Жинсий қувватни оширадиган дори истеъмол қилиш жоизми?

0

Савол:

Жинсий қувватни оширадиган воситаларни истеъмол қилса бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Жинсий қувватни оширадиган воситалар икки турга бўлинади:

1) Егулик ва ўсимликлар каби табиий воситалар. Бундай воситалар инсон танаси учун зарарли бўлмас экан, уларни истеъмол қилиш жоиз. Акс ҳолда, улардан сақланиш керак бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зарарланиш ҳам, зарар бериш ҳам мумкин эмас”, деганлар (Ибн Можа (2341) ривояти). Уламолар китобларида баъзи овқатларнинг фойдасини, жумладан, шаҳватни оширишини, жинсий алоқа учун қувват бўлишини айтиб ўтганлари барчамизга маълум. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мана бу ҳинд исириғидан фойдаланинглар. Унда етти хил шифо бор” (Бухорий (5260) ва Муслим (4103) ривояти), деган ҳадисларини шарҳлаш асносида айтган қуйидаги гапи шулар жумласидан. Ҳадисда айтилган ҳинд исириғи ҳинд қисти (костуси)дир. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ҳинд исириғининг фойдалари ҳақида шундай дейди: “У ошқозонни қиздиради, яқинликка иштиёқни орттиради, грим қилинса сепкилни йўқотади”.

Ҳилба (русча пажитник, лотинча Trigonélla), писта, акация ва тарвуз уруғида ҳам худди шундай фойдалар борлиги айтилади. Қўшимча маълумот учун Ибн Муфлиҳнинг “Ал-одобуш шаръийя” китобига (3\7, 2\370, 375) мурожаат қилинсин.

Муҳими инсон бу каби табиий воситаларни истеъмол қилишда исрофга йўл қўймаслиги, доим шаҳватни оширадиган егулик ва ичимликларни қидириб юрадиган даражада бу воситаларга боғланиб қолмаслиги керак.

 2) Жинсий қувватни ошириш учун истеъмол қилинадиган дорилар. Модомики бу каби воситаларнинг таркибида маст қилувчи ичимлик каби ҳаром бўлмаса ва инсон учун зарарли бўлмаса, аслида, уларни ҳам истеъмол қилиш жоиз. Акс ҳолда, юқорида келтирган ҳадисимизга биноан ҳаром бўлади. Маълумки, бу дориларнинг аксари инсон соғлиги учун жуда ҳам зарарли. Ҳатто баъзи ҳолатларда юрак хуружига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун жинсий ожизлиги, касаллиги ёки ёши катталиги сабабли жинсий қувватни оширадиган дориларга муҳтож бўлган инсонлар бирон ишончли дўхтирга мурожаат қилиб, унинг тавсияси билан керакли дориларни олишлари керак. Эҳтиёжи бўлмаганлар эса бу каби дориларни истеъмол қилмасликларини тавсия қиламиз. Негаки, дори айни пайтда жинсий қувватни оширгани билан бора-бора инсонда жинсий яқинликка бўлган табиий иштиёқ мутлақо йўқолишига сабаб бўлади. Араблар айтганидек, дори совунга ўхшайди: у кийимни тоза қилиш билан бирга уни чиритади, валлоҳу аълам.

Фатвони тайёрлашда IslamQA сайтидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг