Муфассирлар: Мужоҳид ибн Жубайр

0

Исми

Мужоҳид ибн Жубайр – Жабр деган ривоят ҳам бор – Абу Ҳажжож Маккий. У қори Абдуллоҳ ибн Соибнинг мавлоси эди. Муҳаммад ибн Иcҳоқ: “Мужоҳид Бану Махзум қабиласининг мавлоси бўлган” – деган. Мужоҳид Кўфада яшаган.

Хулқ-атвори

Мужоҳид тақводор, Аллоҳ таолодан қўрқар, фақат охират куни учун амал қилар эди. У катта олимлардан бири, тафсир борасида замонасининг энг олими эди. Заҳабий у ҳақида: “Мужоҳид қори ва муфассирларнинг шайхи эди” – деган.

Мужоҳид Қуръон ўқиб роҳатланар, сафар ва саёҳатни севар эди. У Сулаймон ибн Абдулмалик, Умар ибн Абдулазизларнинг олдига борган эди. Умар ибн Абдулазизнинг ўлимига ҳам шоҳид бўлган. Унинг сафарни яхши кўриши Аллоҳ таолонинг: “Агар намоз адо қилиб бўлниса, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар” (Жума 10) сўзининг қабилида эди.

Устоз ва шогирдлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёнида юриб, у кишидан таълим олди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга Қуръонни тадаббур билан бошидан охиригача ўқиб берган. Ривоят қилинишича Мужоҳид: “Мен Ибн Аббосга уч марта Қуръонни ҳар бир оятида тўхталиб, нима тўғрисида ва қандай нозил бўлганини сўраб, бошидан охиригача ўқиб берганман” – деган. У Ибн Умар ва Али розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис эшитган.

Мужоҳид Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Саид ва Рофеъ ибн Хадиж каби етук ва олим саҳобалардан таълим олган ва ундан жуда ҳам кўп тобеинлар ҳадис ривоят қилишган.

Мужоҳиддан Икрима, Товус ва яна бошқа бир қанча шериклари, Қатода, Мансур, Аъмаш, Амр ибн Динор, Айюб Сухтиёний, Ибн Авн, Умар ибн Зар, Абдуллоҳ ибн Абу Нажиҳ, Маъруф ибн Мишкон ва бошқалар ривоят қилишган.

Мужоҳиднинг сўзларидан

“Нафсини улуғлаб, уни азизлаган динини хорлайди. Нафсини хорлаган эса динини азизлайди. ”

Шуъба Ҳакамдан, у эса Мужоҳиддан ривоят қилиб шундай дейди: “Мужоҳид мендан сўради:

–          Эй Абу Ғозий! Нуҳ алайҳиссалом қанча яшаган?

–          Тўққиз юз эллик йил.

–          Инсонларнинг умрлари ҳам, жасадлари ҳам, хулқлари ҳам пасайиб бормоқда.

“Олимлар кетиб, таълим олувчилар қолди. Бизнинг ичимиздаги мужтаҳид олим олдигиларнинг олдида оддий бир ўйинқаро каби бўлиб қолади.”

“Мусулмон киши ҳаёси уни гуноҳ қилишдан тўсиб тургани учун бўлса ҳам, биродарига зарар бермаса савоб бўлади.”

“Илми оз бўлса ҳам Аллоҳдан қўрққан одам ҳақиқий фақиҳ бўлади. илми кўп бўлса ҳам Аллоҳга осий бўладиган одам ҳақиқий жоҳилдир.”

“Агар банда қалбини Аллоҳга боғласа, Аллоҳ барча мўминларнинг қалбини унга мойил қилиб қўяди.”

“Аллоҳ таоло банда солиҳ бўлгани учун унинг фарзандлари ва набираларини ҳам солиҳ қилиб қўяди.”

Китоблари

Мужоҳид Қуръонга тафсир ёзган. У мужтаҳид олим бўлган. Ақлга эрк бериб, оятларни зоҳиридан бошқача тафсир ҳам қилган. Масалан, яҳудийларнинг бир қисмини маймунга айлантирилганини қалбларнинг ўзгариши, деб тафсир қилган. Бироқ кейинчалик бундай тафсирни танқид қилган. Имом Шофеий ва имом Бухорийлар тафсирда Мужоҳиднинг фикрларига таянишган.

Тафсирларидан

Мужоҳиддан ривоят қилинишича, яҳудийлар Исо алайҳиссаломнинг шаклига киритилган кишини Исо деб ўйлаб, уни хожга осдилар. Аксар насронийлар ҳам буни билмаганликлари учун ишондилар. Шундан кейин яҳудийлар уларни қатл қилиб, уриб, қамаб, улар устидан ҳукмронлик қила бошладилар. Бу хабар ўша вақтлардаги Дамашқ подшоҳи бўлган Рум бошлиғига етди. Унга: “Бир одам чиқиб. Ўзини пайғамбар деб танитди. У ўликларни тирилтирар, кўр ва песларни даволар ва яна бир қанча ғароиб ишларни қилар эди. Яҳудийлар шу одамни ўлдириб, унинг издошларини хорлаб, уларни қамаб, улар устидан ҳукмронлик қилмоқдалар” – деб айтилди. Шунда у одам юбориб, Исо алайҳиссаломнинг издошларини олиб келди. Уларнинг ичида Яҳё ибн Закарийё, Шамъун ва бошқалар ҳам бор эди. Улардан Исо алайҳиссалом ҳақида сўради. Улар гапириб берганларидан кейин Рум подшоҳи уларга байъат қилди ва уларни яҳудийлардан устун қилиб, ҳақни тарқатди. Шундан кейин насронийлар яҳудийлардан устун бўлдилар. Рум подшоҳи одам юбориб, хожга осилган одамни хождан олдириб қўйди ва хожни олиб келтириб, хожни қаттиқ улуғлади.

Мужоҳиднинг илм ва тафсир борасида баъзи бир ғароиб ва инкор қилинадиган гаплари ҳам бор. Масалан, Бобил шаҳрига бориб, у ернинг волийсидан Ҳорут ва Морутни кўрсатишини сўради. Бу ҳақда ҳикоя қилиб шундай дейди: “Мен билан бирга бир яҳудий юборилди. Биз бир қудуқнинг олдига келдик. У қудуқни очиб қарасак, Ҳорут ва Морут тескари осилган турган экан. Шунда мен: “Сизларни яратган зотга иймон келтирдим” – деган эдим, иккаласи ҳам титрашди ва биз хушимиздан кетдик. Озроқдан кейин ўзизмизга келган эдик, ҳалиги яҳудий мени маломатлаб: “Оз қолди, иккимизни ҳам ўлдираёздинг” – деди”.

Абу Бакр ибн Айёш шундай дейди: “Мен Аъмашдан: “Нимага баъзилар Мужоҳиднинг тафсирини олишмайди” – деб сўрасам, у: “Улар Мужоҳид аҳли китоблардан сўраган, деб ўйлашади” – деб жавоб берди.

Уламоларнинг фикрлари

“У тобеин ва муфассирларнинг имомларидан бири, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг энг яқин шогирдларидан эди. Замонасида тафсир борасидаги энг етук олим эди. Ҳатто Мужоҳид билан Товусдан бошқа ҳеч ким Аллоҳ учун илм олмаган, дейилган. Мужоҳид айтади: “Ибн Умар туямнинг узангисидан ушлаб: “Ўғлим Солим ва қулим Нофеълар сендек ёдлашларини умид қиламан” – деди”. Ривоят қилинишича, у Қуръонни ўттиз марта ўқиб берган экан. Бошқа бир ривоятда икки марта ҳар бир оятга тўхталиб, у ҳақда сўраб, ўқиб берган дейилган” (Ибн Касир).

“Агар сен бирор оятнинг тафсирини Мужоҳиддан эшитсанг, шунинг ўзи етарли” (Суфён Саврий).

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бундай имтиёзли шогирдига ҳавас қилиб: “Нофеъ сендек ёдлашини умид қиламан” – деган. Нофеъ Ибн Умарнинг мавлоси ва энг кўзга кўринган шогордларидан эди.

“Абу Ҳажжож Маккий қироат ва тафсир олими, етук уламолардан бири” (Заҳабий).

“Тафсирни тўрт кишидан: Мужоҳид, Саид ибн Жубайр, Икрима ва Заҳҳоклардан олинглар” (Суфён Саврий).

“Уларнинг ичида тафсир соҳасида энг олими Мужоҳид эди” (Хосиф ибн Абдураҳмон).

“Қолган олимларнинг тафсирда энг олими Мужоҳиддир” (Қатода).

“Агар Мужоҳид гапирса, худди оғзидан дур чиққандек бўлар эди” (Аъмаш).

“Мен Мужоҳиддан дарс олиб: “Мужоҳиддан эшитдим” – дейиш учун бор-будимни берган бўлардим” (Ибн Журайж).

Ибн Маин ва бошқа олимлар: “Мужоҳид сиқа (ҳадиси қабул қилинади, ишончли)” – дейишган.

“Ато, Мужоҳид ва Товус уччаласидан бошқа фақат Аллоҳ учун илм олган кишини кўрмадим” (Ибн Куҳайл).

“Ҳалол ва ҳаром борасидаги энг олим – Зуҳрий, Қуръон борасида эса Мужоҳиддир” (Қатода).

Вафоти

Қайси йили вафот этганида хилоф бор. Ибн Касир: “Мужоҳид Кўфада сажда қилган ҳолида ҳижрий юзинчи йилда саксон ёшида вафот этган. 101, 102, 103 йилда деган фикрлар ҳам бор. Ҳатто 108 йилгача айтилган” – деган.

“Кашфи Зунун” китобида 104 йилда вафот этган дейилган.

“Ибар” китобида айтилишича, 103 йил саксон неччидир ёшида вафот этган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг