Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (12)

0

Қандай қилиб болаларимизда намозга қизиқиш уйғотамиз?

(давоми)

2 – Болаликнинг ўрта босқичи (5-7 ёш оралиғи)

 Ушбу босқичда болага енгил, мулойим ва босиқ сўзлар билан, мисоллар келтирган ҳолда Аллоҳ таолонинг неъматлари, фазлу карами, У Зотнинг бандаларига бўлган муҳаббати ва раҳмати ҳақида сўзлаб бериш лозим. Бу унда Аллоҳни рози қилиш иштиёқини уйғотади. Шунингдек, бу босқичда болага Аллоҳ таоло ҳақида, У Зотнинг қудрати, гўзал исмлари ва уларнинг фазилати ҳақида, айни дамда У Зотга итоат қилиш зарурлиги, тоат-ибодатнинг гўзал, осон ва ҳаловатли иш экани, унинг инсон ҳаётига кўрсатадиган таъсири ҳақида сўз юритишга кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

Ота-она ёш болаларга чиройли амалий ўрнак бўлишлари лозим. Ота-онасининг кунига беш маҳал ҳеч малолланмасдан, иштиёқ билан ўз вақтида намоз ўқишини кўрган болада намозга нисбатан қизиқиш пайдо бўлади, атрофидагилар яхши кўргани учун у ҳам бу ибодатни яхши кўради, кундалик бажараётган бошқа одат ва машғулотлари қаторида ушбу амалга ҳам риоя қила бошлайди. Лекин намоз ибодат доирасидан чиқиб, шунчаки одатга айланиб қолмаслиги учун ушбу амалиётга ақидадан баъзи бошланғич  маълумотлар қўшиб борилиши керак. Бу ўринда намознинг фарз бўлишига оид Исро ва Меърож қиссаси ёки саҳобайи киромларнинг намозга бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилувчи қиссаларни келтириш ўринлидир.

Доимо ёдда тутишимиз керак бўлган нарсалардан бири болаларга фақат панд-насиҳат ўқиш, қаттиқ танқид қилиш ёки қўрқитиш ва таҳдид услубидан узоқ туриш лозим. Бу ёшда болаларни уриш мумкин эмаслиги ҳақида эса гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Шундай экан, фақат ижобий рағбатлантириш услубини қўллаш, яъни намоз бола ҳаётида муҳим аҳамият касб этмагунча уни олқишлаш лозим.

Қиш фаслида уйда таҳорат олиш учун илиқ сув борлигига эътибор қаратиш керак. Чунки ёш бола совуқ сувда таҳорат олишдан қочиб, намозни тарк қилиши мумкин.

Юқорида зикр қилганларимиз бу борадаги умумий тавсиялар эди. Энди қизалоқларга келадиган бўлсак, бир қарашда арзимас бўлиб кўринса-да, аслида таъсири кучли бўлган баъзи нарсаларга эътибор қаратишимиз керак. Бунга қиз бола учун онасининг уйдаги кўйлагига ўхшаш безакли ва рангли кўйлакча тикиш, қизчани махсус, митти жойнамозча билан таъминлаш кабиларни мисол қилиш мумкин.

Агар болада намозга нисбатан дангасаликни пайқасак, уни фақат икки ракаат намоз ўқишига қўйиб беришимиз, бироз вақт ўтгач намоз ҳаловатини топганидан сўнг пешин ва аср намозларининг ракаатларини ўргатишимиз мумкин. Шунда бола ўз-ўзидан намозларни тўлиқ адо этадиган бўлади. Шунингдек, таҳорат олишга эринчоқлик қилаётган болани таҳорат олиш учун навбат ташкил қилиш йўли билан руҳлантириш мумкин. Бунинг учун мавжуд оила аъзолари таҳорат олиш учун навбатга тургизилади. Ўша дангаса бола навбатда турганларга бошлиқ қилиб тайинланади ва таҳорат олишни бошлаб беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, болани намозга чиниқтириш сиёсати босқичма-босқич амалга оширилади. Бола дастлаб ҳар куни бомдод намозини ўқишдан бошлайди, сўнг бомдод ва пешинни ўқийди, шундай қилиб секин-асталик билан беш вақт намозни адо қилишга одатланади. Дастлаб болага муайян намоз вақтининг хоҳлаган вақтида намоз ўқишга, бунга кўникиб бўлгандан сўнг, намозларни аввалги вақтида ўқишга, бунга ҳам кўникиб бўлгач, суннатларни ўқишга ўргатилади. Буларнинг барчаси боланинг имконияти ва кўникишига қараб амалга оширилади.

Бунинг учун болани тақдирлаб, уни турли мукофотлар билан сийлашимиз ҳам мумкин. Мукофот фақат пул бўлиши шарт эмас. Агар бола беш вақт фарз намозларни қазо қилиб бўлса-да адо этса, уни мукофот билан сийлаймиз. Сўнгра беш вақт намозни ўз вақтида адо этгани учун тақдирлаймиз. Кейин эса беш вақт намозни аввалги вақтидан кечиктирмасдан адо этгани учун мукофотлаймиз.

Намозга интилиш бу жаннатга интилиш эканини болага уқтириш керак бўлади. Боланинг ичидаги яхшиликка бўлган интилишни чиқариш учун унга: «Суюкли болажоним, гуёки сенинг жаннатда қанот қоқиб учиб юрганингни кўргандек бўляпман», ёки «Намозларни адо қилиш учун сарфлаётган саъй-ҳаракатинг сабабли Аллоҳ таоло сендан рози бўлиб, сени яхши кўришига шубҳам йўқ» ва бошқа шу каби сўзларни айтиш орқали эришиш мумкин бўлади.

Ўғил болаларни оталари (ёки уларни ўрнини босувчи ишончли кишилар) билан масжидга боришга рағбатлантириш уларнинг хурсандчиликларига сабаб бўлади. Бу хурсандчилик аввало болаларнинг ўз оталарига ҳамроҳ бўлишгани, қолаверса, қайта-қайта уйдан ташқарига чиқишлари сабабидан ҳосил бўлади. Шунингдек, бу ўринда болага ипли пойабзалларни кийдирмаслик мақсадга мувофиқдир. Чунки уларни кийиб-ечиш ёш боладан вақт, меҳнат ва сабр талаб қилади.

Ушбу босқичда болага таҳоратга оид баъзи содда аҳкомларни таълим беришга аҳамият қаратиш лозим. Масалан, сийдик каби турли нажосатлардан сақланиш, истинжо (мустаҳаб) қилиш тартиби, ҳожатхона одоблари, бадан ва кийимларни пок тутиш зарурлиги шулар жумласидан бўлиб, буларга таҳоратнинг намозга алоқасини тушунтиришни ҳам қўшиш мумкин.

Шунингдек, саҳобайи киромлар ўз фарзандларига таълим берганларидек, болаларга таҳорат олишни ўргатиш, уларга буни амалий тарзда машқ қилдириш ҳам шарт ҳисобланади.

(давоми бор)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг