Бектошийлар: келиб чиқиши ва тарихи (3)

0

Бектошийлар тариқати Мисрга қандай кириб келди? У ерда қандай қилиб қўним топиб, Туркия ва Албаниядан сўнг уни ўзининг асосий қароргоҳига айлантирди?

Мисрдаги бектошийлар тариқати

Бектошийлар тариқатининг асосчиси бўлган Хункор Муҳаммад Бектош бир гуруҳ муридларни тарбиялашга эришган, уларнинг орасида ўзидан кейин ўринбосари бўлган Абдал Мусо Султон ҳам бор эди. Ўша Абдал Қобуғсиз исмли кишини тарбиялаган бўлиб, Қобуғсизнинг на отаси ва на онаси маълум эди, балки уни «ғойибдан келган» деб номлашар эди («Аҳмадия рисоласи», 34-бет). У бир гуруҳ дарвешлар ҳамроҳлигида Туркиядан Мисрга сафар қилади. Ушбу сафари чоғида каттаю кичик ишда унга сўзсиз итоат қиладиган муте дарвешларни ўзига ҳамроҳ қилди. Ҳатто у баланд бир дарахтни кўрсатиб, «Мана бу бодринг дарахти» деса, улар: «Ҳа тўғри, бу бодринг», дейишар эди («Аҳмадия рисоласи», 38-бет).

Қобуғсиз муридлари билан Мисрга киргач, уларга кўзларини бир парча пахта билан ёпишни буюрди. Миршаб ва аскарлар улардан бунинг сабабини сўраганларида «Бизлар ташқи кўзларимизни беркитиб, ички (ботиний) кўзимиз билан кўрамиз, одамлар подшоҳларининг динидадир», дея жавоб беришди. Амирнинг кўз оғриғидан шикояти борлигини Қобуғсиз билар эди. Подшоҳ уларни синаб кўрмоқчи бўлди. Улар учун катта зиёфат уюштириб, олдиларига жуда узун қошиқларни қўйди. Подшоҳ зиёфатга аъёнларни чақирди ва уларга фақат мана шу узун қошиқлар ёрдамида ейишга буюрди. Барчалари ейишдан ожиз бўлишди, фақатгина Қобуғсиз ва унинг дарвешлари узун қошиқларни қўлларига олиб, ҳар бири рўпарасида ўтирган кишини овқатлантиришди. Амир улардан шод бўлди, сўнг уларга ибодатхона ва карвонсаройларини қуришлари учун жой берди. Бу воқеа ҳижрий 800 йили бўлди. Ўша замондан бери – тўққизинчи асрнинг бошларидан бектошийлар тариқати Мисрда кенг тарқала бошлади. Қобуғсиз ўзини Абдуллоҳ Мағовирий деб номлади, илк такяларини эса «Қасрул айний такяхонаси» (яъни «Кўзли қаср такяхонаси») деб номладилар.

Мана шу ҳолат Мисрда ҳижрий 1242 (милодий 1826) йилгача, то усмонли султон Маҳмуд Иккинчи яничарлар ва бектошийлар тариқатини бекор қилишга буйруқ бергунига қадар давом этди. Уларга тегишли мол-мулклар қодирийлар тариқатига олиб берилди. Лекин Султон Абдулмажид Иккинчи даврига келиб, ҳижрий 1255 йилдан бошлаб султон тарафидан уларга фаолиятларини юргизишга қайта рухсат берилгач, ушбу тариқат иккинчи марта яна Мисрга қайтди. Шайх Али Соатий «Дадабобо – машойихлар шайхи» унвонига эга бўлди, сўнг яна атрофига дарвешларни тўплади ва Бобуллуқда янги такя барпо этиб, васиқалар бериш ва зикр ҳалқалари уюштиришни бошлаб юборди.

Ҳижрий 1276 (милодий 1859) йили Миср ҳукуматининг қарори билан Абдуллоҳ Мағовирий (Қобуғсиз) кўмилган ғор бектошийлар тариқати учун ажратилди. Сўнг улар қўйлари ва туялари учун у ерни бошпана қилиб олган чўпонлар ва саҳройиларни ҳайдаб солгач, ўша ерга катта такя барпо этдилар, тариқатларининг Мисрдаги асосчисига атаб катта гумбазли сағана қурдилар. Шундан сўнг бу ибодатхона бутун Миср халқининг қиблагоҳига айланиб, улар аёлларни туғдириш, касалларга шифо бериш ва ҳожатларни раво айлашга «ихтисослашиб қолган» ушбу «Валиюллоҳ Мағовирий» зиёрати учун у ерни қасд қилиб борадиган бўлишди. У ерга фарзандсиз аёллар фарзанд кўриш умидида борар, қоп-қоронғи, узун ғорлар қаторида бўлган мағорага кирар эдилар. Ушбу Мағовирий ибодатхонаси бир муддат тариқатнинг Туркиядаги бош қароргоҳига тегишли бўлиб турди, сўнгра назорат тариқатнинг Албаниядаги бош марказига ўтди. Кейин 1949 йили Солиҳ Ниёзий Бобо ўзини ўлдиргач, тариқатнинг тобелари тўпланиб, Аҳмад Сарини Қобуғсиз (Абдуллоҳ Мағовирий) такясининг ва тариқат илмлари машойихларининг катта шайхи этиб сайладилар. Бу милодий 1949 йилнинг 30 январида бўлган эди («Аҳмадия рисоласи», 31-бет).

Ўша пайтдан бошлаб Миср мазкур тариқатнинг бош қароргоҳига, Аҳмад Сари (Дадабобо) эса машойихларининг шайхига айланди. 1957 йилнинг январ ойида Миср ҳукумати Муқаттам такясини ҳарбий округ ҳудудида жойлашгани учун бўшатишни буюрди ва тариқат арбобларига Маодий яқинидан бошқа жой ажратди. Янги қароргоҳ бектошийлар такялари шаклида барпо этилди. Сўнг бектошийлар фаоллашиб, ўзларига қарашли эски такяларни қайтадан янгиладилар.

Бу ­– Туркия ва Мисрдаги аҳли суннат ва жамоат орасида пайдо бўлиб, ривожланган ушбу тариқат тарихига қисқа бир назар солиш эди. Ўқувчи бу тариқатнинг маросимлари, зикрлари ва эътиқодлари соф шиаликдан иборат эканини, унинг аҳли суннатга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини билгач, қаттиқ ҳайратланади. Бу каби нарса қандай қилиб Туркия ва Мисрдаги ислом уламолари учун махфий бўлиб қолгани уни чуқур ўйга толдиради. Лекин зоҳирий сўфийлик тариқатлари доимо алдамчи бўлиб, замирида ботиний эътиқодларни яширишини билсак ҳайратимиз йўқолади. Бу ҳақда «Бектошийлар тариқати – шиалик ва сўфийликнинг қоришмасидир» номли мақоламизда алоҳида танишиб чиқамиз, иншааллоҳ.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг