Имом Суфён Саврий (2)

0

Тафсир илмидаги мартабаси

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ замонасининг буюк муфассир уламоларидан бири бўлган. У Қуръон ва унга доир фанларни пухта ўзлаштирган, ҳатто Қуръондаги ҳар бир оятни тафсирлаб беришга қодир бўлган. Ўзи бу ҳақда шундай дер эди: “Мендан ҳаж ва умра амалларига оид ҳукмлар ва Қуръон ҳақида бемалол сўрайверинглар. Мен буларни яхши биламан”.

Суфён роҳимаҳуллоҳ Қуръон оятларини асло ўз фикрига таяниб тафсир қилмас, балки саҳоба ва тобеинлар айтган сўзлар билан тафсир қилар эди. Зеро, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзидан нафақат хабардор, балки ўзи ҳам ушбу ҳадисни ривоят қилган ровийларнинг бири эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Қуръон (оятлари) борасида ўз фикрича гапирса, дўзахдан жойини ҳозирлаб олаверсин”. Қолаверса, Саврий роҳимаҳуллоҳ устози – буюк тобеин Омир Шаъбий роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини мудом ёдда тутарди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан ёлғон гапиришим мен учун Қуръон оятлари борасида бир бор ёлғон гапиришимдан яхшироқ. Негаки, Қуръон борасида ёлғон гапирган одамнинг хусуматчиси Аллоҳ бўлади”. Шубҳасиз, Шаъбий роҳимаҳуллоҳ ушбу сўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан ёлғон гапириш жоизлигини назарда тутмаган. Балки Қуръоннинг бир оятини салаф солиҳларнинг сўзларига таянмай, ўз фикрича тафсир қилиш нақадар катта жиноят эканини баён қилмоқчи бўлган.

Суфён Саврий кўп оятларнинг тафсирини яхши билишига қарамай, Ибн Аббоснинг қуйидаги сўзига биноан фақат чигал (тушуниш қийин) оятларни тафсир қилар эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қуръон тафсири тўрт қисмга бўлинади: уламолар биладиган тафсир, араблар биладиган тафсир (яъни араб тили қонун-қоидаларига кўра тафсирлаш жоиз бўлган тафсир), ҳеч бир мусулмон билмай қолиши мумкин бўлмаган: ҳалол ва ҳаром оятларига оид тафсир, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган тафсир. Ким буни билишни даъво қилса, у ёлғончидир[1].

Шу боис Саврий роҳимаҳуллоҳ айрим оятларни тафсир қилишни ёқтирар, одатда бир сурани бошдан-оёқ тафсир қилмас эди. У шундай дер эди: “Тафсир илмини тўрт кишидан: Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима ва Заҳҳокдан олинглар”. Унинг ўзи асосан Мужоҳиднинг тафсирига суянар ва: “Агар Мужоҳиддан тафсир келса, шу сенга етарли[2], дер эди.

Зуҳди ва тақвоси:

Ўз замонасида Суфён Саврийдан ўтадиган тақводор ва художўй инсон йўқ эди. Суфён роҳимаҳуллоҳ Аллоҳдан қаттиқ ва чинакам қўрқадиган, ўзини доимо тергаб турадиган зоҳид инсон эди.

Яҳё ибн Ямон айтади: “Суфёнга ўхшаган инсонни кўрмадик. Унга тенг келадигани йўқ. Дунё унга кулиб боқди, аммо у унга қиё ҳам боқмади”.

Абдураҳмон ибн Маҳдий айтади: “Суфёндан кўра қалби юмшоқ инсонни кўрмадим. Мен уни кечалари кузатар, кечаси даҳшатга тушган ҳолда туриб: “Дўзах! Дўзах! Дўзах мени уйқу ва шаҳватимдан тўсиб қўйди-я!”, дейишига гувоҳ бўлар эдим”.

Қабиса айтади: “Қачон Суфён билан бирга ўтирсам, албатта ўлимни эслардим. Суфёндан кўра ўлимни кўп эслайдиган инсонни кўрмадим”.

 Қутайба ибн Саид айтади: “Суфён бўлмаганида тақво деган нарса йўқ бўлиб кетарди”.

Абу Холид айтади: “Бир куни кечаси Суфён тўйгунича таом еб: “Эшакка ҳам кўпроқ овқат берсанг, кўпроқ иш қилади”, деди ва туриб тонггача намоз ўқиди”.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб айтади: “Ҳеч бир фақирнинг Суфённинг даврасида бўлганича ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлганини, ҳеч бир бойнинг унинг даврасида бўлганича эътиборсиз қолганини кўрмадим”.

Суфён шундай дер эди: “Зоҳидлик мазасиз таомлар еб, дағал либослар кийиш эмас, балки орзу-ҳавасни камайтиришдир”.

У айтар эди: “Ҳеч қачон қўша-қўша кийимим бўлмайди, ҳеч қачон уй қурдирмайман, ҳеч қачон қул олмайман”.

Cуфённинг Аббод ибн Аббод Рамлийга ёзган мактубидан унинг Аллоҳ ҳамда одамлар билан – ким бўлишидан қатъи назар, хоҳ подшоҳ, хоҳ фақир, хоҳ солиҳ, хоҳ фожир бўлсин – қандай муносабатда бўлганини кўришимиз мумкин. Мактубда шундай дейилган эди:

“Суфён ибн Саиддан Аббод ибн Аббодга.

Ассалому алайкум.

Ёлғиз илоҳ бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар айтаман.

Аммо баъд:

Мен сени фақат Аллоҳдан қўрқишга чақираман. Зеро, фақат Аллоҳдан қўрқсанг, Унинг Ўзи сени одамлардан ҳимоя қилади. Аммо одамлардан қўрқсанг улар сени Аллоҳдан ҳеч қачон қутқариб қололмайди.

Замондошларингга муомала қилишда ва зиммангдаги уларнинг бурчларини адо қилишда сенга ёрдам берадиган хулқ-атвор ҳақида баён қилишимни сўрабсан.

Дарҳақиқат, сен ўта муҳим нарса ҳақида сўрабсан. Бугунги кунда бунга эътибор қаратиб, амал қиладиганлар кам. Балки бунга амал қиладиган бирон кишини билмайман. Ҳақ билан ботил аралашиб кетган бундай хира ва кудуратли замонда бунга амал қилиш кимнинг ҳам қўлидан келарди?! Жонини ўлимдан сақлашга тиришганчалик фитнадан сақланишга ҳаракат қилган одамгина бу замон фитналаридан омонда қолиши мумкин. Шундай қилаётган бирон кишини биласанми? Ўтганлар айтар эдилар: “Ҳали одамлар бошига шундай кунлар келадики, донолар кўзи бундан ҳеч қувонмайди”. Сен тақвони маҳкам тут. Узлатга чекин, ўзингни ислоҳ қилишга ҳаракат қил, ҳамиша Аллоҳ азза ва жалланинг китоби Қуръонни ҳамроҳ бил, амирлардан эҳтиёт бўл, фақир-мискинларни дўст тутиб, уларга яқин бўл.

Мулойимлик билан яхшиликка буюра олсанг ва одамлар уни қабул қилишса, Аллоҳга чексиз ҳамдлар айт. Борди-ю, қабул қилишмаса, ўз нафсингга эътибор қарат, албатта  нафсингда сен учун етарли иш бор.

Мартаба ва унга муҳаббат қўйишдан эҳтиёт бўл. Зеро, инсон бундан ўзини тийиши мол-дунёдан ўзини тийишдан кўра қийинроқ.

Менга етиб келишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бундай замонгача яшаб қолишдан паноҳ сўрашган экан. Ҳолбуки, уларда бизда йўқ илм бўлган. Энди бизнинг ҳолимизга нима дейсан? Ҳолбуки, биз илм-фаросат, сабр оз бўлган, яхшилик йўлида ёрдамчилар кам бўлган ҳолда бу замонга етдик. Устига-устак замон ҳам, одамлар ҳам бузилиб кетган.

Сен аввалгилар (яъни салаф-солиҳлар) йўлини маҳкам тут, кўзга ташланиб қолма. Зеро, ҳозир панада юрадиган замондир. Узлатни ихтиёр қил, одамлар билан кам аралаш. Умар ибн Хаттоб шундай деган: “Тамагирликдан сақланинглар. Зеро, тамагирлик фақирлик, одамлардан умидни узиш эса бойликдир”. Инсон узлат сабабли ёмон одамларга аралашишдан қутилади. Саид ибн Муссаяб айтар эди: “Узлат ибодатдир”. Ҳолбуки, у вақтларда одамлар бир-бири билан учрашса фойда олар эди. Бугунги кунимизда эса бундан асар ҳам қолмади. Шу боис нажотга элтувчи йўл одамлардан узоқ бўлишда деб биламан.

Амирлардан эҳтиёт бўл, уларга яқинлаша кўрма. Борди-ю, уларга ишинг тушса, алданиб қолишдан эҳтиёт бўл. “Амирларга аралашишинг сабабли бир мазлумни ҳимоя қиласан ёки бировга ҳаққини ундириб берасан”, деган сўзларга алданма. Албатта, бу шайтоннинг найрангидир. Фожир қорилар буни ўзларига баҳона қилиб олишган. Илгарилари шундай дейишар эди: “Илмсиз обид ва амалсиз фожир олимнинг фитнасидан сақланинглар. Зеро, иккисининг фитнаси барча фитнанинг манбаидир”.

Модомики, бирон масала ёки фатвода сендан бошқа жавоб берадиган бўлса, унга қўйиб бер, жавоб беришга талашма. Айтган сўзига амал қилиниши, одамлар орасида сўзи кенг тарқалиши ёки гапирганда одамлар унга қулоқ солишини яхши кўрадиган кишилардан бўлиб қолишдан сақлан.

Мансабпараст бўлишдан эҳтиёт бўл. Зеро, мансаб айрим одамлар учун тиллою кумушдан суюмлироқдир. Мансабпарастлик шундай махфий масалаки, унинг зарарини фақат зукко уламоларгина кўра олади.

Риёдан сақлан. Зеро, риё тунда қора тош устида ўрмалаб кетаётган қора чумолидан ҳам махфийроқ. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳали шундай замонлар келадики, одамга яхши ва ёмон амал таклиф қилинса, қай бирини танлашни билмай қолади”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Модомики уммат олимлари амирларга мойил бўлмас экан, яхшилари фақат ёмонларига яхшилик қилмас экан, яхшилари фожирларини улуғламас экан, Аллоҳ азза ва жалла бу умматдан кўмагини дариғ тутмайди ва уларни Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрайди, ҳамиша уларга ёрдам беради. Аксинча, уммат мазкур ишларни қилса, Аллоҳ улардан ёрдамини тўхтатади, қалбларига қўрқинч солади, устларига қашшоқликни туширади ва шафқатсизларини бошлиқ қилиб қўяди. Натижада бошлиқлари уларни қаттиқ азоблайди. Кейин эса уларни эсанкиратиб қўядиган бирон мусибат келса, албатта ортидан ундан ҳам каттароқ мусибатни юборади”.

Мудом ўлимни ёдингда тут, ҳеч эсдан чиқарма.

Орзу-ҳавасни камайтир, ўлимни кўп эсла. Зеро, ўлимни кўп эсласанг дунё ишлари арзимас бўлиб қолади. Умар розияллоҳу анҳу шундай деган: “Ўлимни кўп эслангизлар. Негаки, ўлимни эсласангизлар ўзингизча кўп деб санаган ишнингизни кам, кам деб санаган ишнингизни кўп санаб қоласизлар. Шуни билингларки, ўлимни орзу қиладиган замон (яъни охир замон) яқинлашиб қолди”.

 Аллоҳ таоло барчамизни турли ҳалокат йўлларидан сақласин ва барчамизни тоат йўлига бошласин”.

Суфённинг ушбу мактубини ўқир экансиз, юқорида унинг тақвоси ва илми ҳақида айтган уламоларнинг сўзлари ҳақ ва бежиз эмаслигини англаб етасиз.

Аллоҳ таоло имом Саврийни Ўз раҳматига олсин ва бизнинг зурриётларимиздан ҳам унга ўхшаган тақводор бандаларни чиқарсин. Омин.

(Давоми бор)

[1] “Тафсири Табарий”, (1/5).

[2] Шаҳриёрнинг Байзовий тафсирига ёзган ҳошияси, 23 бет.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг