“Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират…” ҳадиси саҳиҳми?

0

Савол:

Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш ойи экани ҳақидаги ҳадис саҳиҳми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлишдир”, деганлари ҳақидаги ҳадис санади жиҳатдан ўта заиф. Мазкур ҳадисни Уқайлий “Зуафо”да (172), Ибн Адий (1\165), Хатиб “Мувзиҳ”да (2\77), Дайламий (1\1\10-11) ҳамда Ибн Асокирлар (8\506\1) Саллом ибн Саввордан, у Маслама ибн Салтдан, у Зуҳрийдан, Зуҳрий эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Уқайлий: “Ушбу ҳадисни Зуҳрий нақл қилган,дейиш асоссиздир”, деган. Ибн Адий: “Саллом – мени назаримда ҳадиси мункар, Маслама эса нотаниш ровий”, деган. Заҳабий ҳам худди шундай деган. Абу Ҳотим “Мезон”да Масламани матруукул ҳадис, яъни ҳадиси олинмайдиган киши деган  (“Силсилаи заийфа” (4\70)).

Қолаверса, ушбу ҳадис маъно жиҳатдан Термизий (682) ва Ибн Можа (1642) ривоят қилган қуйидаги саҳиҳ ҳадисга зиддир. У ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Рамазон ойининг биринчи кечаси келса, шайтонлар ва ҳаддидан ошган жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, бирорта ҳам эшиги очиқ қолмайди. Жаннат эшиклари очилади, бирорта эшиги ҳам ёпиқ қолмайди. Бир фаришта: “Эй эзгулик истагидагилар, тоат-ибодатга ҳаракат қилинглар! Эй ёмонлик истагидагилар, гуноҳлардан тийилинглар!”, дея жар солади. Аллоҳ таоло бир қанча инсонларни дўзахдан озод қилади ва бу ҳар кеча такрорланади”. Шунинг учун уламолар рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш ойи экани ҳақидаги ҳадисни мункар деб айтишган. Бинобарин, унинг нотўғри эканини ёритмасдан одамлар ўртасида ҳадис деб тарқатиб бўлмайди, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг