Соғлом эътиқодга йўлланма: Пайғамбарларга иймон келтириш

0

Тўртинчи асос

Пайғамбарларга иймон келтириш

Пайғамбарларга иймон келтириш иймон асосларидан биридир. Чунки улар Аллоҳнинг рисолатларини (илоҳий таълимотларини) етказиш ва бандаларнинг узр-баҳоналарини кетказиш борасида Аллоҳ билан бандалар ўртасидаги элчилардир. Пайғамбарларга иймон келтириш дегани уларнинг рисолатларини тасдиқлаш, пайғамбарлигига иқрор бўлиш, Аллоҳ номидан айтган хабарларида ростгўй деб билиш, ҳеч шубҳасиз Аллоҳнинг рисолатларини бандаларга етказган, одамлар билишлари зарур бўлган динга тааллуқли барча нарсани уларга баён қилишган деб гувоҳлик беришдан иборатдир.

Пайғамбарларга иймон келтириш вожиблигини кўрсатувчи далиллар талайгина. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади: «Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтиришдир…» [Бақара: 177].

«Улардан ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирдилар» [Бақара: 285].

«Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз,  айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар» [Нисо: 150-151].

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло пайғамбарларга иймон келтиришни Ўзига, фаришталарига ва китобларига иймон келтириш билан бир қаторда зикр қилади, иймон келтириш борасида Аллоҳ билан Унинг пайғамбарлари ўртасини ажратган, баъзи пайғамбарларга иймон келтириб, баъзиларини инкор қилганларга кофир деб ҳукм қилади.

Пайғамбарлар юбориш Аллоҳнинг башариятга ато этган энг катта неъматларидан биридир. Зеро, уларнинг пайғамбарларга бўлган эҳтиёжи бениҳоят катта, пайғамбарларсиз инсоният ҳоли ўнгланиши, дини соғлом бўлиши амри маҳол. Уларнинг пайғамбарларга бўлган эҳтиёжи сув ва таомга бўлган эҳтиёжлариданда каттароқдир. Негаки, Аллоҳ таоло Ўзини бандаларига танитиш, уларга фойдали ва зарарли ишларни, шариат тафсилотларини, буйруқ ва қайтариқларни, ҳалол-ҳаромни, Аллоҳ яхши кўрган ва ёмон кўрган ишларни баён қилиш борасида пайғамбарларни Ўзи билан бандалари ўртасидаги воситачи элчилар қилди. Мазкур ишларни пайғамбарларсиз билиш имконсиз. Инсоният ақли умумий тарзда мазкур ишларни билиш зарурлигини идрок қилса-да, бироқ уни батафсил билишдан ожиз. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар бир (ҳақ) динда эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач),  Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб ҳақ китобни (Таврот ва Инжилни) нозил қилди» [Бақара: 213].

Шунингдек, одамларнинг рисолатларга бўлган эҳтиёжи касалнинг табибга бўлган эҳтиёжиданда каттароқдир. Зеро, табиб бўлмаса бор-йўғи баданга зарар етиши мумкин бўлса, рисолат ёхуд илоҳий таълимотлар бўлмаса, қалбларга зарар етади. Модомики ер юзида рисолат асорати бор экан, ерда ҳаёт давом этади, куррайи заминда рисолат асорати йўқолиши билан қиёмат қойим бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда исмларини ёд қилган пайғамбарларга бирма-бир ва батафсил иймон келтириш вожиб. Улар йигирма бешта пайғамбар бўлиб, шулардан ўн саккизтасини Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда зикр қилган: «Мана шулар Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз. Албатта, Парвардигорингиз хикмат эгаси ва билгувчидир. Унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Буларнинг барчаларини ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» [Анъом: 83-86].

Қолган еттита пайғамбарларнинг исмлари турли оятларда зикр қилинган. Қуръонда номи зикр қилинмаган пайғамбарларга мужмал, яъни умумий тарзда иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, Биз сиздан олдин ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз. Улардан баъзиларини сизга ҳикоя қилганмиз, баъзиларини эса ҳикоя қилмаганмиз» [Ғофир: 78].

«Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ» [Нисо: 164].

Шу ўринда баён қилиш лозим бўлган бир масала бор. У ҳам бўлса, расул билан набий ўртасидаги фарқ. Бу борадаги машҳур фикрга кўра, расул билан набий ўртасидаги фарқ қуйидагича:

Расул – унга шариат нозил қилиниб, уни одамларга етказиш буюрилган эркак инсон.

Набий – унга шариат нозил қилиниб, уни одамларга етказиш буюрилмаган эркак инсон.

Расул ва набийдан ҳар иккисига ваҳий нозил қилинади. Бироқ набий ундан олдинги пайғамбарларга нозил қилинган собиқ шариатлар билан мўмин қавмларга пайғамбар бўлиб келиши мумкин. Бунга Бани Исроил қавмига юборилган пайғамбарларни мисол қилиш мумкин, улар қавмига Таврот шариати билан ҳукм қилганлар. Набий умуман олганда собиқ шариат билан ҳукм қилса-да, гоҳида унга муайян масалада ўзига хос ваҳий нозил қилиниши ҳам мумкин. Расуллар эса кофир қавмларга пайғамбар қилиб юбориладилар, уларни ёлғиз Аллоҳга эътиқод ва ибодат қилишга даъват қиладилар. Умуман олганда расуллар уларга мухолиф инсонларга юбориладилар ва қавм ёки уларнинг баъзилари уларни ёлғончига чиқаришади.

Расул пайғамбардан афзалдир. Расуллар фазл ва мартабада ўзаро бир бирларидан фарқ қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ўша расулларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик» [Бақара: 253].

Расулларнинг энг афзаллари «улул-азм», яъни одамларга рисолат ва даъватни етказишда кўп азиятларга дуч келган ва сабр-матонат кўрсатган пайғамбарлар бўлиб, улар бешта: Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Муҳаммад алайҳимуссаломлардир. Улар қуйидаги оятда зикр қилинганлар: «Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) сиздан, Нуҳдан,  Иброҳим,  Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олгандик» [Аҳзоб: 7].

«(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек), Биз Иброҳим,  Мусо ва Ийсога буюрган нарсани шариат (яъни қонун) қилди» [Шўро: 13].

Улул-азм пайғамбарларнинг энг афзаллари Иброҳим ва Муҳаммад, шунингдек, бу икки Аллоҳнинг халилидан афзалроғи эса Муҳаммад пайғамбаримиздир. Барчаларига Аллоҳнинг салом ва салавотлари бўлсин!

Дарҳақиқат, пайғамбарлик Аллоҳ таоло томонидан муайян шахсга берилган марҳамат бўлиб, пайғамбарларни У зотнинг ўзи бандалари ичидан танлаб олади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ фаришталардан ҳам, одамлардан ҳам элчилар танлаб олади» [Ҳаж: 75]. Пайғамбарлик банданинг меҳнат қилиши, жидди жаҳд кўрсатиши, турли оғир тоат-ибодатларни қилиши, муттасил нафс тарбияси билан шуғулланиши, зеҳнни поклаши, хулқни юксалтириши, нафс ва баданни қийнаши натижасида қўлга киритиладиган мартаба эмас. Файласуфларнинг фикрича, пайғамбарлик мартабасини ҳар қандай банда қўлга киритиши мумкин, фақат бунинг учун риёзат ва тарбия билан зоҳири ва ботинини поклаши лозим. Ўшанда ички дунёси сайқалланади, ақл басирати очилади, бошқаларга очилмаган сир-асрорлар унга очила бошлайди! Уларнинг айтишича, нубувват (пайғамбарлик)нинг учта хусусияти бор:

1. Илмий қувват. Пайғамбар ҳеч нарсани таълим олмаган бўлса-да, мазкур қувват воситасида билим ҳосил қилади.

2. Хаёл қилиш қуввати. У хаёлида нуроний шаклларни тасаввур қилиб, уларга хитоб қилади ва айни дамда уларнинг хитобини эшитади.

3. Одамларга таъсир ўтказиш қуввати. Файласуфлар бу қувватни оламдаги бирламчи моддаларни тасарруф қилиш деб номлайдилар.

Файласуфларнинг фикрича, мазкур сифатлар риёзат ва чираниш ёрдамида қўлга киритиш мумкин бўлган сифатлардир. Шу боис, айрим жоҳил сўфилар пайғамбарлик мартабасига эришишга ҳаракат қилишган. Негаки, улар пайғамбарлик мартабасига бир касб-ҳунардек қарашган. Албатта, бу ботил фикрдир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари бу ботил фикрни рад этади: «Қачон уларга (Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканлиги ҳақида) бирон оят келса: «То бизга ҳам Аллоҳнинг пайғамбарларига берилган оятларга ўхшаш оятлар берилмагунча ҳаргиз иймон келтирмаймиз», дейдилар. Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни (ва унга кимлар яроқли эканини) яхшироқ билгувчидир» [Анъом: 124].

«Аллоҳ фаришталардан ҳам, одамлардан ҳам элчилар танлаб олади» [Ҳаж: 75].

Демак, Аллоҳ таоло илми ва ҳикматидан келиб чиқиб, бандалари ичидан пайғамбарлик лавозимига муносибларни танлаб олади, у банда риёзат қилиб, тиришиб эришиладиган лавозим эмас. Тўғри, пайғамбар алайҳиссаломлар бошқаларда бўлмаган фазилатлар билан ажралиб турадилар, лекин бу фазилат ва хусусиятлар йўлдан озган файласуфлар айтган услубда қўлга киритилмайди.

Изоҳ қолдиринг