Муҳаддислар: Имом Суфён Саврий (3)

0

Оиласи:

Саврий роҳимаҳуллоҳ ўткинчи дунё лаззатларига қиё ҳам боқмайдиган ўта зоҳид зот бўлишига қарамай уйланиш ҳақида шундай дер эди: “Кўпхотинлилик дунёга берилиш саналамайди. Негаки, Али розияллоҳу анҳу энг зоҳид саҳобалардан бири бўла туриб, тўртта хотини, тўққизта чўриси бор эди[1].

Саврий роҳимаҳуллоҳ умуман олганда бой-бадавлат аёлга уйланишни маъқул кўрмас эди. Ҳатто унинг ўзи: “Агар уйланиб, фарзанд кўрсам, қилган солиҳ амалларим савобини кетказади”, дея хавотирланиб уйланишдан четланар эди.

Мансур ибн Собиқ роҳимаҳуллоҳ айтади: “Сувённинг басралик биродарларидан бири уни ҳоли жонига қўймай уйланишга ундайверган эди, Суфён унга: “Ундай бўлса, уйлантириб қўй”, деди.

Шундан сўнг Суфён Маккага сафар қилди. Ҳалиги биродари эса Басрага бориб, у ернинг бой-бадавлат ва обрўли хонадонларининг бирига Суфён учун совчи бўлиб борди. Хонадон эгалари рози бўлишди ва сепига бир карвон мол-дунёни хизматкорлари билан ҳозирлаб, Маккага Суфённинг олдига келишди. Биродари Суфённинг олдига келиб деди:

  • Сенга совчи бўлдим.

  • Кимга?

  • Фалончининг қизига.

  • Менга ундай аёлнинг кераги йўқ. Мен сенга ўзимга муносиб аёл топ дегандим.

  • Уларнинг розилигини олиб қўйдим.

  • Кераги йўқ.

  • Мени одамлар олдида шарманда қиласан.

  • Менга ундай аёлнинг кераги йўқ.

  • Энди мен нима дейман?!

  • Уларнинг олдига қайтиб боргинда: “Суфёнга ундай аёл керак эмас экан”, деб айт.

Биродари уларнинг олдига қайтиб бориб Суфённинг сўзини етказди. Шунда келин деди:

  • Мени нимамни ёқтирмаяпти?

  • Мол-дунёнгни.

  • Барча мол-дунёмдан воз кечиб, сабр қилиб, у билан бирга яшашга тайёрман.

Биродари хурсанд бўлиб қайтиб келиб, келиннинг сўзини етказганда Суфён: “Керак эмас, яхши еб-ичиб ўсган малика бунга чидай олмайди”, деб, унинг таклифини қабул қилмади ва келин томон Басрага қайтиб кетди”.

Суфёндан: «Уйланишни нимасини ёқтирмайсиз?», деб сўрашганда: «Фарзандим бўлишидан қўрқаман», деб жавоб берган экан.

Шундай бўлса-да, Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ умри мобайнида икки маротаба уйланган. Биринчи аёлидан бир ўғил фарзанд кўради. Аммо у ҳам Суфён ҳаётлик пайтида вафот этади. Сўнг Умму Ҳузайфа Наҳдий деган аёлга уйланади, лекин ундан фарзанд кўрмайди. Суфён ортидан зурриёт қолдирмади. Шу сабабли барча мол-дунёсини опаси ва опасининг ўғли Аммор ибн Муҳаммадга ҳадя қилади[2].

Ёзган китоблари:

Муаррих уламолар Саврийнинг тафсир, ҳадис, фиқҳ, ихтилоф ва зуҳд фанларида бир қанча китоблари бўлганини айтишган. Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ Саврийни биринчилардан бўлиб китоб ёзган уламолар қаторида зикр қилган.

Ибн Асвад Ҳорисий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Суфён бир нарсадан қўрқиб, китобларини қудуққа ташлаб юборди. Хавф-хатар аригач, мен ва Язид ибн Тавбани: «Китобларни чиқаринглар», деб китоб ташланган ерга юборди. Биз ўша ерга бориб қудуқдан китобларини чиқарар эканмиз, мен унга: «Эй Абу Абдуллоҳ, рикоз (ерга кўмилган хазина)дан бешдан бири берилади», дердим. У эса куларди. У ердан тўққиз жавон (сандиқ) китоб чиқардик. Уларнинг ҳар бири мана бу ергача эди, дея кўкрагидан пастроққа ишора қилди. Шунда Суфёнга: «Битта китобни танлаб менга дарс беринг», дедим. У бир китобни олиб ундан менга дарс берди»[3].

Қуйида Саврий роҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб айрим китобларни зикр қиламиз:

1 – «Жомеул кабир фил фиқҳи вал ихтилоф».

2 – «Жомеус сағир».

3 – «Китобул фароиз».

4 – «Китобу одоби Суфён Саврий».

5 – «Тафсир». Ҳожи Халифа «Тафсири Суфён» номи билан зикр қилган.

 Вафоти:

Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муаррих уламолар бир овоздан айтишича, Саврий ҳижрий 161 (милодий 778) йилнинг шаъбон ойида (аббосийлар халифаси) Маҳдийнинг даврида Басра шаҳрида вафот этган[4]. Ушбу фикрни Бухорий, Табарий, Масъудий, Хатиб, Ибн Надим ва бошқа уламолар айтишган.

Саврий роҳимаҳуллоҳ қанча йил умр кўргани борасида уламолар ўртасида турли фикрлар мавжуд бўлиб, тўғрироқ фикрга кўра, у 64 тўрт йил умр кўрган.

Аллоҳ таоло имом Суфён Саврийни Ўз раҳматига олсин, уммат манфаати йўлида қилган саъй-ҳаракатлари учун энг гўзал мукофотлар билан тақдирласин ва зурриётларимиздан ҳам унга ўхшаган раббоний олимлар етишиб чиқишини насиб айласин. Омин.

[1] Қаранг: “Лавоқиҳ”, (1/54).
[2] Қаранг: «Тақдима», (90-бет), «Таҳзиб», (1/370), «Табақот», (6/257), «Талқиҳ», (235).
[3] Қаранг: «Тарихи Бағдод», (9/161) ва «Тақдима», (115-бет).
[4] Қаранг: «Табақот», (6/258).

Изоҳ қолдиринг