Умар розияллоҳу анҳу: Ижтимоий ҳаётдаги ишлари (3)

0

Ичларингизда Увайс ибн Омир борми?

Қачон Ямандан мадад кучлари келса, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу улардан: “Ичларингизда Увайс ибн Омир борми?”, деб сўрарди. Бир куни Увайсни топиб, ундан: “Сен Увайс ибн Омирмисан?”, деб сўради. У: “Ҳа”, деди. “Муроддан, сўнг Қаранданмисан?”, деб сўради. У: “Ҳа”, деди. “Баданингда оқлик бўлиб, тузалиб кетган ва бир дирҳам ўрнича қолган, шундайми?”, деб сўради. “Ҳа”, деди. “Онанг бор, тўғрими?”, деб сўради. “Ҳа”, деди. Шунда Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларга Ямандан келган мадад кучлари ичида муродлик, сўнг қаранлик Увайс ибн Омир деган киши келади. Баданида оқлик бўлиб, тузалиб кетган ва фақат бир дирҳам ўрнича қолган бўлади. Онаси бор бўлиб, у онасига жуда меҳрибон. Агар Аллоҳ номига қасам ичса, албатта Аллоҳ унинг қасамини амалга оширади. Агар имкон топсанг, ундан ҳаққингга истиғфор айтишини сўрагин”, деганларини эшитган эдим. Сен менинг ҳаққимга истиғфор айтгин”, деди. Увайс унинг ҳаққига истиғфор айтди. Кейин Умар ундан: “Энди қаерга бормоқчисан?”, деб сўради. “Кўфага”, деди у. “Кўфа волийсига сен ҳақингда бир мактуб битиб берайми?”, деди. У: “Йўқ, оддий одамлар ичида бўлишим мен учун яхшироқ”, деб жавоб берди.

Келгуси йили уларнинг зодагонларидан бўлган бир киши ҳажга келиб, Умар билан кўришиб қолди. Умар ундан Увайс ҳақида сўради. У: “Келаётганимда ўта камбағал ва ночор ҳолда эди”, деди. Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларга Ямандан келган мадад кучлари ичида муродлик, сўнг қаранлик Увайс ибн Омир деган киши келади. Баданида оқлик бўлиб, тузалиб кетган ва фақат бир дирҳам ўрнича қолган бўлади. Онаси бор бўлиб, у онасига жуда меҳрибон. Агар Аллоҳ номига қасам ичса, албатта Аллоҳ унинг қасамини амалга оширади. Агар имкон топсанг, ундан ҳаққингга истиғфор айтишини сўрагин”, деганларини эшитганман”, деди.  Сўнг ҳалиги одам қайтиб боргач, Увайс ҳузурига келиб: “Менинг ҳаққимга истиғфор айтишингни сўрайман”, деди. У: “Аксинча, сен менинг ҳаққимга истиғфор айтгин. Чунки сен хайрли сафардан, ҳаж сафаридан эндигина қайтдинг”, деди. У яна: “Менинг ҳаққимга истиғфор айтгин”, деди. Увайс ундан: “Умар билан кўришдингми?”, деб сўради. У: “Ҳа”, деди. Шундан сўнг Увайс унинг ҳаққига истиғфор айтди. Шундан кейин одамлар унинг кимлигини билиб қолишди (ва ҳақларига истиғфор айтишини сўраб кела бошлашди). Сўнг у бу ердан бош олиб кетди[1].

Умар ва онасининг зиёратига йўл олган мужоҳид воқеаси

Шомдан қайтиб, Яман сари йўл олган аскарлар жамоати Умар ҳузурига келдилар. Умар эрталаб намоздан сўнг дастурхон ёзарди. Улардан бир киши келиб, унинг дастурхонидан тановул қила бошлади. Унинг чап қўлида еётганини кўриб Умар розияллоҳу анҳу: “Ўнг қўлингда егин”, деган эди, у индамай еяверди. Умар яна танбеҳини қайтарган эди, у: “Ўнг қўлим банд, эй амирулмўъминин”, деб жавоб берди. Таомдан сўнг Умар уни ўз олдига чорлаб: “Ўнг қўлинг нима билан банд эди?”, деб сўради. У ўнг қўлини кўрсатди, у кесилган экан. “Нима бўлган?”, деб сўради Умар. “Ярмук жангида жароҳат олганман”, деди у. “Ким сенга таҳорат қилдириб қўяди?”, деб сўради. “Ўзим, Аллоҳнинг ёрдами билан чап қўлимда таҳорат қиламан”, деди. “Қаерга йўл олгансан?”, деб сўради. “Яманга, онам ҳузурига, мен уни фалон вақтдан бери кўрмадим”, деб жавоб берди. Шундан сўнг Умарнинг буйруғи билан унга бир хизматкор ва закот туяларидан бешта туя бердилар[2].

Юзида Аллоҳ йўлида олган жароҳатининг чуқур изи бўлган киши воқеаси

Бир куни одамлар Умар розияллоҳу анҳу ҳузурида ўз улушларини олаётганларида Умарнинг кўзи бир кишига тушди. Унинг юзида чуқур тиғ изи бор эди. Ундан бу ҳақда сўраган эди, фалон ғазотда етган жароҳат изи эканини айтди. “Унга минг дирҳам беринглар”, деди Умар. Минг дирҳам бердилар. “Яна минг дирҳам беринглар”, деди. Яна минг дирҳам бердилар. Яна беришни буюрди. Тўрт марта минг дирҳамдан бердирганидан сўнг ҳалиги одам хижолат бўлиб, чиқиб кетиб қолди. “Қани у одам?”, деб сўраган эди, “Бераверганингиздан уялиб чиқиб кетиб қолди”, деб жавоб беришди. Шунда Умар: “Аллоҳга қасамки, агар чиқиб кетмаганида Аллоҳ йўлида олган жароҳатининг юзидаги шу чуқур изи ҳурматидан бир дирҳам қолса ҳам унга берган бўлардим”, деди[3].

Умарнинг орзуси

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни ёнидаги кишиларга: “Орзу қилинглар”, деди. Бир киши: “Орзу қилардимки, шу ҳовли тўла олтин бўлса-ю, мен ҳаммасини Аллоҳ йўлида сарфласам ва садақа қилсам”, деди. Яна бир киши: “Орзу қилардимки, шу ҳовли тўла забаржад ва жавоҳирлар бўлса-ю, ҳаммасини Аллоҳ йўлида сарфласам ва садақа қилсам”, деди. Умар: “Яна орзу қилинглар”, деди. Улар: “Нимани орзу қилишни ҳам билмай қолдик, эй амирулмўъминин”, дедилар. Шунда Умар: “Мен орзу қилардимки, шу ҳовли Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳузайфанинг озод қилган қули Солим ва Ҳузайфа ибн Ямонга ўхшаган кишилар билан тўла бўлса[4], уларни Аллоҳнинг тоати йўлида хизматга сафарбар этсам”, деди[5].

Умар наздида афзаллик меъёри исломга қилган хизматга қарабдир

Кишининг исломга қилган хизмати ва солиҳ амали Умар розияллоҳу анҳу наздида одамлар ўртасидаги афзаллик меъёри саналарди. Бир куни унинг ҳузурига кириш мақсадида эшиги олдига Суҳайл ибн Амр, Абу Суфён ибн Ҳарб ва бошқа бир неча Қурайш зодагонлари қаторида собиқ қуллар ва камбағал кишилардан бўлган  Суҳайб ва Билоллар келиб туришганида зодагонлардан олдин камбағалларнинг киришига изн берилди. Анавилар ғазабланиб, Абу Суфён ҳамроҳларига: “Бундан ёмонроқ кун кўрмаганман, анави қулларга изн бериб, бизни эшиги олдида куттирди-я”, деди. Шунда Суҳайл деди: “Эй қавм, қасамки, юзларингизда ғазабни кўриб турибман. Агар жаҳлингиз чиқса, ўзингиздан жаҳлингиз чиқсин. Қавм исломга даъват қилинган пайтда сизлар ҳам даъват қилинган эдинглар. Улар исломни қабул қилган, сизлар эса рад қилган эдинглар. Ҳозир-ку Умарнинг эшиги олдида кутиб қолдинглар, эртага қиёмат куни улар чақирилиб, сизлар қолиб кетсангиз қандай қиларкинсизлар?!”[6].

Умар майитга гувоҳлик беради

Абул Асвад айтади: “Мадинага келганимда унда касаллик тарқалиб, кўп одамлар вафот этаётгани устидан чиқдим. Умар розияллоҳу анҳунинг ёнида ўтирган эдим, бир майит олиб ўтилди ва вафот этган киши ҳақида мақтов сўзлар айтилди. Умар: “Вожиб бўлди”, деди. Кейин бошқа бир майитнинг тобути олиб ўтилди ва унинг ҳақида ҳам яхши сўзлар айтилди. Умар яна: “Вожиб бўлди”, деди. Кейин учинчи бир майит олиб ўтилди, одамлар у ҳақда ёмон сўз айтдилар. Умар: “Вожиб бўлди”, деди. Мен ундан: “Нима вожиб бўлди, эй амирулмўъминин?”, деб сўрадим. Умар деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўзни айтдим. У зот: “Қай бир мусулмонга тўрт киши яхшилик билан гувоҳлик берса, Аллоҳ уни жаннатга киритади”, деган эдилар. Биз: “Уч киши гувоҳлик берса-чи?”, деб сўраган эдик: “Уч киши бўлса ҳам”, дедилар. “Икки киши бўлса-чи?”, деган эдик, “Икки киши бўлса ҳам”, дедилар. Сўнг бир киши бўлса-чи, деб сўрамадик”[7].

Умар ва Ҳаким ибн Ҳизом

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан (мол) сўраган эдим, бердилар. Яна сўрадим, яна бердилар. Яна сўрадим, яна бердилар. Кейин айтдилар: “Эй Ҳаким, бу мол кўзга ёқимли, тотли нарсадир. Ким уни нафси тўқлик билан олса, унга барака берилади. Ким уни нафси очлик билан олса, унга барака берилмайди, у худди еб тўймайдиган одамга ўхшаб қолади. Юқори (яъни, берувчи) қўл паст (яъни, олувчи) қўлдан яхшидир”. Ҳаким айтади: Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, бугундан бошлаб то дунёдан ўтгунимча ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман”, дедим”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз халифалиги даврида Ҳаким ибн Ҳизомни байтулмолдан ўз улушини олишга чақирарди, аммо у олишдан бош тортарди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўз даврида уни ўз улушини олиши учун чорлаганида у қабул қилмаганди. Шунда Умар шундай деганди: “Эй мусулмонлар, гувоҳ бўлинглар, мен Ҳакимга ўлжалардан бўлган ҳаққини олишини таклиф қилдим, у бош тортмоқда”. Ҳаким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг бирон кишидан бирон нарса сўрамади[8].

Жарир Бажалий Умарга насиҳат қилади

Осим ибн Баҳдала Умар розияллоҳу анҳунинг асҳобларидан бир кишидан ривоят қилади: “Бир куни Умар ибн Хаттобнинг ҳузурида эканимизда бир киши ел чиқариб қўйди. Намоз вақти бўлганида Умар: “Ел чиқарган одам туриб таҳорат қилсин”, деди. Шунда Жарир ибн Абдуллоҳ: “Эй амирулмўъминин, яхшиси ҳаммамизни таҳорат қилишга буюрсангиз эди, бир одам хижолатдан қутулиб қолар эди”, деди. Умарга унинг сўзи маъқул келди ва шундай қилишга буюрди”[9].

Умар Алининг бошини ўпади

Бир киши Умар розияллоҳу анҳуга Али розияллоҳу анҳу устидан шикоят қилиб келди. Умар даъвони кўриш учун ўтираркан, Алига: “Эй Абулҳасан, хасмингиз (хусуматчингиз) ёнига ўтиринг”, деб буюрди. Унинг бу сўзи Алига ёқмагандек бўлди. Умар ишни тугатганидан сўнг Алига: “Сизни хасмингиз билан тенг кўрганим учун жаҳлингиз чиқдими, эй Абулҳасан?”, деб сўради. Али: “Йўқ, балки сиз менга хасмим билан бир хилда муомала қилмасдан, мени куням билан атаб ҳурматлаганингиз, уни эса исми билан чақирганигиз учун жаҳлим чиқди”, деди. Шунда Умар Алининг бошидан ўпди ва: “Аллоҳ мени Абулҳасандан жудо қилмасин”, деди[10].

[1] Муслим ривояти (2542).
[2] Балозарий, “Абу Бакр ва Умар” (174-бет).
[3] Ибн Жавзий, “Маноқибу Умар” (74-бет). “Маҳзус савоб” (1/368).
[4] Ҳоким, “Мустадрак” (3/266).
[5] Миззий, “Таҳзибул камол” (5/505).
[6] “Маноқибу Умар” (129-бет).
[7] “Саҳиҳи Бухорий” (2643). “Муснади Аҳмад” (139).
[8] Бухорий (2974), Муслим (1035) ривоятлари.
[9] Балозарий, “Абу Бакр ва Умар” (219-бет).
[10] Солиҳ Абдурраҳмон, “Умар ибн Хаттоб” (79-бет).

Изоҳ қолдиринг