Умавийлар оиласининг тарихи

0

Умавийлар Умайя ибн Абдушамс ибн Абдуманофга нисбатан бу номни олганлар. Бану Умайя билан Бану Ҳошимнинг насаби Абдуманофда туташади. Бану Абдуманоф Маккадаги асосий ҳукмрон оила эди. Қурайшдаги бошқа оилалар уларга тенг кела олмас, ҳаммалари буни тан олган ва Қурайш ҳукмронлигини уларга топширишган эди.

Ҳошимийлар ва Умавийлар тарихи

Бану Абуманоф ибн Қусай Макка ҳокимлигини амакиваччалари Бану Абдуддор ибн Қусай билан бўлишишга ҳаракат қилаётган ягона оила эди. Қусай бошқа болаларидан ўғли Абдуддорни устун қўйиб, Каъбани ўраш[1], байроқ[2], ҳожиларга овқат ва сув бериш ишларини унга топширган эди. Қусай бу борада бошқа фарзандлари Абдуддордан афзал эканини инобатга олмади. Бану Абдуманофнинг Бану Абдуддорга қилаётган курашлари Умайянинг дадаси Абдушамс бошчилигида бўлаётган эди. Чунки у Бану Абдуманофдаги энг ёши катта киши эди. Бу масалада Қурайш ҳам иккига: Абдуманоф ва Абдуддор тарафига бўлинишган эди. Сўнг сулҳлашиб, Бану Абдуманофга ҳожиларга овқат ва сув бериш ишини, Бану Абдуддорга эса Каъбани ўраш, байроқ ва кенгаш ишини топширдилар.   Шунда ҳожиларга овқат ва сув бериш ишини Ҳошим ибн Абдуманоф олди. Чунки Абдушамс кўп сафарда бўлар, Маккада эса кам бўлар эди. Қолаверса, Абдушамс серфарзанд ва камбағал, Ҳошим эса бой эди.

Макка ҳокимлиги Қурайшнинг биринчи бошлиғи Қусайнинг давридагидек бир оила ёки бошлиқнинг қўлида эмас, иқтисод белгилаб берадиган таъсир доираларидан иборат эди.

Бану Абдуманоф Макка ва унинг атрофидаги тижоратларни тартибга солишда ҳам биргаликда ҳаракат қилдилар. Улар ўзаро иттифоқ ва бирдам эдилар. Улар вафот этганида айтиладиган марсиялар ҳам, уларни мақташ учун айтиладиган шеърлар ҳам бир хил, улар орасини ажратмас эди. Жоҳилиятдаги араблар ҳаёти ҳам бир отадан туғилган ака-укалар имкон қадар бир-бирларига ўзаро ёрдамлашишлари ва бир ёқадан бош чиқаришларини тақозо қилар эди. Бану Ҳошим ва Бану Абдушамс ўртасида қаттиқ адоват борлиги тўғрисида келган ривоятлар саҳиҳ эмас. Ривоят қилинишича, Ҳошим билан Абдушамс бир-бирига ёпишиб туғилган эмиш ва шу сабабдан фарзандлари орасида қон тўкилган эмиш. Бу хабарни ким ривоят қилгани ҳам номаълум. Тўқима экани яққол кўриниб турибди. Устига устак Ибн Исҳоқнинг Абдушамс Бану Абдуманофнинг энг ёши каттаси эди, деган ривоятига ҳам тескари. Ҳошим билан Умайя ибн Абдушамс орасида ва Абдулмутталиб ибн Ҳошим билан Ҳарб ибн Умайя ўртасида келишмовчилик бўлгани ҳақидаги хабарни бир каззоб шиий ўзи ҳам, исми ҳам номаълум шахслардан ривоят қилган. Заиф санади ва тўқима матнидан ҳам ҳужжатга яроқсиз экани очиқ кўриниб турган бу ривоятлар Бану Умайя билан Бану Ҳошим ўртасида кейинчалик пайдо бўлган келишмовчилик туфайли шов-шув бўлиб кетди ва ровийлар бу хабарнинг тарихий бир санадини исботлашга ҳаракат қилишди. Шундай бўлсада, Бану Ҳошим билан Бану Умайя ўртасидаги алоқа яхши бўлганлигида ҳанузгача шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам Ибн Халдун: “Бану Абдуманофга имконият ва обрў-эътибор масаласида Қурайшнинг бошқа ҳеч қайси бир оиласи тенг кела олмас эди. Бану Абдуманофнинг ичида ҳам икки оила бор эди: Бану Умайя ва Бану Ҳошим. Улар иккаласи ҳам Бану Абдуманофга мансубдир. Қурайш буни билар ва шунинг учун ҳам ўзларига бошлиқ бўлишларини улардан талаб қилишган эди. Бироқ Бану Умайя Бану Ҳошимга нисбатан сон жиҳатидан кўп, эркаклари ҳам кўп эди. Қувват эса сонга қараб бўлади. Бу ҳақда шоир: “Куч-қувват кўпчиликнинг қўлидадир…” – деган”. Менимча, Бану Умайянинг Ибн Халдун назарда тутаётган устуворлиги пайғамбаримизга ваҳий келишидан олдинроқ, Абдулматталибнинг вафотидан кейин бўлган. Чунки обрў-эътибор унга отасидан мерос қолган эди. Кейинчалик Абу Суфён машҳур бўлиб кетди. Муовия ибн Абу Суфённинг қуйидаги сўзи Бану Умайя билан Бану Ҳошим ўртасидаги алоқа мана шундай бўлганини янада таъкидлайди. Муовия розияллоҳу анҳудан: “Қай биринглар кўпроқ обрўли эдинглар: сизларми ёки Бану Ҳошимми?” – деб сўралганида у: “Бизнинг ичимизда обрўли одамлар кўп бўлишига қарамасдан, оила ўлароқ улар биздан обрўли эди. Чунки уларда Абдулмутталиб бор эди. Бизда эса унга тенг келадигани йўқ эди. Эндигина бизнинг сонимиз кўпайиб, ичимизда обрўли кишиларнинг сони ортиб, улар бизга тенглашолмайдиган бўлиб, хурсанд бўлай деганимизда улар: “Биздан пайғамбар чиқди” – дедилар. Унақаси чиқиши мумкин бўлмаган бир пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар. Энди бундай обрў ва шарафга ким ҳам эриша оларди?!” – деб жавоб берган эди.

Албатта Маккадаги ислом келишидан олдинги, биз билган жоҳилий ҳаёт нуқтаи назаридан қараганимизда юқоридаги гаплардан улар ўртасида мутлақо беллашув бўлмаган, деган гап келиб чиқмайди. Лекин бўлиб ўтган бу беллашувлар ака-ука, бир отанинг фарзандлари орасида бўлиши мумкин бўлган ишлар қабилидан ва бу ишлар Зайдийлар даъво қилганидек адоват ва пайт пойлаб ўч олиш даражасига чиқмаган. Бизда Бану Ҳошим билан Бану Умайя ўртасидаги алоқа яхши бўлганини исботлайдиган тарихий далиллар бор. Масалан, Ҳошимийларнинг ўз давридаги раиси Абдулмутталиб ибн Ҳошим Умавийларнинг раиси Ҳарб ибн Умайя билан дўст бўлган. Шунингдек, Аббос ибн Абдулмутталиб ҳам Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайянинг энг қалин ўртоғи бўлган. Макка фатҳида Абу Суфённинг исломни қабул қилиш қиссасида Аббоснинг тутган ўрни бизга энг катта далил бўлади. Биз буни иншааллоҳ келгусида баён қиламиз. Мен ҳайронман, Мақризий Аббос билан Абу Суфён ўртасида мустаҳкам дўстлик бор эканини тан олсада, Ҳошимийлар ва Умавийлар ўртасидаги алоқалар ҳақида ёзган китобида асосан улар ўрталаридаги низо ва хусуматлар ҳақида сўз юритган. Умавийлар ва Ҳошимийлар оиласидаги икки буюк шахслар орасида мустаҳкам бир дўстлик бор экан, ислом келганидан кейин ҳам улар ўртасида низо бўлган деб тахмин қилиш ва унинг асосини исломдан олдинги ҳолатга буришнинг тарихий жиҳатдан асоси йўқ. Ҳолбуки, улар бир отанинг – Абдуманоф ибн Қусайнинг фарзандларидир. Қозвинийга нисбат берилаётган “Бану Умайя ва Бану Ҳошим ўртасидаги низо ва хусуматлар” китобининг битта ҳарфини бўлса ҳам Қозвиний ўз қўли билан ёзган, деб тасаввур қилиш қийин. Чунки Қозвиний бу даражада ақлини йўқотиши, бу даражада воқеликни билмаслиги мумкин эмас. Бу китобни ким ёзган бўлса ҳам, тоифакашлик ва тарафкашлик кучайган асрда, “тарихчи” деган сифатни ва олимларда бўлиши керак бўлган хулқларни четга суриб қўйиб ёзган.   Чунки бу китобда беркиниб ётган гина-гудрат ва ҳасад ҳақида кўп гапириб,   буни китобнинг асосий мавзусига айлантириб қўйган. Тарих фани доктори Иброҳим Шаутнинг фикрича бу китоб Муқризийга мансуб. Китоб кимга тегишли бўлишидан қатъий назар, биз шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, бу китоб муаллифининг Бану Умайя билан Бану Ҳошим ўртасида азалдан жуда ҳам қаттиқ адоват бўлган, деган фикри илмий изланиш нуқтаи назаридан ўз исботини топмайдиган қуруқ даъводир. Баъзи инсонлар Бану Умайянинг тарихига Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг исломга киришидан олдинги Маккадаги ҳолатини ва Али билан Муовия ўртасида бўлиб ўтган жангларни эътиборга олган ҳолда қарайди. Бунга яна Бану Умайя билан Бану Ҳошим ўртасида ислом келишидан олдин бўлиб ўтган тарихий келишмовчиликларни ҳам қўшадилар. Лекин бу ривоятлар саҳиҳ эмас. Саҳиҳ бўлганлари эса бу икки улуғ оила ўртасида адоват бўлганига далил бўла олмайди. Улар Қурайшдаги энг шарафли оила эдилар. Соф илмий изланишлар натижасида ва тўқима ривоятлар ташлаб юбориладиган бўлса, бу икки оила ўртасидаги муносабат бошқа оилалар ўртасидаги каби оддий бўлгани равшан бўлади.

[1] Каъбанинг устидаги мато – каъбапўшни алмаштириб туриш

[2] Байроқ кимда бўлса, унинг рухсатисиз уруш бошлаш ёки бўлаётган урушга қўшилиш мумкин бўлмаган

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг