Тавҳид ақидаси: Нифоқнинг таърифи ва турлари

0

а) Нифоқнинг таърифи:

Нифоқ ёки мунофиқлик луғатда «нофиқо» сўзидан олинган бўлиб, нофиқо қўшоёқнинг инидан чиқувчи тешиклар маъносини англатади. Қўшоёқни ушлайман дейилса, уларнинг биридан кириб, иккинчисидан чиқиб кетади. Ёки «нафақ» сўзидан олинган бўлиб, яшириниб олиш мумкин бўлган лаҳим, ертўла маъносини англатади. (Ибн Асир: «Ниҳоя», 5/98).

Шаръий истилоҳда эса мунофиқлик – зоҳирда мусулмон бўлиб кўриниб, ботинда куфр ва ёмонликни яширишдир. Мунофиқ деб аталишининг сабаби – шариатнинг бир эшигидан кириб, бошқа эшигидан чиқиб кетгани учундир. Аллоҳ таоло шу маънога диққат қаратиб: «Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқдирлар» [Тавба: 67], яъни, шариатдан чиқувчидирлар, дейди. Аллоҳ таоло мунофиқларни кофирлардан ҳам ёмонроқ санади:

«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» [Нисо: 145].

«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир» [Нисо: 142].

«Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларини алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» [Бақара: 9-10].

б) Нифоқнинг турлари:

Нифоқ икки хил:

Биринчи: Эътиқодий нифоқ. Бундай нифоқ эгаси тилида исломни изҳор қилиб, дилида куфрни яширган бўлади. Нифоқнинг бу тури инсонни бутунлай диндан чиқаради ва бундай кимса дўзахда абадий қолади. Аллоҳ таоло бундай мунофиқларни куфр, иймонсизлик, динни ва диндорларни масхара қилиш, дин душманларига Исломга бўлган адоватларида шерик бўлиш каби барча ёмон сифатлар билан сифатлади. Мунофиқлар барча замонларда бўлиб келганлар. Хусусан, Исломнинг куч-қудрати кўриниб, унга ошкора қарши чиқишга қодир бўлмаган пайтларида мусулмонларга ичкаридан фириб бериш учун ва мусулмонлар орасида яшаб, молу жонларини асраб қолиш учун ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишади. Мунофиқ Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига иймон келтирган бўлиб кўринади, бироқ аслида буларнинг ҳаммасини ёлғон сановчи бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мунофиқларнинг сир-асрорларини фош қилди, ниқобларини йиртиб ташлади, бандалари уларнинг кирдикорларидан бохабар ва эҳтиёт бўлишлари учун уларнинг қилмишларини ёритиб берди. «Бақара» сурасининг аввалида дунёдаги учта тоифани – мўминлар, кофирлар ва мунофиқларни баён қилиб, мўминларни тўрт оятда, кофирларни икки оятда зикр қилиб ўтди, мунофиқларни эса фириб-найранглари кўплиги, Исломга ва мусулмонларга нисбатан фитналари қаттиқ бўлгани боис ўн уч оятда баён қилди. Зотан, Ислом улар сабабли кўплаб балоларга гирифтор бўлди. Чунки улар Исломга мансубдирлар, унга ёрдам бериш ва уни дўст тутиш даъвосидалар, аслида эса унинг ашаддий душманидирлар (Ибн Қаййимнинг мунофиқларнинг сифатлари ҳақидаги рисоласидан иқтибос).

Бу турдаги нифоқнинг ўзи олтига бўлинади:

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи санаш;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диннинг баъзисини ёлғон санаш;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўриш;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диннинг баъзисини ёмон кўриш;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диннинг куч-қудрати пасайиши билан шодланиш;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларига ёрдам беришни ёмон кўриш.

Иккинчи: Амалий нифоқ. У дилда иймон сақланиб қолгани ҳолда мунофиқларнинг амалларидан баъзисини қилишдир. Нифоқнинг бу тури кишини диндан чиқармайди, бироқ шунга олиб боради. Бу нифоқ эгасида иймон ҳам, нифоқ ҳам бўлади. Нифоқи кўпайса, шу сабабли ҳақиқий мунофиққа айланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари бунга далилдир: «Кимда тўртта сифат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни тарк қилгунича мунофиқликнинг бир сифати унда бор бўлади: омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, аҳд берса хиёнат қилади, хусуматлашса фожирлик қилади (ҳақдан оғиб кетади)» (Муттафақун алайҳ).

Кимда мазкур тўрт сифат жамланса, унда ёмонлик жамланибди ва у ҳақиқий мунофиқларнинг сифатларига эга бўлибди. Кимда бу сифатлардан биттаси бўлса, мунофиқликнинг битта сифатига эга бўлибди. Гоҳо бандада яхшилик ва ёмонлик сифатлари, иймон ва куфру нифоқ сифатлари жамланиб қолади. Мазкур сифатлар тақозоси билан қилган амалларига кўра савоб ва жазога лойиқ бўлади. Мисол учун, намозни масжидда жамоат билан адо қилишдан эриниш ҳам мунофиқлар сифатларидан. Мунофиқлик ғоят ёмон ва хатарлидир, саҳобалар унга тушиб қолишдан қаттиқ қўрқишар эди. Ибн Абу Мулайка айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўттизтаси билан кўришганман, ҳаммалари мунофиқликдан қаттиқ қўрқардилар».

Катта нифоқ билан кичик нифоқ ўртасидаги фарқлар:

  • Катта нифоқ диндан чиқаради, кичик нифоқ диндан чиқармайди.

  • Катта нифоқ – эътиқодда инсоннинг ичи ва сиртининг фарқли бўлишидир, кичик нифоқ эса ичи ва сирти эътиқодда эмас, амалда фарқли бўлишидир.

  • Катта нифоқ мўминдан содир бўлмайди, кичик нифоқ гоҳо мўминдан ҳам содир бўлади.

  • Катта нифоқ эгаси кўпинча тавба қилмайди. Тавба қилганида ҳам унинг тавбаси қабул бўлиши ҳақида ихтилофлар бор. Кичик нифоқ ундай эмас, унинг эгаси гоҳо тавба қилади ва Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Баъзида мўмин киши нифоқ сўқмоқларидан бирон сўқмоққа кириб кетиб қолади-да, сўнг Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Баъзан нифоққа олиб борадиган баъзи нарсалар унинг дилига келади ва Аллоҳ уни даф қилади. Мўмин шайтон ва куфр васвасаларига мубтало бўлиб, бундан юраги сиқилади. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизлардан биримиз дилида шундай нарсани топадики, осмондан ерга ташлаб юборилиши уни айтишдан кўра яхшироқ» деганларида у зот: «Бу (яъни, шайтон васвасасини ёмон деб билиб, уни қалбдан қувишга интилишингиз) очиқ иймондир», дедилар (Аҳмад ва Муслим ривоятлари). Бир ривоятда: «Буни айтиш жуда оғир» дейишганида: «Унинг найрангини васвасага чеклаб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дедилар. Яъни, шу васвасанинг қалбга келиши ва уни ёмон кўриб, қалбдан қувишга интилиш очиқ иймондандир» (“Китобул иймон”, 238-бет).

Аммо катта нифоқ аҳлига келсак, Аллоҳ таоло улар ҳақида: «(Улар) кар, соқов, кўрдирлар, демак (ботил йўлларидан исломга) қайтмайдилар» [Бақара: 18] дейди. Яна улар ҳақида: «Кўрмайдилармики, улар ҳар йили бир-икки марта балога – фитналарга йўлиқмоқдалар. Шундан кейин ҳам на тавба қиладилар ва на панд-насиҳат оладилар» [Тавба: 126] дейди.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Уламолар уларнинг тавбаси зоҳирда қабул бўлиши ҳақида ихтилоф қилганлар, чунки улар доим мусулмонлик даъвосида бўлишганидан тавбалари ҳам маълум бўлмайди» (“Мажмуул фатово”: 28/434, 435).

Изоҳ қолдиринг