Умавийлар давлати: Усмон Зуннурайннинг ўлдирилиши фитнаси, Муовиянинг бунга муносабати (7)

0

Усмон розияллоҳу анҳунинг волийлар билан маслаҳатлашуви ва Муовиянинг билдирган фикри

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу етилиб келаётган фитнани бартараф этиш учун турли услуб ва воситаларни қўллай бошлади. Шу жумладан, вилоятларга тафтиш ҳайъатлари юборди, фитна аҳлининг ғаразларини ўрганишга уринди, музокара ва мунозаралар орқали ғавғочи ва тўполончиларнинг шубҳаларини бартараф этди, айрим талабларини қабул қилиш билан уларнинг сафларини парчалашга муваффақ бўлди. Ундан ташқари, баъзи ўлкалардаги волийларини шошилинч чақиртириб, улар билан бу борада кенгашди. Волийлардан Абдуллоҳ ибн Омир, Муовия ибн Абу Суфён ва Абдуллоҳ ибн Саъд қаторида собиқ волийлар Саид ибн Ос ва Амр ибн Осни ҳам кенгашга таклиф қилди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган ушбу ўта муҳим мажлис иштирокчиларининг ҳар бири фитнани бартараф этиш борасида ўз фикрини баён қилди. Муовия шундай фикр билдирди: “Мен сизга барча ўлкалардаги қўшинлар амирларига буйруқ беришингизни маслаҳат бераман, улар ўз юртларидаги фитна аҳлини тинчитишга қодир. Шом аҳлини мен тинчита оламан”[1].

Усмон кенгаш иштирокчиларининг таклифларини диққат билан эшитди. Сўнг ўрнидан туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай деди: “Сизларнинг маслаҳатларингизга диққат билан қулоқ солдим. Маълумки, ҳар бир ишга ўз эшигидан кирилади. Умматга хавф солаётган бу ишнинг олдини олиш, унинг эшигини ёпиш ва тўхтатиб қолиш йўли мулойимлик, ўзаро келишув ва муроса бўлмоғи керак, деб ўйлайман. Фақат қачонки Аллоҳнинг ҳудудларига тажовуз қилинса, бунда ҳеч ким билан муросага борилмайди. Менга қарши айтилаётган айбловлар борасида бирон кишининг қўлида ҳақ-рост далил-ҳужжат йўқ. Аллоҳ билади, мен ўзимга ҳам, одамларга ҳам фақат яхшилик бўлишини истадим ва ҳеч кимдан яхшиликни аямадим. Қасамки, фитнанинг чархпалаги ҳаракатга тушди, қанийди жонимни тикиб бўлса ҳам, унинг йўлига ғов бўлолсам! Одамларни тўхтатишга урининглар, уларга ҳақларини беринглар, хатоларини кечиринглар, фақат Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқларида муроса қилманглар!”[2].

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу фитначиларни азоблаш, қамаш ва ўлдиришдан волийларни ман қилди ва уларга оғир-босиқлик билан, чиройли муомала қилишга қарор қилди. Омилларидан ўз ишларига қайтишларини ва бошланиб келаётган фитнани тинчитиш борасида унинг услубига мувофиқ ҳаракат қилишларини талаб қилди.

Муовия ибн Абу Суфён Шомга жўнаб кетиши олдидан Усмон ҳузурига кириб, уни ўзи билан бирга Шомга кетишга кўндиришга уринди. Унга: “Эй амирулмўъминин, мен билан бирга Шомга юринг, сизга ҳужум бошласалар, уни бартараф этишга кучингиз етмай қолади, деб қўрқаман”, деди. Усмон унга: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларида бўлишни ҳеч нарсага алиштирмайман, агарчи бошим кетса ҳам”, деб жавоб берди. “Ундай бўлса, мен сизга Шомдан лашкар юборай, улар Мадинада туриб, сизни ва Мадина аҳолисини кутилаётган хатардан ҳимоя қилишсин”, деди Муовия. Усмон деди: “Йўқ, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамшаҳарлари ризқи-рўзига ташқаридан келган лашкарни шерик қилиб, уларнинг ҳаётларини оғирлаштиришни, муҳожир ва ансорларни танг аҳволга солишни истамайман”. Муовия деди: “Эй амирулмўъминин, қасамки, сиз хиёнаткорона ҳамлага дучор бўласиз”. Усмон деди: “Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил (Аллоҳ менга етарли, У нақадар яхши вакилдир)”.

Дарҳақиқат, Муовия қўрққан иш содир бўлди. Фитначи гуруҳлар йиғилиб келиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни қамал қилиб, пировардида уни шаҳид этдилар. Диққатга сазовор жойи шуки, турли минтақалардан йиғилиб келган ўша қўзғолончи гуруҳлар ичида Шомдан келган бирон жамоатни учратмаймиз. Боиси, Муовия розияллоҳу анҳу ўзи эгаллаб турган мансабга ўта лойиқ, эл-улусни интизом билан бошқараётган, ўлкада бошбошдоқликка йўл қўймаган садоқатли волий эди. У Шом ўлкасида барқарорлик ўрнатиш, фитна ва тарқоқлик омилларига барҳам бериш билан, аҳолини раҳбариятга гўзал бўйсунадиган қилиб тарбиялаш билан Шомни ислом давлатининг бошқа барча ўлкаларини у ердан туриб бошқаришга тайёр бир ўлкага айлантира олган эдики, бу ҳолатни бошқа ўлкаларда топмаймиз.

Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши ва саҳобаларнинг бунга муносабатлари

Ҳар томондан йиғилиб келган қўзғолончи гуруҳлар Усмон розияллоҳу анҳунинг уйларини қамал қилиб, унинг ташқарига чиқишига тўсиқ қўйдилар. Усмон ибн Аффон ҳатто масжидга намозга чиқиши ҳам ман қилинди. У ўзига етган бу балоларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидек сабру матонат билан, қазо ва қадарга бўлган кучли иймони билан қаршилади. У имкон қадар муаммога ечим топишга уринди. Фитна авжига чиққан ўша кунлар воқеаларини кузатсангиз гувоҳ бўласизки, Усмон гоҳо одамларга мусулмоннинг қони ҳаромлиги, уни ноҳақ тўкиш асло дуруст эмаслиги ҳақида хутба қилаётган бўлар, гоҳо одамлар билан сўзлашиб, уларга ўзининг фазилатлари ва исломдаги улуғ хизматларини изҳор қилиб, бунга улуғ ўнта жаннати саҳобани гувоҳ қилаётган бўлар, гўё бу билан у мана шундай фазлу илм эгаси бўлган киши дунёга берилиши ва охиратдан дунёни устун кўриши мумкин эмаслигини, омонатга хиёнат қилиши ва умматнинг моллари ва қонларига тажовуз қилиши асло ақлга тўғри келмаслигини, ўзининг бундай хиёнатнинг Аллоҳ ҳузуридаги оқибатини яхши билишини айтаётгандек бўларди. Зотан,  Усмон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида тарбия олганди, у зотнинг шахсан ўзлари ва бошқа афзал саҳобалар унинг фазли ва поклигига гувоҳлик бергандилар. Энди ёши етмишдан ўтиб, саксонга яқинлашганда шундай муомалага лойиқ кўриладими?!

Тўполончилар Мадинада ҳукмни тўла қўлга олдилар, кўпинча одамларга улар имом бўлиб намоз ўқишди. Шунда саҳобалар иш улар ўйлаганидек эмаслигини идрок қилдилар ва оқибати ёмон иш содир бўлишидан хавотирга тушдилар. Улар қўзғолончилар Усмонни ўлдиришга аниқ чоғланаётганини тушундилар, унга ўз ҳимояларини таклиф қилдилар ва тўполончиларни Мадинадан ҳайдаб чиқаришга ҳозирликларини етказдилар. Бироқ Усмон ибн Аффон уни деб мусулмонларнинг қони тўкилишини истамади. Кибор саҳобалар Усмондан сўрамасдан ҳам ўз ўғилларини унинг ҳимояси учун юбордилар, Ҳасан ибн Али ва Абдуллоҳ ибн Зубайр кабилар унинг ҳимояси учун ҳозир бўлдилар. Усмон Ҳасанни яхши кўрарди ва ҳурмат қиларди. Фитна содир бўлгач ва Усмон розияллоҳу анҳу уй қамоғига олингач, у Ҳасан розияллоҳу анҳуга бирор ёмонлик етишидан қўрқиб, қўярда-қўймай уни уйига қайтариб юборди, унга: “Эй жияним, то Аллоҳ ўзи бу ишни бир томонга ечгунича сен уйингга қайт”, деди. Саҳиҳ ривоятларда келишича, Ҳасан ўша куни ҳовлидан яраланган ҳолда кўтариб олиб кетилди. Ундан ташқари, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Муҳаммад ибн Ҳотиб, Марвон ибн Ҳакам ҳам жароҳатландилар. Ҳусайн ибн Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳум ҳам улар билан бирга эдилар[3]. Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуни энг қаттиқ мудофаа қилган кишилардан бири бўлди, бунга Марвон ибн Ҳакам гувоҳлик берган[4].

Шунингдек, Ибн Асокир Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Али Усмонга одам юбориб: “Мен билан бирга 500 совутли жангчи бор, изн беринг, мен сизни ҳимоя қилай, чунки сиз қонингизни ҳалол қиладиган (ўлимга лойиқ) бирон иш қилганингиз йўқ”, деди. Усмон унга: “Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин, мени деб қон тўкилишини истамайман”, деб жавоб йўллади[5].

Қамал асносида Али розияллоҳу анҳунинг Усмон розияллоҳу анҳу тарафида тургани ҳақида бир талай ривоятлар келган. Ушбу хабарлардан бирида айтилишича, қўзғолончилар Усмондан ичимлик сувини ҳам тўсиб қўйишди, ҳатто унинг аҳли оиласи ташналикдан ўлишга яқин бўлдилар. Шунда Али розияллоҳу анҳу унга уч меш тўла сув юборди, сувни унга етказиш асносида Бани Ҳошим ва Бани Умайянинг бир неча мавлолари жароҳат олдилар ва бир амаллаб сувни унга етказдилар.

[1] “Комил” (2/278). “Тарихи Табарий” (5/351).
[2] “Тарихи Табарий” (5/351).
[3] “Тарихи халифа” (174-бет).
[4] “Тарихул ислом” (460-бет).
[5] “Тарихи Димашқ” (403-бет).

Изоҳ қолдиринг