Аллоҳ таоло қанчалик ҳикматли зот эканини бир ўйлаб кўринг! Инсонларга нима кўп керак бўлса, Аллоҳ таоло уларга шу нарсани шунчалик мўл-кўл ва унга эришиш йўлларини ҳам шунчалик осон қилиб қўяди. Масалан, инсонга сув ва озуқадан кўра ҳаво кўпроқ керак бўлгани учун Аллоҳ таоло ҳамма жойда ҳавони муяссар қилиб қўйди. Инсонларга ҳаводан кейин энг керакли нарса сув, ҳаводан кейинги энг сероб нарса ҳам сув ва ҳоказо…
Маълумки, инсоннинг ўз парвардигори, холиқи ва маъбудини танишга бўлган эҳтиёжи барча эҳтиёжлардан юқори туради. Зеро саодат ва ножот топишнинг ягона йўли Аллоҳни таниб, унга ибодат қилиш, Аллоҳнинг розилиги бизнинг ягона мақсадимиз бўлиши, у зотни зикр қилиш эса қалбларимизга малҳам бўлишидир. Агар бизда мана шу нарса бўлмаса, ҳайвондан фарқимиз қолмайди. Аксинча, ҳайвон биздан кўра яхши бўлиб қолади. Чунки у охиратда азобланмайди.
Банданинг ўз парвардигорини танишга бўлган эҳтиёжи қолган барча эҳтиёжлардан устун бўлса, демак, унга эришиш йўли жуда ҳам осон ва бу йўл батафсил ёритиб берилган.
Қалбида парвардигорига нисбатан заррача муҳаббати, унга йўлиқишга иштиёқи бўлган ҳар қандай инсоннинг энг асосий мақсади Аллоҳни таниш бўлади.
Қалби соғлом кишилар бу илмга (Аллоҳни таниш илмига) жуда ҳам муштоқ бўлишади. Бу борада ҳақни топиш улар учун энг катта бахт ҳисобланади.
Пайғамбарлар инсонларни даъват қилишар экан, уларнинг энг асосий мақсадлари қавмларига Аллоҳнинг исм ва сифатларини танитиш эди. Зеро пайғамбар юборишдан кўзланган мақсад иккита:
1) инсонларга уларни яратган ва улар ибодат қилаётган Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини танитиш;
2) Аллоҳни севиб, унга ибодат қилишни ўргатиш.