Абу Бакр розияллоҳу анҳу: исми, насаби, куня ва лақаби

0

Исми Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб Қураший Таймий. Насаби олтинчи бобоси Мурра ибн Каъбда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади. Куняси Абу Бакр. Бакр ёш туя дегани. Лекин араблар Бакр деб исм қўйишади ва катта бир қабиланинг отасининг исми ҳам Бакр эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бир қанча лақаблари бор бўлиб, барчаси унинг обрў-эътиборли эканига далолат қилади. Жумладан:

  1. Атиқ (Озод):

Абу Бакрга бу лақабни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйганлар, унга: “Сен Атиқуллоҳсан (Аллоҳ сени дўзахдан озод қилган)” – деганлар. Шундан кейин Атиқ (Озод) лақабини олган. Ойша онамиз шундай ривоят қиладилар: “Бир куни Абу Бакр расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирди. Шунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Хурсанд бўлгин, сен Атиқуллоҳсан” – дедилар. Шундан кейин Атиқ деган ном олди”. Тарихчилар Абу Бакр нимага бу лақабни олгани ҳақида бир қанча сабабларни айтишган: юзи чиройли бўлгани учун Атиқ (Истарали) дейилган, эзгу ишларда ҳаммадан ўзгани учун Атиқ (Ўзган) дейилган деган гаплар ҳам бор. Яна бошқа фикрга кўра, Абу Бакрнинг онаси туққан болалар яшамасдан вафот этаверган. Абу Бакрни туққанидан кейин уни каъбага қаратиб: “Аллоҳим! Буни сен ўлимдан озод қилгансан! Уни менга совға қил! ” – деган. Бу сўзлар орасини мувофиқлаштириш мумкин. Чунки Абу Бакр розияллоҳу анҳу истарали, насабдор, эзгуликда ҳаммадан ўзган ва пайғамбаримизнинг унга берган башорати билан Аллоҳ уни дўзахдан озод қилган киши эди.

  1. Сиддиқ (Ўта ростгўй, ўта ишонувчи):

Абу Бакрга бу лақабни ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйганлар. Анас розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Пайғамбаримиз,   Абу Бакр, Умар ва Усмон биргаликда Уҳуд тоғига чиқдилар. Шунда Уҳуд қимирлаган эди, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Жим тур эй Уҳуд! Сенинг устингда пайғамбар, Сиддиқ ҳамда икки шаҳид ўтирибди” – дедилар.

Пайғамбаримизни ҳар доим тасдиқлагани учун ҳам Сиддиқ номини олган. Бу ҳақда Ойша онамиз ривоят қилиб шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди Ақсога сайр қилдирилганларида ҳамма шу гапни гапира бошлади. Расулуллоҳга иймон келтириб, тасдиқлаган баъзи кимсалар муртад бўлиб кетишди. Баъзи одамлар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб:

– Дўстинг ҳақида энди нима дейсан?! У бир кечада Байтулмақдисга бориб келдим демоқда.

– Шунақа дедими?

– Ҳа.

– Агар айтган бўлса, тўғри айтибди.

– Бир кечада Байтулмақдисга бориб, тонг отишидан олдин қайтиб келганини ҳам тасдиқлайсанми?!

– Ҳа, мен ундандан ҳам қийинини тасдиқлайман. Мен у кишига эртаю кеч осмондан ваҳий келишини тасдиқлайманку, ахир.

Шундан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Сиддиқ номини олди.

Бутун уммат Абу Бакр розияллоҳу анҳуни Сиддиқ деб номлашга иттифоқ қилишган. Чунки у биринчилардан бўлиб расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлаган ва доим рост гапирган ва у тарафидан ҳеч ҳам ножўя ишлар содир бўлмаган.

  1. Соҳиб (Ҳамроҳ):

Уни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шу лақаб билан атаган:

Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: “Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир”, дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир” (Тавба 40) .

Уламолар бу оятдаги “ҳамроҳ”дан мурод Абу Бакр розияллоҳу анҳу эканига иттифоқ қилишган. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга шундай деб айтиб берган: “Мен пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғорда беркиниб турганимизда: “Агар уларнинг бирортаси оёғининг остига эгилиб қараса, бизни кўрадику” – дедим. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Бакр! Нима деб ўйлайсан, учинчиси Аллоҳ бўлган икки кишининг ҳоли не кечаркан?” – дедилар”.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: ““Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: “Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир”, дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди” оятидаги “ҳамроҳ” сўзидан Абу Бакр розияллоҳу анҳу назарда тутилганлида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғорда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлгани тўғрисида жуда ҳам кўп ва машҳур ҳадислар бор. Бундай мақтовга сазовор ишга Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким эриша олмаган.

  1. Атқо (Тақводор):

Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бу лақабни ҳам Аллоҳ таоло қуйидаги оятда қўйган:

Тақводор эса у(дўзах)дан йироқ қилинур” (Лайл 17).

Бу оятнинг шарҳи Абу Бакр розияллоҳу анҳу озод қилган, Аллоҳ йўлида азобланганлар ҳақидаги мавзуда келади.

  1. Аввоҳ (Раҳмдил):

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Аввоҳ деган лақаби ҳам бўлиб, бу лақаб Аллоҳдан қўрқишга далолат қилади. Иброҳин Нахаий: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу меҳрибон ва раҳмдил бўлгани учун Аввоҳ дейилар эди” – деган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг