Намозда Пайғамбаримизга салавот айтиш кўриниши

0

Юз ўн еттинчи ҳадис

 

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمنِ بْنِ أبي لَيْلَى قال: لَقِيَني كَعبُ بنُ عُجْرَة فَقَالَ:”ألا أُهْدِي لَكَ هَدِيَّةً؟ إِنَّ النَّبيَّ صَلى الله عَلَيْهِ وَسَلم خَرجَ عَلَيْنَا فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ الله، قَدْ عَلِمْنَا كَيفَ نُسَلِّمُ عَلَيْكَ، فَكَيْفَ نُصَلِّي عَلَيْكَ؟”.

قَال: “قُولُوا: الَّلهُمَّ صَلّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَما صَلَّيْتَ عَلَى إبراهِيمِ وَعَلى آل إبراهيمَ إنّكَ حَمِيدٌ مَجيدٌ. وَباركْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحمَّدٍ كَما بَاركْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجيدٌ”.

 

Абдураҳмон ибн Абу Лайло айтади: “Кунларнинг бирида мен Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳуни учратиб қолдим. У менга деди: “Сенга бир ҳадя берайми? Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиққанларида у зотга дедик: “Ё Расулуллоҳ, биз сизга қандай салом беришни билиб олдик, аммо салавотни қандай айтамиз?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва алаа аали Муҳаммад камаа соллайта алаа Иброҳима ва алаа аали Иброҳим иннака ҳамидум мажийд. Ва баарик алаа Муҳаммадин ва алаа аали Муҳаммад камаа баарокта алаа Иброҳим ва алаа аали Иброҳим иннака ҳамидум мажийд”, деб айтинглар” [Бухорий: 6357 ва Муслим: 406].

Салавот маъноси: “Аллоҳим, Иброҳим ва унга эргашган зотларга салавот айтганингдек Муҳаммад ва унга эргашганларга ҳам салавот айт. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан. Аллоҳим, Иброҳим ва унга эргашган зотларга хайру баракот ато этганингдек Муҳаммад ва унга эргашганларга ҳам хайру баракот эҳсон айла. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан”.

Шарҳ:

Тобеинларнинг энг афзалларидан ва олимларидан бири бўлган Абдураҳмон ибн Абу Лайло саҳобий Каъб ибн Ужра билан учрашиб қолади. Каъб унга: “Сенга бир ҳадя берайми?”, дейди. Буни қарангки, салаф-солиҳлар ўзаро улашадиган энг афзал ҳадя шаръий илм бўлган. Аслида ҳам шундай. Абдураҳмон бундай қимматбаҳо ҳадядан хурсанд бўлиб: “Ҳа, ҳадя қилинг”, дейди. Шунда Каъб розияллоҳу анҳу унга дейди: “Кунларнинг бирида бизнинг олдимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар. Биз у зотга: “Ё Расулуллоҳ, сизга қандай салом айтишимиз кераклигини ўргатдингиз, аммо сизга салавотни қандай айтамиз?”, дедик. Шунда Пайғамбаримиз мана бундай денглар, дея бизга қай кўринишда салавот айтиш кераклигини ўргатдилар”.

Бу ташаҳҳудда Аллоҳ таолодан Пайғамбари Муҳаммад ва у зотга эргашганларга салавот сўралади. Бу салавотнинг баракаси Пайғамбарлар отаси Иброҳим ва у зотдан кейин яшаб ўтган пайғамбарлар ва солиҳ инсонларга айтилган салавотнинг баракасидан қолишмайди. Шунингдек, бу салавотда Иброҳим алайҳиссаломга эргашганларга барака ато қилингани каби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашганларга ҳам яхшиликларни янада зиёда қилиниши сўралади. Зеро, Аллоҳ таоло марҳаматли ва саховатли зот. Албатта, бундай сифатга эга бўлган Зот сўралган нарсани кечиктирмай мўл-кўл қилиб беради.

Уламолар ихтилофи:

Имом Шофеий ва имом Аҳмаднинг фикрига кўра, намоздаги охирги ташаҳҳудда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш вожиб бўлиб, ким уни тарк қилса, намози дуруст бўлмайди, уни қайта ўқиши керак бўлади. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун Пайғамбаримизнинг: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммад…”, деб айтинглар”, дея буйруқларини далил қилишган. Маълумки, Пайғамбаримизнинг буйруқ кўринишида айтган сўзларини бажариш вожиб саналади.

Ҳоким ва Ибн Ҳиббон нақл қилган ривоятда мазкур салавот намозда айтиладиган салавот экани очиқ айтилган. У ривоятда: “Намозда сизга қандай салавот айтамиз?”[1], дейилади.

Имом Абу Ҳанифа, имом Молик ва кўпчилик уламоларнинг фикрича, намоздаги охирги қаъдада салавот айтиш суннат саналади. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташаҳҳуд дуосини таълим берганларидан сўнг: “Агар шундай қилсанг намозингни адо қилган бўласан[2], деганлар. Бинобарин, охирги қаъдада салавот айтиш вожиб бўлганида ташаҳҳуд дуосига чекланиш кифоя қилмас эди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Намознинг охирги қаъдасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш вожиб. Абу Олия айтади: “Аллоҳнинг Пайғамбарга салавот айтиши у зотни мақташи ва улуғлаши демакдир”.

2 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққига дуо қилиш ва салавот айтиш у зотнинг зиммамиздаги ҳаққи саналади. Чунки бизга буюк динимиз у зот орқали етиб келган.

3 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга намозда қандай салавот айтиш кераклигини таълим берганлар.

4 – Ислом уммати ҳар намозда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққига дуо қилиши у зотнинг шаъни улуғ ва олий бўлишининг сабабларидан биридир.

5 – Салаф-солиҳларимиз бир-бирларига шаръий илмни ҳадя қилишар ва уни энг қимматбаҳо туҳфа деб билишар эди. Чиндан ҳам бу энг афзал туҳфа ва ҳадядир.

6 – “Ҳамидун мажид”  (Мақтовга сазовор, улуғ ва олийжаноб) деган икки сўз барча комилликни ўзида мужассам этади. Зеро, “ҳамд” сифати буюклик ва ҳурматни тақозо қилса, “мажд” сифати эса олийлик ва улуғликка далолат қилади. Шунингдек, “ҳамд” иззат-икром сифатига далолат қилади. Ушбу буюк икки сифат Аллоҳнинг гўзал исмларининг асоси ҳисобланади.

7 – Аслида “барака” сўзи араб тилида бир нарсанинг униб-ўсиши ва кўпайишини англатади. Барака тилаш эса, бир нарсанинг униб-ўсиши ва кўпайишини сўраб дуо қилишдир. Бинобарин, салавотдаги “Аллоҳумма баарик алаа Муҳаммадин ва аалиҳи”, деган сўзимиз Аллоҳ таолодан Иброҳим ва унга эргашганларга мўл-кўл ва доимий яхшилик ато қилгани каби Расули Муҳаммадга ҳам шундай яхшиликларни сўрашни ўз ичига олади.

Фойда:

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятнинг энг афзали эканига барча уламолар иттифоқ қилган. Сўз усталари ёхуд стилистика фани уламолари айтишларича, бир нарсани бошқа бир нарсага ўхшатганда, ўхшатилаёган нарсанинг мартабаси ўхшатилган нарсадан қуйи бўлиши керак. Бу ерда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилажак салавот Иброҳим соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилган салавотга ўхшатилмоқда. Бу ўз навбатида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилажак салавот мартабаси Иброҳим алайҳиссаломга айтилган салавот мартабасидан қуйи эканини билдиради. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятнинг энг афзали бўлса, қандай қилиб Аллоҳ таолодан у зот ва унга эргашганларга Иброҳим алайҳиссалом ва унга эргашганларга ато этган салавот мартабасидан қуйи салавот ато этиши сўралади?

Уламолар бу эътирозга турлича жавоб берганлар. Улар ичидаги энг яхши жавоб қуйидагича:

“Иброҳим алайҳиссаломдан кейин келган барча Пайғамбарлар, жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Иброҳимга эргашганлардан ҳисобланади. Шунга кўра мазкур дуода Аллоҳдан Пайғамбаримиз ва у зотга эргашганларга Иброҳим алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган барча пайғамбарларга йўллаган саловат миқдорича саловат йўллаши сўралади. Маълумки, ёлғиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлланган саловатдан кўра Иброҳим алайҳиссаломдан кейин келган барча Пайғамбарларга йўлланган саловат афзал бўлади, валлоҳу аълам.

Иккинчи фойда:

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ қаъдада Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш ҳақида келган турли кўринишлардаги ҳадисларни зикр қилар экан, шундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли кўринишларда айтган ва саҳобаларга ҳам турли кўринишларда таълим берган айрим дуо ва зикрлар борасида баъзи кейинги олимлар янгича бидъат йўл тутишган. Улар турли кўринишларда келган муайян дуо ё зикрнинг барча кўринишларини бирлаштириб айтишни мустаҳаб санашган ва бу унинг энг афзал кўриниши деб билишган. Ушбу фикрга биноан, ташаҳҳуд дуоси ҳақида, шунингдек, истифтоҳ (сано) ҳақида келган барча ривоятлар жамланиб (бирлаштириб) бир вақтнинг ўзида айтилади.

Бундай қилиш қадимдан амал қилиб келинаётган мусулмонларнинг амалига зид бўлиши билан бирга бирон мўътабар олим бундай қилиш мустаҳаб эканини айтмаган. Балки бунинг аксини қилиб келишган. Бу амал шариатда янги пайдо қилинган бидъат ва ақлга ҳам тўғри келмайдиган ишдир. Бир дуо, ё зикрнинг турли кўринишларда нақл қилиниши худди Қуръони каримнинг турли қироатларда нақл қилинишига ўхшайди. Маълумки, барча олимлар фикрига кўра, намозда ёки ибодат қилиш мақсадида Қуръоннинг бир қанча қироатларини жамлаб ўқиш мустаҳаб саналмайди. Аммо гоҳида бир қироатда, бошқа пайт бир қироатда ўқиса, мақсадга мувофиқ бўлади. Зикр ва дуолар ҳам шундай. Ташаҳҳудда гоҳо Ибн Масъуднинг ҳадисида келган дуони айтса, гоҳо Ибн Аббоснинг, гоҳо Умарнинг ҳадисида келган дуони айтса, мақсадга мувофиқ бўлади. Намоз бошида айтиладиган “истифтоҳ” дуосини ҳам баъзан Умарнинг ҳадисида келганини ўқиса, баъзан Алининг, баъзан эса Абу Ҳурайранинг ҳадисида келганини ўқиса яхши бўлади”.

[1] Ибн Ҳиббон: 1959 ва Ҳоким: 988.
[2] Аҳмад: 3996.

Изоҳ қолдиринг