Умар розияллоҳу анҳу: Оила аъзоларига муносабати

0

Усома ибн Зайдни ўз ўғли Абдуллоҳдан афзал кўргани

Умар розияллоҳу анҳу одамларга молларни тақсимлаётганида уларнинг исломдаги пешқадамликларига ва насабларига қараб бирларини бошқаларидан афзал ўринга қўярди. Бир сафар у Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумога тўрт минг дирҳам улуш ажратди, ўғли Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога эса уч минг дирҳам ажратди. Абдуллоҳ ҳайрон бўлиб: “Отажон, Усомага тўрт минг, менга эса уч минг бердингиз. Усоманинг отаси сиздан афзал эмас эди, ўзи ҳам мендан афзал эмас”, деди. Умар: “Унинг отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сенинг отангдан кўра маҳбуброқ эди, ўзи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сендан кўра маҳбуброқ эди”, деди[1].

Бир ой нафақа олдинг, етади

Осим ибн Умар айтади: Отам Умар менга одам юбордилар. Борсам, масжидда ўтирган эканлар. Аввал Аллоҳга ҳамду сано айтиб, кейин менга шундай дедилар: “Аммо  баъд, сенга бир ой байтулмолдан нафақа бердим. Энди ортиқ беролмайман. Сенга Олиядаги боғ мевасини ҳадя қилдим. Ўшани пул қилиб, қавмингдаги савдогарлардан бирортасига шерик бўлиб, тижорат қил, сўнг ўзингга ва оилангга шундан сарфла”, дедилар. Мен шундай қилдим[2].

Эй Муайқиб, ол, буни байтулмолга қўй

Муайқиб айтади: Умар розияллоҳу анҳу чошгоҳ пайти мени чорлади. Келсам, уйда ўғли Осимни тергаётган экан. Менга деди: “Биласанми, бу нима қилибди? Ироққа бориб, ўзини амирулмўъмининнинг ўғли эканини айтиб, улардан пул сўрабди. Улар бунга қимматбаҳо идишлар, кумушлар, мато ва нақшинкор қилич беришибди”. Осим: “Ундай қилмадим, қавмимдан бўлган кишилар ҳузурига борган эдим, улар шу нарсаларни менга ҳадя қилишди”, деди. Умар: “Эй Муайқиб, ол буларни, байтулмолга қўй”, деди[3].

Умарнинг аёли Отика ва мушки анбар

Умар розияллоҳу анҳуга Баҳрайндан мушки анбар келди. Умар: “Қани энди ўлчов ва тарозига уста бир аёл бўлса-ю, шу хушбўйликни бир хилда бўлиб чиқса, мен уни мусулмонларга тарқатиб берардим”, деган эди, аёли Отика бинти Зайд ибн Амр ибн Нуфайл: “Тарозини келтиринг, мен ўзим яхшилаб ўлчаб бераман”, деди. “Йўқ, бўлмайди”, деди Умар. “Нега?”, сўради аёли. “Мен сенинг ундан олиб икки чаккангга ва бўйинларингга суртишингдан, шу билан мен бошқа мусулмонлардан ортиқча нарса олган бўлиб қолишимдан қўрқаман”, деб жавоб берди[4].

Аёлига берилган ҳадяни рад этгани

Ибн Умар айтади: Абу Мусо Ашъарий Умарнинг аёли Отика бинти Зайдга узунлиги бир газдан сал ошиқ гиламча ҳадя қилди. Умар уни кўриб: “Сенга бу қаердан келди?”, деб сўраган эди: “Абу Мусо Ашъарий ҳадя қилди”, деди. Умар гиламчани олиб, у билан хотинининг бошига туширди. Сўнг: “Менга Абу Мусони топиб келинглар”, деди. Абу Мусони оёғини ерга теккизмай етказиб келишди. Умар: “Нега менинг хотинларимга ҳадя берасан?!”, деб гиламча билан унинг бошига урди. Сўнг: “Ол бунингни, унинг бизга кераги йўқ”, деди[5].

Урчуғингни йигир

Умар розияллоҳу анҳу хотинларини давлат бошқаруви ишларига аралашишдан ман қилган эди. Бир куни у ҳокимларидан бирига мактуб ёзаётганида аёли унга: “Эй амирулмўъминин, сиз нега ундан бунча жаҳлингиз чиқяпти?”, деб сўраганида: “Эй Аллоҳнинг душмани, бор, урчуғингни йигир, ўзингга тегишли бўлмаган ишларга аралашма”, деб уришиб берди[6].

Рум маликаси Умарнинг аёли Умму Гулсумга юборган ҳадя

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Қустантинияга, Рум императори Ҳирақлга икки давлат ишларига алоқали бир ишда элчилар юборганида Умарнинг хотини Умму Гулсум бинти Али ибн Абу Толиб элчилар орқали Рум маликасига кумуш идиш, хушбўйлик ва шунга ўхшаган аёлларга хос баъзи нарсаларни ҳадя қилиб юборди. Умму Гулсумнинг ҳадяси Рум маликасига етиб боргач, у хурсанд бўлиб, киборларнинг хотинларини йиғиб, уларга ўша ҳадялардан берди. Сўнг уларга: “Буни менга араблар пайғамбарининг қизи ва амирларининг аёли юборибди. Нима маслаҳат берасизлар, мен унга қандай ҳадя юборсам экан?”, деди. Улар унга қимматбаҳо совғалар юборишни маслаҳат беришди. Шундан сўнг у кўп ҳадялар қаторида қимматбаҳо бир тақинчоқ ҳам юборди. Элчилар Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига қайтишгач, маликанинг ҳадяларини ҳам топширишди. Умар одамларни масжидга чорлаб, уларга: “Ўзаро маслаҳатсиз қилинган ҳеч бир ишда яхшилик бўлмайди. Умму Гулсум Рум маликасига юборган ҳадя ва малика унга юборган ҳадялар ҳақида нима дейсизлар?”, деди. Улар: “Ҳа, энди ҳадя ўрнига ҳадя келибди, бунинг бирор зарари бўлмаса керак”, деган мазмунда гапиришди. Умар: “Лекин элчи мусулмонларнинг элчиси, чопар (почта) мусулмонларнинг умумий чопари”, деди. Сўнг тақинчоқни байтулмолга юборди, Умму Гулсумга эса юборган ҳадяси миқдорича нарсани бердирди[7].

Умму Сулайт унга ҳақлироқ

Саълаба ибн Абу Молик айтади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадина аёлларига устки кийим тарқатди ва охирида олдида бир дона кийим қолди. Ҳузуридагилар унга: “Эй амирулмўъминин, буни уйингиздаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига – яъни Умму Гулсум бинти Алига – беринг”, дедилар. Умар: “Йўқ, бунга Умму Сулайт ҳақлироқ, у Уҳуд куни бизга мешда сув ташиган эди”, деди. Умму Сулайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берган ансорий аёллардан эди[8].

Отангни алдаб, хеш-ақраболарингга яхшилик қилмоқчисан

Умар розияллоҳу анҳуга моллар келтирилганида уммулмўминин Ҳафса розияллоҳу анҳо келиб: “Эй амирулмўъминин, бу молдан хеш-ақраболарингиз ҳаққини сўраб келдим, Аллоҳ таоло бу молдан қариндошларга ҳам беришни буюрган”, деди. Шунда Умар: “Эй қизим, қариндошларимнинг ҳақи ўзимнинг молимда, бу эса мусулмонларнинг моли. Сен отангни алдаб, хеш-ақраболарингга яхшилик қилмоқчи бўляпсан. Жўна бу ердан”, деди[9].

Аллоҳга хиёнаткор подшоҳ сифатида йўлиқишимни истадинг

Қариндошларидан бири Умар ҳузурига келиб, байтулмолдан нафақа беришини сўради. Умар уни жеркиб ташлади ва: “Сен мени Аллоҳга хиёнаткор подшоҳ сифатида йўлиқишимни истаяпсан”, деди. Кейинроқ уни чақириб, ўз молидан ўн минг дирҳам берди[10].

[1] “Фароидул калом лил-хулафоил киром” (113)-бет.
[2] “Табақот” (3/277), санади саҳиҳ. “Маҳзус савоб” (2/491).
[3] “Асрул хилофатир рошида” (236-бет).
[4] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (11-бет).
[5] “Аш-шайхони Абу Бакр ва Умар мин ривоятил Балозарий” (260-бет).
[6] “Ахбору Умар” (293).
[7] “Тарихи Табарий” (4/260).
[8] “Фатҳул Борий” (7/424).
[9] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (17-бет).
[10] Заҳабий, “Тарихул ислом” (271-бет).

Изоҳ қолдиринг