Даюс ва оқпадар жаннатга кирадими?

0

Савол:

Даюс ва ота-онасига оқ бўлган кимса жаннатга кирмайди, деган гапни эшитганман. Лекин қалбида заррача иймони бор инсон жаннатга киради, деган маънода ҳадис бор. Даюс ва ота-онасига оқ бўлганлар иймонли, яъни мусулмон бўлсалар, жаннатга кирадиларми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!

Имом Муслим (135) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан вафот этса, у жаннатга киради”, деганлар. Шунга кўра, Аллоҳга ширк келтирмаган ва мусулмон ҳолатида бу дунёдан вафот этган ҳар бир киши, гарчи қилган гуноҳларига яраша дўзахда азобланса-да, охир-оқибат жаннатга киради. Бироқ Насоий (2562) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ азза ва жалла қиёмат кунида уч кишига: ота-онасига оқ бўлганга, ўзини эркакка ўхшатган аёлга ҳамда даюсга қарамайди. Уч киши: ота-онасига оқ бўлган фарзанд, маст қилувчи ичимликка ружу қўйган ва берганини миннат қиладиганлар жаннатга кирмайди”, деганлар. Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдаги “жаннатга кирмайди” деган сўзларини икки хил талқин қилганлар:

1) Мазкур ҳадисда ушбу гуноҳларни ҳалол санаган кимсалар назарда тутилган. Маълумки, бир ҳаром ишни ҳалол санаш инсонни диндан чиқаради. Бинобарин, бу гуноҳларни ҳалол санаганлар мутлақо жаннатга кирмайдилар. Чунки улар кофир ҳисобланишади. Кофирлар эса асло жаннатга кирмайдилар.

2) Улар тўғридан-тўғри жаннатга киролмайдилар. Аввал дўзахга кириб, бу қилмишлари учун жазоланиб, сўнг Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила жаннатга кирадилар.

Хулоса шуки, даюс ва ота-онасига оқ бўлган кимсалар бу ишларини ҳалол санашган бўлса, бу қилмишлари билан диндан чиққанлари боис асло жаннатга кирмайдилар, Аллоҳ сақласин! Агар бу ишни ҳалол санашмаган бўлса ва мусулмон ҳолатда Аллоҳга ширк келтирмасдан вафот этсалар, унда қилмишларига яраша азоб чекишганидан сўнг жаннатга кирадилар, иншааллоҳ. Бу ҳукмларнинг барчаси мазкур ишига тавба қилмаган инсонларга тегишли. Агар инсон чин дилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади ва ҳар қандай гуноҳ қилган бўлса ҳам, уни кечиради. Зеро, Аллоҳ тавба қилганларнинг тавбасини қабул қиладиган, гуноҳларни кечирадиган, бандаларига меҳрибон ва раҳмли зотдир, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг