Таҳорат: Таҳоратнинг суннатлари

0

Таҳоратнинг суннатлари

1. Таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Таҳорати йўқнинг намози бўлмайди, таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтмаганнинг таҳорати бўлмайди»[1].

Таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтиш хусусида бир неча ҳадислар бор. Бироқ улардан биронтаси заифликдан холи эмас. Шундай бўлса-да, бу борада ҳофиз Ибн Ҳажар шундай дейди: «Таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтиш тўғрисидаги ҳадислар йиғиндисидан бу масаланинг асоси бор деган хулоса чиқариш мумкин»[2].

Уламолар таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтиш хусусида ихтилоф қилишган, баъзилар вожиб дейишса, жумҳур уламолар мустаҳаб дейишган. Таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтишни вожиб деганлар уни унутиб айтмаган инсон билан қасддан айтмаган инсоннинг ҳукмида ҳам ихтилоф қилганлар.

Бисмиллоҳни айтишни вожиб деганлар юқоридаги ҳадисни зоҳирига кўра тушунишни афзал билишган, яъни бисмиллоҳни айтмаган кишининг таҳорати таҳорат бўлмаслигини айтишган. Уларнинг фикрича, бу унинг таҳорати дуруст бўлмаслигини ёки аслида таҳорат вужудга келмаслигини тақозо қилади. Унутиб бисмиллоҳни айтмаган инсонга келсак, бу унинг таҳоратига таъсир қилмайди. Чунки ҳадисда «Умматимдан хато, унутиш ва мажбурлик сабабидан қилган ишлари(нинг мажбурияти) соқит қилинган»[3], дейилади.

Менимча, жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳроқ – таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтиш суннат. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини таърифлаган саҳобалар бисмиллоҳни айтмаганлар. Шунингдек, «Сунани Абу Довуд»да ҳасан санад билан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан таҳорат тўғрисида сўрайди. Шунда у зот бошларига масҳ тортишдан бошқа амалларни уч мартадан бажариб таҳорат олдилар, сўнгра шундай дедилар: «Таҳорат мана шундай бўлади. Кимда ким бундан зиёда қилса, аниқ ёмон иш қилибди, ҳаддидан ошибди ва зулм қилибди»[4].

Ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аъробийнинг жоҳил ва батафсил баёнга муҳтож бўлишига қарамай, у зот бисмилоҳни зикр қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Таҳорат мана шундай бўлади», деган сўзлари чеклашга далолат қилади, яъни бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча вожибларни зикр қилган бўлишларини тақозо қилади.

Шунга биноан, «таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтмаганнинг таҳорати бўлмайди» деган ҳадисдан «таҳоратдан олдин бисмиллоҳни айтмаганнинг таҳорати комил бўлмайди» деган маъно кўзда тутилган бўлади, валлоҳу аълам.

2. Таҳоратдан олдин мисвок қилиш

Мисвок ва унинг фазилати тўғрисида «фитрат суннатлари» бобида сўз юритган эдик.

3. Таҳорат бошида икки кафтни ювиш

Авс ибн Авс Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилар эканлар, икки кафтларини уч бор ювганларини кўрдим»[5].

Айниқса, уйқудан уйғонгач, икки кафтни ювиш янада таъкидлироқ бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар биронтангиз уйқудан уйғонса, то икки кафтини уч марта ювмагунча қўлини идишга ботирмасин. Зеро, у қўли қаерда тунаганини билмайди»[6].

Жумҳур уламолар ҳар қандай уйқудан сўнг икки кафтни ювишни мустаҳаб санайдилар. Имом Аҳмад эса бу ҳукмни фақат тунги уйқуга чеклаган. Чунки ҳадисдаги «қўли қаерда тунаганини» деган иборадан тунги уйқу назарда тутилгани маълум бўлади. Шунингдек, Муслимга оид бир ривоятда «Агар биронтангиз тунда уйғонса», дейилади. Шунинг учун, имом Аҳмад хоссатан тунги уйқудан уйғонганда икки кафтни ювиш вожиб деган.

4. Аъзоларни уч мартадан ювиш

Аъзолар уч мартадан кўп ювилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат олиш кўринишларини таърифлаган ривоятларда келишича, у зот таҳоратда аъзоларни энг кўпи билан уч бор ювганлар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳар бир аъзони) уч мартадан (ювиб) таҳорат қилганлар»[7].

Ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсон таҳоратда уч мартадан зиёда қилса, гуноҳкор бўлмаслигига кафолат беролмайман»[8].

Имом Аҳмад ва Исҳоқ (икковларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) айтади: «Фақат (ақлдан озиш ёки васвасага) мубтало бўлган кишигина уч мартадан кўп ювади»[9].

Таҳоратда аъзоларни бир мартадан ёки икки мартадан ювиш ҳам жоиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (таҳоратда аъзоларини) бир мартадан (ювиб) таҳорат олдилар»[10]. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (таҳоратда аъзоларини) икки мартадан (ювиб) таҳорат олдилар»[11].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, мусулмонлар (таҳоратда) аъзоларни бир мартадан ювиш фарз, уч мартадан ювиш эса суннат эканига ижмо қилишган. Аъзоларни бир мартадан, икки мартадан ва уч мартадан ювиш, шунингдек, баъзи аъзоларни уч мартадан, баъзиларини икки мартадан ва айримларини бир мартадан ювиш саҳиҳ ҳадисларда келган. Уламоларнинг айтишича, аъзоларни ювиш миқдоридаги бу хилма-хилликлик мазкур кўринишларнинг барчаси жоиз эканига, уч марта ювиш энг мукаммал кўриниш, бир бор ювиш эса кифоя қиладиган энг кам миқдор эканига далолат қилади»[12].

5. Ўнгдан бошлаш

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пойабзал кийишда, соч тарашда, таҳорат олишда ва умуман барча ҳолатларида ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар»[13].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Шариатнинг давомий қоидасига кўра, зеб-зийнат ва ясан-тусан бобидан бўлган барча ишларда ўнгдан бошлаш, бу ишларга зид бўлган ишларда эса чапдан бошлаш мустаҳабдир…

Шунингдек, уламолар таҳоратда ўнгдан бошлаш суннат эканига ижмо қилганлар. Ким бу суннатга хилоф қилса, (суннатга эргашишдан ҳосил бўлган) фазл-савобдан бенасиб қолади, бироқ таҳорати дуруст бўлаверади»[14].

6. Соқолга тахлил қилиш

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилсалар, бир кафт сув олиб жағининг остига киритар, у билан соқолига тахлил қилар (яъни бармоқларини соқолининг ораларига киритар) ва «Раббим азза ва жалла менга шундай қилишни буюрди», дер эди»[15]. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам соқолларига тахлил қилар эдилар»[16].

Уламолар соқолга тахлил қилиш ҳукмида ихтилоф қилганлар. Баъзи уламолар бу амални вожиб дейишган бўлса, аксар уламолар суннат дейишган. Соқолга тахлил қилиш суннат деган фикр рожиҳ бўлиб, уни Шавконий роҳимаҳуллоҳ мавзуга оид далилларни келтириб ўтгач, рожиб деб билган.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Шубҳасиз, эҳтиёткорлик ва тақвога интилиш соқолга тахлил қилишда бепарво бўлмасликни тақозо қилади. Лекин бу тахлил қилиш вожиб деган фикрни маъқуллаш дегани эмас»[17]. Юқорида Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда соқолга тахлил қилиш маъноси зикр қилинган.

7. «Ғурра» ва «таҳжил»ни узайтириш ёхуд юз, қўл ва оёқларни ювиш фарз бўлган чегарадан ошириб ювиш

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ғурра» бошнинг олд тарафидан бир қисмини ёхуд юзнинг ювиш фарз бўлган қисмига қўшимча бош томондан ҳам бир қисмини ювиш, «таҳжил» эса қўлнинг тирсакларидан ва оёқнинг тўпиқларидан юқорисини ҳам ювишдан иборатдир. Таҳоратда «ғурра» ва «таҳжил» қилиш мустаҳабдир».

Дарҳақиқат, таҳоратда «ғурра» ва «таҳжил»ни узайтиришга далолат қиладиган ҳадис келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қилар экан, юзини мукаммал ювди, сўнг ўнг қўлини ювар экан, (тирсакларидан ўтиб) мускулларини ҳам ювди. Сўнг чап қўлини ювар экан, (тирсакларидан ўтиб) мускулларини ҳам ювди. Сўнг бошига масҳ тортди. Сўнг ўнг оёғини ювар экан, (тўпиқларидан ўтиб) болдирини ҳам ювди. Сўнг чап оёғини ювар экан, (тўпиқларидан ўтиб) болдирини ҳам ювди. Сўнг деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мана шундай таҳорат қилганларини кўрганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлар мукаммал таҳорат олиш сабабли қиёмат кунида «ғурра» ва «таҳжил» соҳиблари бўлиб турасизлар (яъни таҳоратда ювилган аъзоларингиздан нур таралиб туради)». Сизлардан ким қодир бўлса, «ғурра» ва «таҳжил»ини узайтирсин (яъни юз, қўл ва оёқларини ювиш фарз бўлган чегарадан ошириб ювсин)»[18].

8. Аъзоларни ишқалаш

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир «муд»[19]нинг учдан иккиси миқдорида сув олиб келинди. У зот (бу сувдан) таҳорат қилар экан, икки билакларини ишқаладилар»[20].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумҳур уламолар иттифоқ қилишича, таҳорат ва ғуслда аъзолар устидан сув оқиши кифоя, уларни ишқалаш шарт эмас. Молик ва Музаний эса ишқалашни шарт қилишган»[21].

9. Сувни тежаш

Олдин айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳовуч сув билан, ҳатто бир ҳовучнинг учдан иккиси билан таҳорат олганлар. Бу таҳоратда нечоғлик сувни тежаш лозимлигини ифода этади.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Келажакда ушбу умматдан дуо ва таҳоратда ҳаддидан ошадиганлар чиқади»[22].

[1] Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар ила ҳасан. Абу Довуд (101), Термизий (25), Ибн Можа (399) ривояти.
[2] «Талхисул ҳабийр» (1/75).
[3] Саҳиҳ: Ибн Можа (2043), Ибн Ҳиббон (7219), Ҳоким (2/198), Таҳовий («Мушкилул осор», 2/56) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган, шунингдек, уни Албоний «Ирвоул ғалил»да (82) саҳиҳ деган.
[4] Ҳасан: Абу Довуд (135), Ибн Можа (422), Насоий (1/88) мухтасар ҳолда ривоят қилишган.
[5] Санади ҳасан: Аҳмад (4/9), Насоий (1/64), Табароний («Кабир»да, 1/221), Доримий (692) ривояти.
[6] Бухорий (162), Муслим (278), Абу Довуд (105), Термизий (24), Насоий (1/706), Ибн Можа (393) ривояти.
[7] Бухорий (159), Муслим (226), Абу Довуд (106) ривояти.
[8] Қаранг: «Ал-муғний» (1/161).
[9] Қаранг: Термизийнинг (244) сонли ҳадисга ёзган изоҳи, «Ал-муғний» (1/161), «Найлул автор» (1/215).
[10] Бухорий (157), Абу Довуд (138), Термизий (42), Насоий (1/62), Ибн Можа (411) ривояти.
[11] Бухорий (158), Аҳмад (4/41), Ибн Хузайма (170) ривояти.
[12] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (3/106).
[13] Бухорий (168), Муслим (268), Термизий (608), Аҳмад (6/202) ривояти.
[14] «Фатҳул Борий»дан (1/270-бет, 167-168-ҳадислар шарҳи) нақл қилинди.
[15] Албоний саҳиҳ деган. Абу Довуд (145), Байҳақий (1/54) ривояти. Бироқ ҳадис санадида Валид ибн Заврон мавжуд бўлиб, у ҳақда Ибн Ҳажар» «Лаййинул ҳадис» (яъни заиф), деган.
[16] Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар воситасида ҳасан даражасига кўтарилган. Ибн Можа (430), Термизий (31) ривояти. Термизий ҳасдисни саҳиҳ деган.
[17] «Найлул автор» (1/184).
[18] Муслим (246, тўлалигича) ва Бухорий (136, мухтасар) ривоят қилишган.
[19] Муд – ўртача гавдали эркак кишининг бир ҳовучига тенг келадиган ўлчов бирлиги.
[20] Санади саҳиҳ: Ибн Ҳиббон (1082, 1083), Ибн Хузайма (118), Байҳақий (1/196) ривояти.
[21] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (3/107).
[22] Санади саҳиҳ: Абу Довуд (96), Аҳмад (4/86), Ибн Ҳиббон (6763) ривояти.

Изоҳ қолдиринг