Мўмин асалари кабидир

0

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, мўмин худди асаларига ўхшайди: пок нарсаларни ейди, пок маҳсулот беради, қўнган жойини синдириб, пайҳон қилмайди”. Имом Аҳмад ўзининг “муснад”ида Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Асаларидан ўрнак ол!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминни асаларига тўлиқ ўхшатдилар. Бу – асаларида бор барча сифат мўминда ҳам бор, дегани эмас, албатта. Бунинг маъноси: мўмин худди асалари каби манфаатли. Асаларидаги мақтовга сазовор барча сифатлар мўминда ҳам бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисда асаларидаги мақтовга сазовор асосий сифатларни айтиб, қолганини тингловчига ҳавола қилдилар.

Асаларидаги мақтовга сазовор сифатларни айтар эканмиз, келинг, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сифатлардан бошлайлик:

   1)         покиза нарсаларни ейди;

   2)         покиза маҳсулот беради;

   3)        қўнган жойини синдириб, пайҳон қилмайди.

Асаларини шу сифатлари билан бошқа ҳашаротлардан ажралиб туради. Ҳеч қайси ҳашарот асаларидек пок маҳсулот бермайди. Бирон бир ҳашарот асаларига ўхшаб энг нафис нарсаларга қўнмайди. Асалари гулларни жуда ҳам авайлайди: у гулларга чигирткага ўхшаб ҳужум қилмайди ёки қовоғариларга ўхшаб уларни пайҳон қилмайди. Асалари гуллардан асал олиш билан бирга уларни чанглатади…

Асалари гулнинг хушбўй шарбатини ичади. Шунинг учун ҳам энг яхши асал асаларининг ўзи танлаб йиққан тоғ асали ҳисобланади…

Асаларининг қорнидан чиққан асал энг фойдали ва шифобахш маҳсулот ҳисобланади. Шунинг учун ҳам асал Қуръонда мақталган ва Аллоҳ таоло уни ўз неъматлари қаторида санаб ўтган.

Асалари чигиртка ёки қовоғари каби зараркунанда эмас. Ҳатто зарар бермаслик учун уясини кўз кўрмайдиган, қўл етмайдиган жойларга қуради…

Асалари унга озор бермаган кишини чақмайди. Учиб юриш асносида инсон ёки ҳайвонни кўрса улардан узоқлашади. Қовоғарига ўхшаб арзимаган нарсага ғазабланмайди…

Асаларининг расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган сифатларига келсак, у уйини қуриб, ўз наслини сақлаб қолиш учун куни билан тиним билмай ишлайди. У жуда ҳам шижоатли: уйини қуриш учун керак бўлса жонини ҳам фидо қилади. У жамоавий ишлашни яхши кўради. Бу нарса ҳаммага аён…

Асалари ишидан норози бўлмайди. Унинг мақсади уясида бирон мансаб ёки обрўга эга бўлиш эмас, балки ўлиб кетишини била туриб ишлайди…

Мўминнинг асаларига ўхшаш тарафлари

Мўмин покиза бўлади. Нопок ишларни қилишга иймони йўл қўймайди: унинг касби, гапираётган гапи, қилаётган иши, ибодати, ейиш-ичиши ва кийимлари ҳам пок бўлади ва қиёмат кунида фаришталар тарафидан: “Сизларга омонлик бўлсин! Сизлар (дунёда) пок эдинглар. (Шунинг учун ҳам покиза жойга) жаннатга мангу қоладиган бўлиб киринглар” (Зумар, 73) – деган гапни эшитишга лойиқ бўлади.

Мўминнинг қилаётган ишлари ҳам худди асаларининг берган асали каби пок бўлади: бирон иш қилса ёки илм ўргатса ёки бирон бир ихтиро қилса, инсониятга фойдаси тегади.

Мўмин асалари каби фақат пок нарсалардан фойдаланади. Пашша каби ҳар хил нажосатларга яқинлашавермайди…

Мўмин асалари каби фақат фойдали ишларни қилади. Ҳар хил сафсаталарга вақтини сарфламайди.

Асалари қўнган ерини синдириб, вайрон қилмаганидек, мўмин ҳам дуч келган муаммоларини енгиллик билан ҳал қилади.

Асалари сабрли бўлади. Мўмин ҳам чидамли, матонатли ва иродали бўлади. Ҳар қандай ишга қўл урса ҳам, унинг уддасидан чиқади. Мўмин асалари каби жамоат – бирликни севади, биродарлари билан ўзини янада кучли ҳис қилади, ўзига ўхшаган яхши ишларни қилаётган инсонларни кўрса, умматнинг келажагига умиди янада ортади.

Мўмин худди асаларидек, жамоати кучайиши учун ўзининг жони, моли, вақтини фидо қилади. Унга ҳужум қилиб, ишига халақт берган ва унинг уйини бузишга ҳаракат қилаётганларга зарар беради.

Лекин баъзи инсонлар асаларини ҳам, асални ҳам ёмон кўришади. Улар қаттиқ касал бўлиб, бу касалликнинг заҳри уларнинг тилларига таъсир қилган ва улар асални заҳар деб ўйлаб қолишган. Улар асаларини бир ҳашарот деб биладилар, унинг фойдаларини кўрмайдилар ва доим унга қарши курашадилар. Баъзи ўзини одам деб ҳисоблайдиганлар ҳам мўминларга шундай қарашади. Улар яхшини ёмон, ёмонни эса яхши деб, ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ деб қабул қилишади. Агар Аллоҳ таоло уларга шифо бериб, онгларини очмаса, биз уларга ҳар қанча тушунрирсак ҳам бефойда бўлиб қолаверади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг