Фарзандини ташлаб кетган отага салом бериладими?

0

Савол:

Ота-онам гўдаклик чоғимда ажрашиб кетганлар. Кейин отам бошқага уйланган. Фарзанд кўришмагани сабабли уларнинг турмуши бузилган ва отам яна онам билан ярашган. Ўша вақтда мен ўн тўрт ёшда эдим. Шундан сўнг онам яна бир фарзанд кўрди. Кейин отам яна бизни ташлаб кетди. Мен: “Сиз менга кераксиз”, деганимда: “Бор, менга бола керак эмас, мени жиянларим боқиб олади”, деганди. Шу тариқа отам иккинчи хотини билан яшай бошлади ва жиянини ўзига фарзанд қилиб олди. Мен бундан хафа бўлиб, отам билан кўча-кўйда сўрашмай қўйдим. Ҳатто у қўл чўзса ҳам, мен қўл узатмайман. Онам ҳам: “Болам, сўрашма, сўрашсанг сендақа болам йўқ”, дейди. Шу ишим билан отамга оқ бўламанми? Ахир, отам бизга на уй-жой қилиб берган ва на меҳр бериб улғайтирган?!

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Динимизда ота-онанинг ҳаққига ниҳоятда эътибор қаратилган. Ҳатто Қуръони каримда бир неча ўринларда ота-онанинг ҳаққи Аллоҳнинг ҳаққи билан ёнма-ён зикр қилинган. Аллоҳ таолонинг ҳаққи ёлғиз Унга ибодат қилиш бўлса, ота-онанинг ҳаққи уларга яхши муносаобатда бўлиб, розиликларини олишдир. Бу ҳақда Парвардигори олам шундай марҳамат қилади: “Раббингиз Ундан бошқага ибодат қилмаслигингизни ва ота-онага яхши муомала қилишингизни буюрди” (Исро: 23). Шунингдек, Аллоҳ таоло: “Менга ва ота-онангга шукр қил” (Луқмон: 14), дея ота-онани қадрлашни Ўзига шукр қилиш билан ёнма-ён келтирган. Бу эса ота-онанинг қадри қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатиб беради.

Отангиз вақтида шундай оғир гапларни гапирган ва сизларни қаровсиз қолдирган бўлса-да, бу уни оталик ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Модомики у ҳозир сиз билан алоқа қилишни истар экан, у билан алоқани тиклаб, розилигини олишингиз шарт. Акс ҳолда, силаи раҳмни узган ва отангизга оқ бўлган ҳисобланасиз. Маълумки, ота-онасига оқ бўлган кимса жаннатга кирмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онасига оқ бўлган киши жаннатга кирмайди”, деганлар (Табароний “Авсат”да (2443) ва “Кабир”да (13180) ривоят қилган ҳадиснинг бир қисми). Шуни унутманг, ота кофир бўлган тақдирда ҳам, фарзанд унга гуноҳ бўлмаган ишларда итоат қилиши талаб қилинади.

Онангизнинг ҳам ҳаққини адо этишингиз керак. Бироқ онангиз сизни шариат ҳаром қилган ишга буюрса, унга итоат қилишингиз мумкин эмас ва бу итоатсизлигингиз учун онангиз сизни оқ қилса, норози бўлса, норозилиги инобатга олинмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга осий бўладиган ишда ҳеч кимга итоат қилинмайди. Фақат дуруст ишларда итоат этилади” деганлар (Бухорий (6830) ва Муслим (1840) ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Аллоҳга осий бўладиган ишда бандага итоат қилинмайди”, деганлар (Аҳмад (1098) ривояти), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг