Ўзингизга бино қўйманг!

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримизга саловат ва саломлар бўлсин!

Инсон аввало ўзини ислоҳ қилишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро банданинг саодати унинг солиҳлиги ва тақвосига боғлиқ.

Мўмин одам ҳеч қачон бу дунёда ўзига бино қўймайди. Аксинча, у ўзини Аллоҳнинг азобига лойиқ деб билади. Шу боисдан ҳам ҳеч қачон ўзини мақтамайди, ўзига ўзи лол қолмайди.

Аллоҳ таоло ўзини мақташдан қайтариб шундай дейди:

У сизларни (яъни оталарингиз Одамни) ердан (тупроқдан) пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ сизларни жуда яхши билади. Шундай экан, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билади” (Нажм 32).

Қуръонда ўзларини поклаган яҳуд ва насоролар ҳақида шундай дейилган:

“(Эй Муҳаммад), ўзларини пок қилиб кўрсатаётган кимсаларга қарамайсизми? (Сизлар ўзларингизни покламанглар! ) Балки фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни поклайди ва уларга қилчалик ҳам зулм қилинмас” (Нисо 42).

Улар Қуръонда айтилганидек: “Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз” – деган эдилар. Аллоҳ таоло уларга жавобан: “Айтинг: “У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар. Ўзи истаган кишисини мағфират қилади, истаган кишисига азоб беради. Осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат Унинг Ўзига қайтилади” – деди (Моида 18).

Солиҳ амалларни қилиб бўлгандан кейин уни бошқаларга айтиш жоиз эмас. Бироқ Аллоҳ ато этган неъматларни бошқаларга айтиш мақсадида ёки бошқаларни ҳам эзгў ишларга қизиқтириш ёки ўзини туҳматдан сақлаш ва шу каби сабабларни кўзлаб айтса бўлади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга: “Парвардигорингознинг (сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида бўлса, (кишиларга доимо) сўзланг!” – деган (Зуҳо 11). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир яхши ишни йўлга қўйса, унга шу ишнинг ва шу ишни қилган барча кишиларнинг савоби бўлади” – деганлар. Шунда ҳам қалби фақат Аллоҳни рози қилиш бўлиб, бошқаларнинг эътиборига бефарқ бўлиши, қалбида манмансираш ёки риё пайдо бўлмаслиги ва одамларнинг мақтовига эришиш нияти бўлмаслиги шарт қилинади. Лекин бу офатлардан ким ҳам қутила оларди?! Аллоҳулмустаан!

Мусулмон одам ўзи ёки қилаётган солиҳ амаллари, аксар мусулмонлар адашгану ўзи тўғри эътиқодда экани, қолган жамоатлар нотўғри йўлдаю фақат унинг жамоати ҳидоятда экани билан ўзи ҳақида баландпарвоз фикрда бўлмаслиги керак. Инсон ўзига бундай баҳо бериши жуда таҳликали ва бошқаларга нисбатан бундай фикрда бўлиш эса уларни назарга илмаслик ҳисобланади. Саҳиҳ ҳадисда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирор киши: “Одамлар ҳалок бўлдилар! ” – деса, унинг ўзи улардан ҳам баттар ҳалок бўлган инсондир” – деганлар. Чунки бунга унинг манмансирагани ва бошқаларни назарга илмагани сабаб бўлади. Бошқа ривоятда: “уларни у ҳалок қилгандир” – деб келган. Яъни, у ва унга ўхшаганлар одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилиб, уларни ҳалок қилган. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳадис шу сўзни ўзига бино қўйиб, ўзини бошқалардан устун кўриб, уларни назарга илмай айтган одам ҳақида айтилган. Чунки бу иш ҳаромдир. Лекин одамларнинг диний ишлардаги камчиликларини кўриб, хафа бўлганидан айтса унинг зарари йўқ” – деган. Уламолар бу ҳадисни шундай шарҳлаб, унинг тафсилотлари билан айтишган. Имом Молик ибн Анас, Хаттобий ва Ҳумайдий каби бошқа имомлар ҳам бу ҳадисни юқоридагидек шарҳлашган.

Яна бошқа бир саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон ўзининг мусулмон биродарини назарга илмаслигининг ўзи унга етарли гуноҳдир” – деганлар. Мусулмонга зулм қилмаслик, уни ёрдамсиз қолдирмаслик, уни ерга урмаслик – мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан биридир. Қандай қилиб мусулмон киши ўз биродарини назарга илмаслиги мумкин?! Ахир, улар бир дарахтнинг икки шохаси эмасми?!

 

Ихлосманд доим ўзини сусткашликда айблайди

Ихлосманд одам доим ўзини Аллоҳнинг буйруқларини бажаришда сусткашлик қилганликда айблайди. Қалбида қилган амалларига лол қолиш ва ўзига бино қўйиш бўлиши мумкин эмас. У доимо қилган гуноҳлари кечирилмаслиги ва яхши амаллари қабул қилинмай қолишидан қўрқмоғи лозим. Баъзи салафи солиҳлар касал бўлиб қолганида қаттиқ йиғлаган экан. Уни кўргани келганлар: “Нимага йиғлайсиз? Ахир, сиз рўза тутиб, намоз ўқиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб, садақалар қилиб, ҳаж ва умралар қилиб, илм ўрганиб, доим зикрда эдингиз?! ” – деганида у: “Бу амалларимдан бирортаси мейзонда менинг яхши амалларим тарафида бўлишини, Аллоҳ бу амалларимни қабул қилганини билмайманку. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур” – деган (Моида 27)” – деган экан.

Ихлос мукаммал бўлиши учун киши қилган солиҳ амалига лол қолиб, у билан мағрурланиб қолмаслиги керак. Бу нарса уни ўзидаги айбу нуқсонларни кўрмайдиган қилиб қўяди. Мусулмон киши солиҳ амал қилганидан сўнг уни тўлиқ адо эта олмаган ёки билиб-билмай унга путур етказиб қўйган бўлишидан, бу амал қабул қилинмаслигидан қўрқмоғи даркор. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур” – деган.

Али розияллоҳу анҳунинг ушбу дурдона сўзларига бир қулоқ солайлик: “Сени мағрурлантирадиган яхшиликдан кўра сени хафа қиладиган айб ишинг яхши”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда инсон ўзига бино қўйишидан огоҳлантириб, уни исонни ҳалок қилувчи амаллар сафида санаганлар: “Инсонни ҳалок қилувчи уч иш ва унинг нажотига сабаб бўладиган бошқа уч иш бор. Инсонни ҳалок қиладиган уч иш: киши ўз очкўзлигига таслим бўлиши, ҳавои нафсига эргашиши ва ўзига бино қўйиши…”.

Биз Қуръонда Ҳунайн ғазотида мусулмонларга нима бўлганини ўқиганмиз. Бадр ғазотида мусулмонлар кам бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло уларга ёрдам берди. Хандақ ғазотида ҳам кўзлар тиниб, юраклар бўғизга тиқилиб, мусулмонлар Аллоҳ ҳақида турли гумонларга бора бошлаганларидан кейин Аллоҳ таоло уларга ўз нусратини ато этди. Хайбарда ва Макка фатҳида ҳам Аллоҳ уларга ёрдам берди. Бироқ Ҳунайн ғазотида улар кўп эканликлари билан мағрурланиб қолдилар. Лекин уларга кўп эканликлари ҳеч ҳам фойда бермади. Шунда улар Аллоҳга ёлвориб, ғалаба унинг ҳузуридан эканига ишонч ҳосил қилдилар. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб қолмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди…” – дейди (Тавба 25-26).

Ақлли мўмин ишини Аллоҳга топшириб, Шуайб алайҳиссалом:“Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман…” (Ҳуд 88) – деганларидек, солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилиш ёлғиз Аллоҳнинг фазли, ҳидоят ёлғиз Аллоҳдан, деб билмоғи керак. Зеро “Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, ўшагина ҳидоят топади. Кимни йўлдан оздирса, унинг учун тўғри йўлга йўллагувчи бирон дўст топа олмассан” (Каҳф 17).

Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбларимизни ислоҳ қилсин! Молу дунё, бола-чақа фойда бермайдиган, фақат саломат қалб ила Аллоҳ ҳузурига келганлар нажот топадиган кунда Ўзи бизга нажот берсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг