Биринчи ҳадис (1)

0

Мўминлар амири Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур. Кимда ким Аллоҳ ва унинг расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, у ҳолда (чиндан ҳам)  Аллоҳ ва расули сари ҳижрат қилган бўлур. Кимда ким мол-дунёга эришиш ёхуд бир аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилса, у ҳолда ўзи мақсад қилган нарсасига ҳижрат қилган бўлур[1].

Ушбу ҳадисни муҳаддислар икки имоми – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибнил Муғийра ибн Бардизба Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибнил Ҳажжож ибн Муслим Қушайрий Нисопурийлар ҳадис  китобларининг энг ишончлиси бўлмиш “Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида” ривоят қилганлар.

Шарҳ:

Мўминлар амири” – Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кўрсатмаси билан халифалик унинг қўлига ўтди. Бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳасанотларидан бири ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг  халифа этиб сайланиши шаръий асосга эга. Чунки уни халифа этиб тайинлаган Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса Бани Соида шийпонида саҳобаларнинг унга байъат қилиши билан халифа этиб сайланган эди. Ҳар икковларининг халифалиги шаръий асосга эгадир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттобни халифаликка ихтиёр қилиб ниҳоятда тўғри иш қилган эди.

Умар розияллоҳу анҳунинг “шундай деганларини эшитдим” деган сўзи, унинг бу ҳадисни бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олганлигига далилдир.

Ажабланарли томони шундаки, ушбу ҳадис ўта муҳим бўлишига қарамай, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фақат Умар розияллоҳу анҳугина эшитганлар. Бироқ ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи талай оят ва ҳадислар мавжуд. Жумладан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди:  “Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз” [Бақара: 272],  “Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир.  У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли,  ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар.  Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ,  сажда қилаётган ҳолларида кўрурсиз” [Фатҳ: 29]. Бу икки оятда ҳам ният тўғрисида сўз юритилган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: “Билгинки, сен Аллоҳнинг розилигини истаб бирон бир нафақа-эҳсон қилмагин, ҳаттоки хотинингнинг оғзига солган (ҳар қандай) озиқ-овқат бўлмасин, албатта унинг эвазига ажр-савоб оласан”[2]. Ҳадисдаги  “Аллоҳнинг розилигини истаб” деган сўз ниятга далолат қилади. Муҳими, ҳадисда ифода этилган маъно Қуръон ва бошқа ҳадисларда ўз исботини топган. Ҳадис лафзини Умар розияллоҳу анҳунинг якка ўзи ривоят қилган бўлсада, бироқ уни бутун уммат бир овоздан қабул қилган. Ҳатто Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳ” асарини ушбу ҳадис билан бошлаган.

   “Албатта амаллар”:

Амал дейилганда барча амалларни: қалбда бажариладиган, тилда бажариладиган ва бошқа ташқи аъзолар билан бажариладиган амалларни ўз ичига олади. Демак, бу ердаги “амаллар” сўзи амалнинг барча турларини ўз ичига қамраб олар экан.

Қалб амаллари дейилганда Аллоҳга таваккул қилиш, унинг ўзига “инобат қилиш”, яъни қайта-қайта мурожаат қилиш, Аллоҳдан қўрқиш ва шунга ўхшаш қалбда кечадиган амаллар назарда тутилади.

Тил билан бажариладиган амаллар тилда нутқ қилиб бажариладиган амаллардир. Тилда бажариладиган амаллар бениҳоят кўп. Аъзолар ичида тилчалик кўп амал қиладиганини билмайман. Агар бўлса ҳам кўз ёки қулоқ бўлиши мумкин.

Ташқи аъзолар билан бажариладиган амаллар қўл, оёқ ва шу каби аъзолар бажарадиган амаллардир.

“Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир”:

Ниятнинг шаръий тушунчаси – Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида бирон бир ибодатни қилишга азму қарор қилиш. Ниятнинг ўрни қалбдир. У қалбда кечадиган амал бўлиб, ташқи аъзоларнинг ниятга алоқаси йўқ.

Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур”:

Шу ўринда бир масала бор, юқорида зикр қилинган икки жумла, яъни  “Албатта амаллар фақат ниятларга боғлиқдир”  ва “Ҳар бир кимса учун ният қилгани  насиб қилур”  икки жумласи бир хил маънони англатадими ёки бу иккисининг маъноси бир-биридан фарқлими?

Аввало шуни билишимиз зарурки, аслини олганда бирон бир гап ўзидан олдинги гап мазмунини таъкидлаб келмасдан, балки алоҳида янги бир маънони англатиши лозимдир. Бу масалада уламолар икки тур фикр билдирганлар:

Биринчи фикрга кўра, бу икки жумла бир хил маънода келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Албатта амаллар фақат ниятларга боғлиқдир”, деб, сўнгра уни “Ҳар бир кимса учун ният қилгани  насиб қилур”, деган сўзлари билан таъкидлаганлар.

Икккинчи фикрга кўра, иккинчи жумла биринчисидан фарқли маънони англатади.

Бу борадаги қоида шундан иборатки, агар бирон бир гапнинг алоҳида янги маънони ифодалаши билан унинг ўзидан олдинги гап мазмунини таъкидлаб келиши ўртасида иккиланиш юзага келса, у ҳолда биз бу гапни алоҳида янги маънони англатиш учун зикр қилинганлик эҳтимолини устун қўямиз. Негаки, бу икки гап маъноси бир хил дейдиган бўлсак, у ҳолда матнда такрорлаш юзага келади ва бизда бу такрорлаш сабабини билишга эҳтиёж туғилади.

Демак, бу масаладаги тўғри фикр – бу икки жумла бир-биридан фарқли маъноларни ифода этади. Биринчи жумла ният қилинган нарса, яъни амал учун айтилган бўлса, иккинчи жумла амалнинг ким ёки нима учун қилингани, яъни  бу амалдан Аллоҳнинг розилиги исталганми ёки бирон бир дунёвий мақсад учун қилинганлиги назарда тутилган. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи жумладан кейин: “Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, у ҳолда (чиндан ҳам)  Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлур”, –деган сўзлари ҳам шу нарсага далолат қилади. Демак, бу фикрга кўра матнда такрорланиш учрамайди.

Ҳадисдаги бу ниятдан мақсад одатларни ибодатлардан  ва ибодатларни ўзини ҳам бир-биридан ажратишдир.

Одатларни ибодатлардан ажратишнинг мисоли:

  • Кимдир шунчаки кўнгли тусаганидан бир овқатни еса, бошқа бир киши Аллоҳ таолонинг Ва еб-ичингизлар [Аъроф: 31], деган буйруғига бўйсуниб таом ейди. Улардан иккинчи кишининг ейиши ибодат бўлса, биринчисининг ейиши одатдир.

  • Кимдир салқинлаш мақсадида совуқ сувга ювинса, бошқа бир кимса жанобатдан покланиш мақсадида сув билан ювинади. Бу ювинишнинг биринчиси одат бўлса, иккинчиси ибодатдир. Шу боис, жанобат етган бир инсон салқинлаш мақсадида денгизга шўнғиб, сўнг намоз ўқиса, унинг бу ювиниши ғусл ўрнига ўтмайди. Чунки ғусл қилиш учун ният зарурдир. Ҳолбуки, бу кимса ибодатни ният қилмасдан, балки шунчаки салқинлашни мақсад қилган эди.

Шунинг учун ҳам айрим уламолар: “Ғофил бандаларнинг ибодатлари одат, сергак зикр аҳлининг одатлари ҳам ибодатдир”, – деганлар. Ғофил бандаларнинг ибодатлари одат эканига мисол: бундай кишилар одатига кўра таҳорат олиб намоз ўқир экан, бу амали билан Аллоҳнинг амрига бўйсунаётганлигини кўнглидан кечирмайдилар. Сергак кишиларнинг одатлари ҳам ибодат эканлигига мисол: бундай инсонлардан бири таом ер экан, Аллоҳнинг амрига буйсунаётганини кўнглидан кечиради, ўз жонини ҳалокатдан сақлаш ва ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолишдан тийилишни мақсад қилади. Оқибатда, унинг аслида одат бўлмиш бу амали ибодатга айланади. Яна бир мисол:  бир инсон янги кийим кияр экан, одамлар ичида бу кийими билан кеккайиб-гердайишни мақсад қилади. Албатта бундай кимса ажр-савоб олмайди. Бошқа бир инсон борки, янги либос кияр экан, одамларга Аллоҳнинг унга берган неъматини танитиш ва ўзининг бой эканлигини билдиришни мақсад қилади. Албатта бундай кимса савобга муяссар бўлади. Учинчи бир мисол: бир киши жума куни энг кўркам кийимларини кияди, чунки у бу кунда мана шундай қилишга одатланган. Бошқа бир инсон эса жума куни энг кўркам либосларини кияр экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни мақсад қилади ва шундай қилиб унинг бу амали ибодатга айланади.

Ибодатларни бир-биридан ажратишнинг мисоли:

Бир киши икки ракаат намоз ўқир экан, нафл намозни ният қилади. Бошқа бир киши икки ракаат намоз ўқир экан, фарз намозни ният қилади. Шакл жиҳатдан бир хил бўлган бу икки амал ният билан бир-биридан ажралади. Бири нафл бўлса, иккинчиси фарздир. Шунингдек, қолган барча амалларни ҳам шунга қиёс қилиб олишингиз мумкин.

Демак, ниятдан мақсад ибодатларни одатлардан ажратиш ёхуд нафл ва фарз сингари ибодатларнинг ўзини бири-биридан ажратиш экан.

Шуни билингки, ниятнинг ўрни қалбдир. Шу боис, ният нутқ қилинмайди. Негаки, сиз кўз ишораси ва дилда яширинган сир-асрорларни билувчи Зотга ибодат қиласиз. Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларидаги нарсаларни тўла-тўкис билувчи Зотдир. Сиз токи ниятингизни сўзламагунча дилингиздаги нарсаларни билмайдиган зот ҳузурида турмоқчи эмассиз-ку, ахир? Аксинча, сиз кўнглингизда кечган кечинмалар, сизнинг беқарор ҳолатингизу, ўтмишу- ҳозирингизни биладиган Зот ҳузурида турмоқчисиз. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, у зотнинг асҳоби киромлари розияллоҳу анҳумлардан ҳам ниятни талаффуз қилганлари хусусида ҳеч нарса ривоят қилинмаган. Шунга биноан, хоҳ сирли, хоҳ ошкора тарзда бўлсин ниятни талаффуз қилмоқлик бидъат ҳисобланиб, ундан қайтарилади. Бироқ, бунга қарши ўлароқ, ниятни талаффуз қилиш тил билан қалбнинг бир-бирига мос келишига ёрдам беради, деган сабабни рўкач қилишган ҳолда  айрим уламолар “ният ошкора нутқ қилинади”, десалар, баъзи уламолар “ният сирли талаффуз қилинади”, дедилар.

Во ажаб! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу амални қилганми эдилар?! Агар бу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларидан бўлганида, албатта уни қилган ва одамларга баён қилган бўлур эдилар!

Айтишларича, Нажд ўлкасидан келган бир киши Масжиди Ҳаромда пешин намозини ўқимоқчи бўлиб турса, намозга иқомат айтилибди. Шу пайт у билан ёнма-ён турган, ниятни талаффуз қилиш керак, деб ўйлайдиган бир киши овоз чиқариб ният қила бошлабди: “Эй Аллоҳ, албатта мен тўрт ракаатли пешин намозини Масжиди Ҳаромнинг имоми орқасида холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим!”. Ният қилиб бўлиб такбир айтмоқчи бўлганида Нажддан келган омий одам унга қарата: “Шошма, эй биродар, ахир санани:  кун, ой ва  йилни айтишни унутдинг-ку?!”,– деса, ҳалиги одам ҳайрон бўлиб турганмиш!

[1] Бухорий  (“Ваҳийнинг бошланиши китоби”, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийнинг қандай бошланганлиги ҳақидаги боб”, 1-рақамли ҳадис) ва Муслим (“Амирлик тўғрисидаги боб”,  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятга боғлиқ”,-деган сўзлари ва бунга ғазот қилиш ва ундан бошқа амалларнинг ҳам кириши тўғрисидаги боб”, 1907, 155- ҳадислар) ривоят қилишган.

[2] Имом Бухорий  (“Иймон китоби”, “Амаллар ният ва Аллоҳдан ажр умид қилишга боғлиқ ва ҳар бир кишига ният қилгани бўлишлиги хусусида келган нарсалар ҳақидаги боб”, 56-рақамли ҳадис) ва Муслим (“(Мол-мулкдан) учдан бирини васият қилиш китоби”, 1628-рақамли ҳадис) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг