Усмон розияллоҳу анҳу: насл-насаби ва ташқи кўриниши

0

Исми

Исми Усмон ибн Аффон ибн Абулос ибн Умайя ибн Абдушамс ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб.  Насаби Абдуманофда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади. Онаси Арво бинти Курайз ибн Робиа ибн Ҳабиб ибн Абдушамс ибн Абдуманоф ибн Қусай. Арвонинг онаси Умму Ҳаким бинти Абдулмутталиб. Умму Ҳаким расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дадалари Абдуллоҳнинг туғишган синглиси бўлади. Зубайр ибн Баккор ривоят қилишича, Абдуллоҳ билан Умму Ҳаким эгиз бўлишган. Демак, Усмон розияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммасининг набираси, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Усмон розияллоҳу анҳунинг онасининг тоғасининг ўғли бўлган. Усмон розияллоҳу анҳунинг онаси исломга кирган ва ўғлининг халифалик даврида вафот этган. Уни қабрга Усмон розияллоҳу анҳу ўз қўллари билан қўйган. Отаси эса жоҳилиятда вафот этиб кетган эди.

Куняси

Усмон розияллоҳу анҳу жоҳилиятда Абу Амр деб куняланар эди. У расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайядан Абдуллоҳ исмли ўғил кўрганидан кейин мусулмонлар орасида Абу Абдуллоҳ деб кунялана бошлади.

Лақаби

Усмон розияллоҳу анҳу Зуннуройн – икки нур эгаси деб лақабланарди. Бадриддин Айний “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган шарҳида шундай дейди: “Муҳаллаб ибн Абу Суфродан: “Нимага Усмон розияллоҳу анҳу Зуннуройн деган лақаб олган?” – деб сўралганида: “Чунки биз ундан бошқа одамни бир пайғамбарнинг икки қизини ўз ҳимоясига олганини (уйланганини) эшитмаганмиз” – деб жавоб берди”. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абон Жуъфий шундай дейди: “Мендан тоғам Ҳусайн Жуъфий: “Ўғлим,  нимага Усмон розияллоҳу анҳу Зуннуройн деган лақаб олганини биласанми?” – деб сўради. – Йўқ. – Чунки Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан то қиёмат кунигача ундан бошқа ҳеч ким бир пайғамбарнинг икки қизига уйланмаган ва шунинг учун ҳам Зуннуройн деган ном олган, деди”. Ҳар куни кечаси намозида кўп тиловат қилгани учун Зуннуройн деб лақаб олган, чунки Қуръон ҳам, намоз ҳам нур, деган гаплар ҳам бор.

Туғилган йили

Усмон розияллоҳу анҳу – тўғрироқ фикрга кўра – Маккада Фил йилидан олти йил кейин таваллуд топган. Тоифда туғилган, деган ривоят ҳам бор. У расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан беш ёш кичкина.

Ташқи кўриниши

Усмон розияллоҳу анҳу ўрта бўйли, юмшоқ, қуюқ ва баҳайбат соқолли, суяклари йирик, кенг елкали, қалин сочли, соқолини заъфаронга бўяб юрарди. Зуҳрий: “Усмон розияллоҳу анҳу ўрта бўйлиги, чиройли сочли, гўзал юзли, тепакал, оёқларининг ораси очиқ, бурни узун ва қирра ҳамда эгилган, болдирлари қалин, билаклари узун, билагини ҳеч ҳам очмас эди, сочи жингалак, тишлари жуда ҳам чиройли, сочи қулоғидан пастроққа тушадиган, чиройли юзли ва тўғрироқ фикрга қараганда ранги оқ эди. Бўғдой рангли бўлган, деган фикрлар ҳам бор” – деди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг