Анбиёлар қиссаси ҳақида (1)

0

 Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

Муқаддима

Дарҳақиқат, ҳамду-санонинг барча тури Аллоҳга хосдир. Унга ҳамду-сано айтамиз ва Ундан ёрдам сўраймиз. Аллоҳдан нафсимиз ёмонликлари ва ёмон амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоятлаган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоятловчи йўқдир.

Ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман.

Албатта, пайғамбарлар ҳақидаги қиссалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръон ёки суннатдан иборат ваҳий орқалигина билиш мумкин бўлган ғайб оламидир. Аллоҳ таоло шундай дейди:(Эй Муҳаммад), сиз улар (яъни Бани Исроил қавми) қай бирлари Марямни ўз тарбия кафолатига олишларини аниқлаш мақсадида (Тавротни ёзадиган) қаламларини ташлаган (яъни шу йўсинда қуръа очган) вақтда уларнинг ҳузурида эмас эдингиз. (Шунингдек), улар (бу борада) ўзаро тортишиб қолишганларида (ҳам) сиз уларнинг ҳузурида эмас эдингиз. (Балки, бу хабарларни фақат сизга нозил қилинган ваҳий орқалигина билишга муваффақ бўлдингиз)”   [Оли Имрон: 44].

Аллоҳ таоло шундай дейди:(Эй Муҳаммад), анави (Нуҳ ва унинг қавмининг қиссаси ва шу каби бошқа қиссалар) Биз сизга ваҳий қилган ғайб хабарларидандир. Бу қиссаларни бундан илгари (яъни Аллоҳ сизга ваҳий орқали маълум қилишидан олдин) сиз ҳам, қавмингиздан бирон кимса ҳам билмас эди. Шундай экан, сиз (қавмингиз томонидан етган азиятларга) сабр қилинг, шубҳасиз, яхши оқибат (дунё ва охиратда) тақводор бандалар учун бўлур” [Ҳуд: 49].

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), булар Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, (ҳақ динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг. Албатта, оқибат — натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир” [Ҳуд: 49].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), Биз Мусога ишни (яъни пайғамбарликни) ҳукм қилган пайтда сиз (Тур тоғининг) ғарб томонида (Биз Мусо билан ваъдалашган жойда турган) эмас эдингиз ва гувоҳлардан ҳам бўлган эмас эдингиз.   Лекин Биз (Мусо замонидан сўнг кўп) асрларни пайдо қилдик, бас уларга умр-замон чўзилиб кетди (ва улар Мусога юборилган ҳукмларни унутиб юбордилар. Шунда Биз ҳукму фармонларимизни одамларга ҳаққи-рост етказишингиз учун сизни пайғамбар қилиб юбордик). Сиз Мадян аҳли орасида тургувчи ҳам, уларга Бизнинг оятларимизни тиловат қилгувчи ҳам бўлган эмасдингиз. Лекин Биз (сизни) пайғамбар қилиб юборгувчи бўлдик. (Бас, сиз Бизнинг ваҳийларимиз воситасида Мусо тўғрисида ҳам, Мадян шаҳрининг аҳли ҳақида ҳам хабардор бўлдингиз” [Қасас:   44-45].

Анбиёлар ҳақидаги қиссаларни зикр қилишдан мақсад – кунлар, замонлар ва йиллар давомида мўминлар учун ибрат ва намуналар тақдим этмоқликдир. Токи, бу қиссалар анбиёларга эргашган содиқ ва мухлис издошлар учун маънавий бир озуқа бўлсин-у, уларнинг руҳлари бу озуқанинг соф шаробидан тўйиб сипқорсин, уларнинг қалблари ва ақллари бу озуқага тўйинсин. Оқибатда, бу қиссалар уларнинг вужудида эзгуликка ундовчи туйғуларни уйғотсин, яхшилик ва тақводорлик сари рағбат туғдирсин ва солиҳ амаллар қилишга, ширин сўзли бўлишга шавқу-завқ пайдо қилсин.

Менимча, бу мавзуда асар битган энг яхши инсон – имом, аллома, ҳофиз ва моҳир муҳаддис Имодиддин Ибн Касир Димашқий роҳимаҳуллоҳ бўлиб, бу борада ўзининг ажойиботларга бой асари бўлмиш “Ал-бидоя ван-ниҳоя” китобидан олинган “Анбиёлар қиссалари” номли мароқли асарини ёзган. Дарҳақиқат, мен илгари асар матнига аниқлик киритиш, тадқиқот қилиш, ундаги ҳадислар ва саҳоба ва тобеинларнинг сўзларини тахриж қилиб, саҳиҳ ва заиф, соғлом ва ночор ривоятлар ўртасини ажратиш орқали асарга ўз эътиборимни қаратган эдим. Ушбу тадқиқотдан шундай хулосага келдимки, асар халойиқнинг энг улуғ мартабали кишилари, Аллоҳ таолонинг алоҳида инояти остида тарбия топган, уларни Ўз қўли билан парваришлаган кишилардан иборат Аллоҳнинг энг сараланган бандаларининг хабарларига нолойиқ талай маълумотларни ўз ичига олган. Шу боис, бундай маълумотларни тушириб қолдириш ва саҳиҳ ривоятлар билан чекланишни маъқул топдим. Зеро, саҳиҳ ривоятларнинг ўзида бу борада кифоя қиладиган маълумотлар бордир. Қолаверса, бундай ривоятларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш жоиз бўлмай, уларни “шунчаки қисса ва хабарлар” деган даъво остида бу борада бепарволик қилиш ҳам жоиз эмасдир. Сабаби, ушбу қиссалар иймонга оид ҳодисалар ва ғайб оламига оид воқеалардан иборатдир.

Ғайб масаласи иймон доирасидаги таянч нуқтадир:Ғайбга иймон келтирганлар…”. [Бақара: 3]; Шундай экан, ҳаводан сўзламайдиган, хатодан сақланган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ишончли равишда ривоят қилинмаган нарсани ушбу доирага киритиш тасаввурда йўлдан озиш ва ҳаракат йўналишидан четга чиқиш демакдир. Тўқима қиссалар ақида, ибодат, ахлоқ-одоб, қадриятлар, юриш-туриш, тарбия ва сиёсат ҳақида турли хил бузуқ тушунчаларни ўзида мужассам этади. Бундай бузуқ тушунчалар уммат орасида қуруқ хас-чўпга “ўрмалаган” ўт сингари шиддат билан тарқалади, пировардида, унинг вужудини заифлаштиради, унинг асос тамойилларига шикаст еткизади, бирдамлигига тафриқа солиб, унинг жипс сафига тарқоқлик иллатини киритади. Чунки бу каби тўқима қиссалар мусулмонларга ёвузлик истаган кимсалар учун ҳеч  меҳнат-машаққатсиз ва асло душманликни ошкор қилмаган ҳолда қўлланиладиган жимжимадор бир восита ва мусулмонларни ичига кириб бориш учун осонгина ўтиш йўлидир.

Асардаги илмий услубим қуйидагидан иборат:

1-Қуръони карим оятларини имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ қандай келтирган бўлса шундайлигича қолдирдим. Чунки Қуръон қиссаларида такрорлаш йўқдир. Қуръоннинг турли сураларида келтирилган муайян бир пайғамбар қиссасининг ҳар бирида бошқасида мавжуд бўлмаган маънога дуч келасиз.

Ушбу оятларнинг тафсирига келсак, бу борадаги саҳиҳ ва ишончли ривоятлар билан кифояландим. Фақат, гап йўналишини тўғрилаш ва мақсадни тушуниш учун зарурат туғилган ҳоллардагина айрим заиф ривоятларни қолдирдим.

2-Набавий ҳадислар ва салафи солиҳларнинг сўзларидан матн, ровийлар шажараси ва эътиборлилик жиҳатидан саҳиҳ бўлганлари билан кифояландим. Асарда заифлигидан огоҳлантирган ҳолда қолдирган заиф ривоятларга келсак, бундай ривоятларни, гарчи машҳур ва эл оғзида юрган бўлсада, унинг заифлигини билдириб қўйиш мақсадида ёки гап йўналиши усиз тушунарсиз бўлганлиги учун зикр қилдим.

Исроилиёт (яъни, яҳуд ва насоролардан иборат аҳли китоблардан олинган) хабарларга келсак, бундай хабарларнинг тўғрилигини китоб ва суннат ёки улардан бири тасдиқласа қабул қилинади. Бундай хусусиятга эга бўлмаган бошқа исроилиёт хабарларидан Аллоҳ таоло Ўз фазли ила бизларни беҳожат қилди.

3-Ҳадисларнинг ровийлар шажарасини тушириб қолдирдим. Улардан фақат ҳадисни ривоят қилган саҳобийни ёки гап йўналиши тўлиқ бўлишлиги учун зикр қилиш зарур бўлган кишиларнигина қолдирдим.

4-Қўшимча маъно мавжуд бўлмаган такрорланган ривоятларни тушириб қолдирдим.

5-Уламоларнинг собит асосга таянмаган ихтилофларини тушириб қолдирдим.

6-Имом Ибн Касирнинг иборасини ўз ҳолича сақлаб қолдим. Зеро, бу иборалар жозибали, енгил ва завқли иборалардир. Гоҳида, гапни бир-бирига боғлаш мақсадида айрим жумлаларни қўшдим ёхуд ровийлар шажараси саҳиҳ бўлмаган ривоятдаги тўғри маънонинг қисқа хулосасини зикр қилдим.

7-Асардаги қиссаларда тушунишга ёрдам берадиган, мақсадни ёдда тутишни осонлаштирадиган, ибратли ва фойдали ўгитларни яқинлаштирадиган иккинчи даражали кичик сарлавҳалар қўйдим.

8-Асардаги мавзу ва фойдали ўгитларга оид таҳлилий мундарижа ишлаб чиқдим.

Ва ниҳоят, асарни: “Анбиёлар қиссалари асарининг саҳиҳ (яъни, тўғри ва ишончли ривоятлар)и”, дея номладим.

Муҳтарам китобхон биродар! Ушбу камтарона ишимни эътиборингизга ҳавола этмоқдаман. Бу ишнинг манфаати сизники, масъулияти эса меникидир. Мабодо, бу ишга яхши баҳо берсангиз, менинг ҳаққимга дуо қилишдан оғринмассиз, деб умид қиламан. Зеро, мўмин кишининг ўз биродарига қилган ғойибона дуоси мустажобдир. Аксинча, бу ишда бирон камчилик топсангиз уни ислоҳ этинг, бирон айб топсангиз уни яширинг ёхуд бирон насиҳат туғилса насиҳатингизни мендан дариғ тутманг. Сабаби, мен динимда менга манфаат келтирадиган ва айбларимни тузатадиган бирон нарса ҳадя қилган кишининг насиҳатини бажонидил қабул қиламан.

Олий ва Улуғ зот бўлмиш Аллоҳ таолодан Ўзининг ҳақ динига хизмат қилиш, рисолатнинг улуғ шаънини ҳимоя қилиш йўлидаги ушбу камтарона ишни қабул этишини, бу ишнинг савобини на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермайдиган, фақат Аллоҳнинг ҳузурига соғлом қалб ила келган кишига қилган солиҳ амалигина фойда берадиган кун бўлмиш – Ўзига йўлиқадиган кунга қадар асраб қўйишлигини сўраб қоламан.

Ушбу сатрларни қоралаган:

Абу Усома

Салим ибн Ийд Ал-Ҳилолий Ас-Салафий Ал-Асарий

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг