Умавийлар давлати: Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши ва саҳобаларнинг бунга муносабатлари (2)

0

Воқеа-ҳодисалар тезлашиб кетди, қўзғолончилар Усмонга ҳужум қилиб, уни ўлдирдилар. Бу пайт кўпчилик саҳобалар масжидда эдилар. Усмоннинг қатл этилгани хабари етгач, улар хафаликдан эс-ҳушларини йўқотаёздилар. Али ўғиллари ва жиянларига: “Сизлар эшик олдида бўла туриб, Усмоннинг ўлдирилишига қандай йўл қўйдинглар?!”, деб, ғазаб билан Ҳасанга тарсаки тортиб юборди, ҳолбуки у яраланганди. Али Ҳусайннинг ҳам кўкрагига мушт туширди, Зубайрнинг ва Талҳанинг ўғилларини сўкиб уришди, сўнг ғазабнок ҳолда уйига чиқиб кетди.

Кейинроқ Басрадаги бир хутбасида Али розияллоҳу анҳу: “Билиб қўйинглар, одамлар Усмонни мен ўлдирганимни айтишмоқда. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, мен уни ўлдирмадим ва ўлдиришга ёрдам ҳам бермадим”, деганди[1].

Али розияллоҳу анҳунинг ушбу фитнага нисбатан мавқеи насиҳат, маслаҳатлашув, қулоқ солиш ва итоат қилиш, фитна асносида Усмон розияллоҳу анҳунинг ёнида маҳкам туришдан иборат бўлди. У Усмонни энг қаттиқ мудофаа қилувчи инсонлардан бўлди, уни ҳеч қачон ёмонламади, ҳолатни ислоҳ қилишга ва халифа билан унга қарши чиққанлар ўртасидаги жарликни йўқотишга уринди, фитнани бартараф этиш учун қўлидан келган ишни қилди. Лекин Аллоҳнинг иродаси экан, амирулмўъминин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қўзғолончилар қўлида шаҳидликка эришди[2].

Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишидан қаттиқ норози бўлди, унинг қони тўкилишига заррача иштироки бўлмади. Хутбаларида ўзининг уни ўлдирмаганини ва ўлдиришга асло буйруқ бермаганини, бу ишга ёрдам бермаганини ва бунга рози бўлмаганини қасам ичиб таъкидлади[3]. Бу эса Усмоннинг ўлдирилишига Али рози бўлди, дейдиган шиа рофизаларнинг даъвосига хилоф ўлароқ,  ундан қатъий ишончли йўллар билан собит бўлган[4].

Имом Ҳоким унинг ўлдирилиши ҳақидаги баъзи хабарларни зикр этгач, шундай дейди: “Бидъатчиларнинг амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу бунга ёрдам бергани ҳақидаги гаплари ёлғон ва бўҳтондир, унинг зиддини таъкидловчи кўпдан-кўп хабарлар келган[5].

Ибн Таймия айтади: “Бу гапларнинг ҳаммаси Али розияллоҳу анҳуга нисбатан бўҳтон ва уйдирмалардир. Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг қони тўкилишига шерик бўлмади, қатлига буюрмади ва бу ишдан рози бўлмади. Бу ҳақда унинг ўзидан ривоятлар келган, унинг ростгўйлигига шак-шубҳа йўқдир”[6].

Али розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳ, мен Сенга Усмоннинг қонидан поклигимни эълон қиламан”, деб айтган[7].

Айрим тарих китобларида саҳобаларнинг Усмон розияллоҳу анҳунинг қатл этилиши борасидаги муносабатлари булғаб кўрсатилади. Бунга эса кўпгина тарихчилар ва фитна ҳақида сўз юритганлар зикр қилган заиф ва тўқима ривоятлар сабабчидир. Буни “Тарихи Табарий”да ва бошқа тарих китобларида келган Абу Михнаф, Воқидий, Ибн Аъсам ва бошқаларнинг ривоятларида учратиш мумкинки, уларда саҳиҳ тарихга нисбатан адоватли қарашлар ва саҳобаларни ушбу тил бириктирувни ҳаракатга келтирганлар ва фитнани қўзғатганлар қилиб кўрсатишга уринишлар кўринади.

Шиа қарашларга эга Абу Михнаф уялмасдан Усмонни кўплаб камчиликларга йўл қўйганини ва унинг ўзи шундай оқибатга лойиқ бўлганини айтиб айблайди, Талҳани Усмонга қарши чиққан ва оммани унга қарши гиж-гижлаган қўзғолончилардан қилиб кўрсатади. Воқидийнинг ривоятлари ҳам Абу Михнаф ривоятларидан кўп фарқ қилмайди. Саҳобаларни Усмон розияллоҳу анҳуга қарши тил бириктирувда айблайдиган ва уларни фитнани ҳаракатга келтирганлар деб сифатлайдиган шиа ривоятлари кўп бўлиб, буларнинг бари ёлғон ва туҳматдан бошқа нарса эмас[8]. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, заиф ва тўқима ривоятлар қаршисида муҳаддисларнинг китобларида саҳиҳ ривоятлар сақланиб қолган, уларда саҳобаларнинг Усмонни ҳимоя қилган, унинг қатлидан покликларини эълон қилган ва унинг қотилларидан қасос олинишини талаб қилган кишилар бўлгани айтилган.

Барча саҳобалар Усмон розияллоҳу анҳунинг қонидан пок эдилар. Ким бунинг зиддини айтса, унинг гапи ботил ҳамда саҳиҳлик даражасига етиб бормайдиган далилсиз гап бўлиб чиқади.

Халифа ибн Хайёт ўзининг “Тарих” китобида келтиришича, Абдулаъло Ибн Ҳайсамдан, у отасидан шундай ривоят қилади: “Мен Ҳасан Басрийдан: “Усмонни ўлдирганлар ичида муҳожир ва ансорлардан бирор киши бормиди?”, деб сўрадим. У деди: “Йўқ, улар Миср аҳлидан бўлган тўполончи кимсалар эди”[9].

Имом Нававий айтади: Унинг қатлида саҳобалардан бирон киши қатнашмади, балки уни пасткаш ва тубан қабилалардан бўлган ғавғочи ва тўполончи кимсалар ўлдирдилар. Улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, Мисрдан келдилар, Мадинада бўлган саҳобалар уларни даф қилишга ожизлик қилдилар. Ўшалар келиб, Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдирдилар[10]. Зубайр розияллоҳу анҳу уларни атрофдан келган ғавғочилар деб таърифлаган. Ойша розияллоҳу анҳо уларни қабилаларнинг жанжалкашлари деб номлаган[11]. Ибн Таймия уларни бузғунчи, адашган хаворижлар, тажовузкор боғийлар деб сифатлаган[12]. Заҳабий уларни ёмонликлар ва жавру зулмнинг бошлари деб атаган[13].

Ўша кимсаларнинг халифани қамалга олишдан тортиб зулм билан қатл қилгунларигача қилган ишлари уларнинг ҳақиқатан мазкур сифатларга лойиқликларига шоҳидлик беради. Йўқса, қандай қилиб Усмон розияллоҳу анҳудек зотни сув ва таомдан ман қилиш мумкин?! Ахир у ўзининг шахсий молидан мусулмонларнинг ташналигини қондирадиган қудуқни сотиб олиб, сувини садақа қилган, очарчилик пайтларида одамларга карвон-карвон дон-дунларни эҳсон қилган қўли очиқ ва саховатли инсон эди. Али розияллоҳу анҳу Усмонни қамал қилиб турган кимсаларнинг бу қилмишларини қоралаб, шундай деган эди: “Эй одамлар, сизлар қилаётган бу иш мўминларнинг ишига ҳам, кофирларнинг ишига ҳам тўғри келмайди. Сизлар бу кишидан сув ва егуликни ман қилманглар. Зеро, Рум ва Форс ҳам асирларини егулик ва ичимликдан ман қилмайди[14].

Дарҳақиқат, саҳобалар инсонларни Усмонга қарши тезламагани ҳақида саҳиҳ хабарлар келган, тарихий ҳодисалар ҳам буни таъкидлайди[15].

Ҳодиса ҳақида батафсилроқ маълумот олишни истаган кишилар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳақида бериб борилаётган мақолаларимизга мурожаат қилишлари мумкин.

[1] Ибн Асокир (39/453).
[2] Абдулҳамид Али, “Хилофату Али ибн Абу Толиб” (87-бет).
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/202).
[4] “Ал-ақида фий аҳлил байт байнал ифрот ват-тафрит” (129-бет).
[5] Ҳоким, “Мустадрак” (3/103).
[6] “Минҳожус сунна” (4/406).
[7] “Ал-ақида фий аҳлил байт байнал ифрот ват-тафрит” (229-бет). “Табақот” (3/3), санади ҳасан.
[8] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба” (20/14-18).
[9] “Тарих” (176), 318-ҳадис.
[10] “Шаҳидуд дор Усмон ибн Аффон” (148-бет).
[11] “Шарҳ Нававий ала Саҳиҳи Муслим” (15/148).
[12] “Минҳожус сунна” (2/189-206).
[13] Заҳабий, “Дувалул ислом” (1/12).
[14] “Тарихи Табарий” (5/400).
[15] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба” (2/8).

Изоҳ қолдиринг