, мен Аллоҳни, Расулини ва охират диёрини истайман». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа жуфтлари ҳам мен қилган ишни қилишди. Бу иш талоқ бўлмаган эди»[1].

Масалага оид мулоҳазалар:

(1) Эр «танла» ёки «ихтиёр ўзингда» каби сўзлар билан аёлига у билан бирга яшаш ёки ажрашиш ихтиёрини беришининг ўзиёқ уни талоқ қилиш ҳисобланмайди, бунда хилоф йўқ.

(2) Эр аёлига танлаш ихтиёри бергандан кейин, у ё эри билан қолишни танлайди, ё талоқни танлайди:

А) агар аёл эри билан қолишни танласа, у ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аксар саҳобалари, барча аёллари ва кўпчилик имомларнинг фикрига кўра, мазкур ҳолатда эрини танлаган аёл талоқ қилинган бўлмайди ва шунчаки танлаш ихтиёри беришнинг ўзиёқ талоқ қилиш саналмайди. Бу фикр Ибн Умар, Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва Ойша розияллоҳу анҳумлардан саҳиҳ тарзда нақл қилинган[2].

Али, Зайд ибн Собит ва бир гуруҳ саҳобалардан саҳиҳ тарзда собит бўлишича, мазкур ҳолатда аёл эри билан қолишни танласа, унга ражъий талоқ тушган бўлади.

Рожиҳ фикр биринчи фикрдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари у зотни танлашганида уларга қарата: «Сизларга талоқ тушди», демадилар ёки уларни қайтиб олганликлари ҳам собит бўлмаган. Бошқача қилиб айтганда, талоқ тушган бўлсаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қайтиб олишга муҳтож бўлсалар?! Шу боис, Ойша розияллоҳу анҳо айтар эди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга танлаш ихтиёрини бердилар. Нима, у талоқ бўлганмиди?!»[3]. Бошқа бир ривоятда «У талоқ бўлмаган эди», дейилади.

Б) агар аёл эридан ажралишни танласа, шу билан талоқ тушадими ёки йўқми?

Саҳобалар мазкур ҳолатда талоқ тушишига иттифоқ қилган бўлсалар-да, бироқ қандай талоқ тушиши хусусида ихтилофлашганлар. Улардан баъзилари ражъий талоқ тушади деса, баъзиларнинг фикрича, боин талоқ тушади. Ҳатто уларнинг ичида уч талоқ тушади деганлар ҳам бор.

Мазкур ихтилофга биноан фуқаҳолар аёлга танлаш ихтиёрини бериш ҳукми хусусида ихтилоф қилишган. Шунингдек, улар ушбу мавзудан келиб чиқадиган турли иккинчи даражали масалаларни ҳам зикр қилишган.

Дарҳақиқат, Ибн Ҳазм мазкур масалани чуқур ўрганиб, эрнинг аёлга у билан қолиш ёки ундан ажралишни танлаш ихтиёрини бериши сабабли ҳеч қандай талоқ тушмаслигини рожиҳ деб билган. Унинг фикрича, Аллоҳ таоло талоқ қилиш ҳуқуқини аёлга бермаган. Ибн Ҳазмнинг бу борада ажойиб фикрлари бор. Лекин Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ Ибн Ҳазмнинг баъзи фикрларини келтиргач, шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг ҳайбати бўлмаганида эди, бу фикрларни четлаб ўтмас эдик. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари гарчи аёлга ихтиёр бериш ҳукмида ихтилоф қилган бўлсалар-да, улар бизларга ўрнак ва намунадир. Улар аёлга ихтиёр бериш ҳукмида ихтилоф қилган бўлсалар-да, бироқ бу ишни мутлақ эътибордан четда қолдирмасликка иттифоқ қилганлар. Ҳақиқатда бунинг бирон зарари, нотўғри жиҳати йўқ. Талоқни аёлнинг қўлига беришдан келиб чиқиши айтилган зарарга келсак, бундай зарарни талоқ бошиданоқ унинг қўлига топшириб қўйилса ва унга мустақил равишда ўзини талоқ қилиш ҳуқуқи бериб қўйилсагина тасаввур қилиш мумкин. Аммо модомики мустақил талоқ қилиш ҳуқуқи эрнинг қўлида экан, гоҳида аёл онгли равишда ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши учун бу ҳуқуқни унга бериш фойдали бўлади. Мазкур ҳолатда аёл эрини яхши кўрса, у билан турмушини давом эттиради, аксинча, эрини ёқтирмаса, ундан ажралади ва бу қарор ҳар иккиси учун манфаатли бўлади. Бу ишдан Аллоҳнинг шариати ва ҳикматини ўзгартириш келиб чиқмайди. Зеро, аёлни талоқ қилиш учун унинг ўзига ваколат берди нима-ю, бошқа бировга ваколат берди нима?! Бир бегона одамни никоҳ ва хулуъда вакил қилиш дуруст бўлгач, уни талоқ бобида вакил қилишни тақиқлаш тўғри эмас»[4].

Лекин аёл эридан ажралишни ихтиёр қилса, талоқ тушади деган хулосани  оятнинг зоҳири қўллаб-қувватламайди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу-зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд этай ва чиройли тарзда жавобингизни берай» [Аҳзоб: 28]. Оятдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари талоқни ихтиёр қилган тақдирда шунчаки ихтиёр қилишнинг ўзи билан талоқ тушиши эмас, балки уларни у зотнинг ўзлари талоқ қилишлари тушунилади, оятдан кўриниб турган зоҳирий тушунча шу.

Бироқ оятдаги «жавоб бериш»дан мақсад аёлларнинг эрларидан ажралишни ихтиёр қилиши натижасида тушган ражъий талоққа рози бўлиш ва уларни қайтиб олмаслик, деб тушуниш мумкин. Зеро, «жавоб бериш» сўзи қуйидаги оятда ҳам худди шу маънода қўлланилган: Аллоҳ таоло айтади: «Агар хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, у ҳолда ё уларни яхшилик билан олиб қолинг, ё яхшилик билан жавобини беринг» [Бақара: 231].

Оятнинг маъноси шундай: «Агар аёлнинг иддаси тугаса, ё уни никоҳингизда қолдиринг, ё ўз ҳолига ташлаб қўйинг, иддасини чўзиб унга зарар бериш учун қайтариб олманг». Демак, танлаш ихтиёри берилган аёл эридан ажралишни ихтиёр қилса, ихтиёр қилиши билан битта ражъий талоқ тушади.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур оятдаги (яъни аёлга ихтиёр бериш оятидаги) «жавоб бериш» сўзидан аёлни талоқ қилиш ва унинг жавобини бериш кўзда тутилган бўлиши ҳам мумкин…

Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига ихтиёр берганликлари борасидаги оятни тушунишдаги ихтилофга боғлиқ; у зотнинг жуфтлари ўзларини талоқ қилиш ёки у зот билан бирга қолишдан бирини танлашлари керакмиди? Бинобарин, ажралишни ихтиёр қилганга талоқ тушиб, у зот билан бирга қолишни ихтиёр қилганга талоқ тушмасмиди?… Ёки улар дунё ва охиратдан бирини танлашлари керак-у, дунёни танлаганни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ қилишлари, дунё матоларидан баҳраманд қилиб, сўнг жавобини бериб юборишлари, охиратни ихтиёр қилганларни эса никоҳида қолдиришлари керакмиди?»[5].

Лекин аёл эридан ажралишни ихтиёр қилса, талоқ тушади деган хулосага зид келадиган бир асар бор. Асарда бир киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг олдига келиб шундай дейди: «Мен аёлимга (мен билан бирга яшаш ёки яшамасликни танлаш) ихтиёрини берган эдим, у мени уч талоқ қилди!». Шунда Ибн Аббос айтди: «Муродига етмай қолсин! Аслида талоқ сенга қарши унга берилмаган, балки унга қарши сенга берилган (ҳуқуқ)дир»[6].

Бироқ Ибн Қаййим мазкур асардаги чигалликни бартараф этишга уринади. Унинг фикрича, асарда аёл ҳаққи бўлмаган ишни қилиб, эрини талоқ қилган. Ҳолбуки, биз ихтилоф қилаётган масала эри билан қолиш ёки ундан ажралишдан бирини танлаш ҳуқуқи берилган аёл ўзини талоқ қилиши масаласидир[7].

[1] Бухорий (4785), Муслим (1475), Термизий (3204), Ибн Можа (2053) ривояти.
[2] Қаранг: «Зодул маод» (5/287).
[3] Бухорий (5264), Муслим (1477), Термизий (1179), Насоий (6/56) ривояти.
[4] «Зодул маод» (5/299).
[5] «Фатҳул Борий» (9/370).
[6] Саҳиҳ: Абдураззоқ (6/521), Ибн Ҳазм (11/276) ривояти.
[7] Қаранг: «Зодул маод» (5/292).

Изоҳ қолдиринг