Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Ҳакам, Ҳоким ва Ҳаким исмларининг маъноси (давоми)

0

Ўтган мақоламизда Аллоҳ таолонинг Ҳакам, Ҳоким ва Ҳаким сифатлари ҳақида сўз юритган эдик. Мақоламиз сўнггида келгуси мақолада Шинқитий роҳимаҳуллоҳнинг инсонлар нима сабабдан қонун чиқаришга нолойиқ эканлари ҳақида ёзган гапларини келтирамиз дегандик. Шинқитий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди:

“Маълумингизким, Аллоҳ таоло бир қанча оятларда қонун чиқаришга ҳақли бўлиш учун керакли бўлган сифатларни айтиб ўтган.Биз қуйида шу сифатларни келтириб ўтамиз. Оқил инсон бу сифатларни ўрганиб, қонун ишлаб чиқаётган инсонларга солиштириб кўриши лозим. Кўрсин, қонун чиқаришга лойиқ зотнинг сифатлари у инсонларга тўғри келармикан ёки йўқми. Агар бу сифатлар уларда ҳам топилса, топилмаслиги аниқ, унда ўзлари ишлаб чиққан қонунларга амал қилаверсинлар. Агар улар қонун ишлаб чиқишга ҳақсиз ва нолойиқ бўлсалар, унда ҳаддиларини билсинлар ва парвардигорлик мақомига интилмасинлар. Зеро, Аллоҳ таолога на ибодатда, на қонун ишлаб чиқишда ва на эгаликда бирон шерик бор.

Қонун ишлаб чиқишга лойиқ зотнинг сифатларини кўрсатиб берган оятлардан бири қуйидаги – “Қандай масалада ихтилофлашсангиз, унинг ҳукмини Аллоҳга қайтаринглар” (Шўро: 10) оятидир. Мазкур оятнинг ортидан Аллоҳ таоло қонун чиқаришга лойиқ зотнинг сифатларини айтиб шундай дейди: “Бу (ўртангиздаги хусуматларга чек қўядиган ҳакам) Раббим Аллоҳдир. Мен Унгагина таваккал қилдим ва Унгагига суянаман. У осмону ернинг яратувчисидир. Сизларга ўзларингиздан жуфту ҳалоллар яратиб қўйди. Ҳайвонлардан ҳам (сизлар учун) жуфтларини яратди. Бу билан У сизларни яшатади. Аллоҳ ҳеч нарсадек эмас ва У эшитувчи ҳамда кўрувчидир. Осмону ер хазинасининг калитлари Унинг қўлида, хоҳлаганига ризқни мўл-кўл қилади, хоҳлаганига танг қилиб қўяди. Албатта, у барча нарсани билгувчи зотдир” (Шуро: 10-12).

Энди айтингчи, шайтоний қонунларни ишлаб чиқаётган кофиру фосиқлар ичида мана шундай сифатга эга бўлганлар борми?! Барча ишлар Унинг қўлида, Унга таваккал қилинадиган, таяниладиган, осмонлару ерни яратган, инсониятга ҳам жуфтини яратган, инсониятнинг ҳаёти учун ҳайвонлардан ҳам саккиз хил жуфтни яратган, парвардигор сифатига эга бўлганлар борми?! Ҳеч нарсага ўхшамайдиган, барча нарсани эшитиб, кўриб турадигани борми?! Осмонлару ер хазиналарининг калити қўлида бўлган, хоҳлаганига ризқни мўл-кўл қилиб, хоҳлаганига танг қилиб қўядиган, барча нарсани билиб турадиганлари борми?! Эй мусулмонлар, қонун чиқариш, ҳаром-ҳалол дейишга ҳақли зотнинг сифатларини ўрганинглар, жоҳил, хасис кофирлар томонидан ишлаб чиқилган қонунларни қабул қилманглар.

Аллоҳ таолонинг: “Агар бирон масалада тортишиб қолсангизлар, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангизлар, уни Аллоҳ ва Расулига қайтаринглар. Мана шу энг яхши ва энг тўғри ечимдир” (Нисо: 59), деган сўзи ҳам худди юқоридаги оят мазмунини тасдиқлайди. Бу оятдаги “уни Аллоҳ ва Расулига қайтаринглар” деган гап юқоридаги “унинг ҳукмини Аллоҳга қайтаринглар” деган оят билан бир хил. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: “Осмонлару ердаги ғайбни билиш Аллоҳга хосдир. У барча нарсани кўради ва эшитади. Улар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқ ва У Ўз ҳукмига ҳеч кимни шерик қилмайди” (Каҳф: 26), деган сўзи ҳам шу маънони ифодалайди. Айтингчи, қонун ишлаб чиқаётган кофиру фосиқлар ичида осмонлару ердаги ғайб нарсаларни биладиганлари борми?! Бирон мавжудотни қолдирмай кўриб-эшитиб турадиганлари борми?! Барчага дўстлик қиладиганлари борми?! Бу сифатлар фақат ва фақат Аллоҳга хосдир!

Аллоҳдан бошқага ибодат қилманг, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ундан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм Унга тегишли ва сизлар Унгагина қайтариласизлар” (Қасас: 88) ояти ҳам шу маънога далолат қилади. Айтингчи, қонун ишлаб чиқаётган кофиру фосиқлар ичида ягона илоҳ, ёлғиз ўзи абадий бўлганлари борми?! Ёки барча махлуқотлар уларнинг ҳузурига қайтариладими?! Бу сифатлар фақат ва фақат Аллоҳ таборака ва таолога хос. “Бунинг (яъни, сизларга бундай азоб берилишининг) сабаби шуки, ягона Аллоҳга ибодат қилинганида кофирлик қилдинглар, Унга ширк келтирилса иймон келтирдинглар. Энди ҳукм қилиш олий ва улуғ Аллоҳга хосдир” (Ғофир: 12) ояти ҳам шу маънога далолат қилади. Айтингчи, шайтоний қонунларни ишлаб чиқаётган кофиру фосиқлар ичида энг улуғ самовий китобда “олий ва улуғ” деб сифатланганлари борми?!

Ҳукм қилиш фақат Аллоҳга хос. У сизларни ёлғиз Ўзига ибодат қилишга буюрди. Мана шу энг тўғри дин, лекин аксар инсонлар билмайдилар” (Юсуф: 40) ояти ҳам шу маънода. Айтингчи, қонун ишлаб чиқаётган кофиру фосиқлар ичида ягона илоҳ сифатига эга бўлгани борми?! Фақат унга ибодат қилиш энг тўғри дин саналадигани борми?! Йўқ, албатта. Хулоса шуки, осмонлару ерни яратган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳукм чиқаришда ҳам, ибодатда ҳам, эгаликда ҳам шериги йўқ” (Иқтибос тугади. “Азвоул баён” (7\163-173) китобидан баъзи жузъий ўзгартиришлар билан қисқартириб олинди).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг