Жамоавий зикрлар: Салафи солиҳларнинг жамоавий тарзда зикр ва дуо қилишга бўлган муносабатлари (2)

0

Учинчидан, динга янгилик киритишдан қайтарилган умумий далиллардан бири Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: «Ким динимизда унга ёт бўлган нарсани пайдо қилса, у қабул қилинмас».[1] Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоавий зикрга буюрмаганлар ва унга йўлламаганлар. Агар уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилганларида, албатта, унга одамларни буюрган ва тарғиб қилган бўлардилар ва бу табиийки, ўз-ўзидан у зотдан атрофга тарқалган бўлар эди.

Тўртинчидан: жамоавий тарзда зикр қилиш мустаҳаб дейиш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатига тузатиш ва тўлдириш киритиш дегани бўлиб, шу нуқтаи назардан бидъатчилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилмаган ҳукмни жорий қилган бўладилар. Аллоҳ таоло айтади: “Балки улар учун Аллоҳ буюрмаган нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари ­­­­– бутлари бордир?!” [Шўро: 21]. Модомики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амални умматларига жорий қилмаган эканлар, бу унинг бидъат эканига далолат қилади.

Бешинчидан: жамоавий тарзда зикр қилишдан қайтарувчиларнинг далилларидан яна бири шуки, ушбу жўр бўлиб қилинадиган зикр насронийларнинг черковларда йиғилиб олиб, бир овозда диний қўшиқлар куйлашига ўхшаб кетади. Ҳолбуки, аҳли китобларга ўхшашдан қайтарувчи ва уларга хилоф қилишга буюрувчи далиллар кўп.

Олтинчидан: жамоавий тарзда зикр қилишдан қайтарувчиларнинг далилларидан яна бири шуки, бу иш унинг жоиз эмаслигини таъкидлайдиган бир қанча зарарларни ўз ичига олган. Бу зарарлар жамоавий зикрга рухсат берувчилар даъво қилган фойдаларни босиб кетади.

Ўша зарарлардан баъзилари:

1 – Жамоавий тарзда зикр қилиш намоз ўқиётган ёки Қуръон тиловат қилаётганларга халал беради. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз бундан қайтарганлари ҳақида бир қанча ҳадислар келган. Жумладан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Билиб қўйинглар, барчангиз Раббингизга муножот қилмоқдасиз. Шундай экан, бир-бирингизга азият берманг ва бирингиз бошқангиздан овозини кўтариб қироат қилмасин[2].

2 – Жамоавий зикр мусулмон киши эга бўлиши керак бўлган оғир-вазминлик хислатига зид келади.

3 – Жамоавий зикрга одатланиш баъзи жоҳил ва авом кимсаларни зикр қилиш учун ўзига шерик тополмай, ўзлари одатланганидек жамоавий зикр қилолмай қолган пайтларида Аллоҳнинг зикридан узилишга олиб бориши мумкин.

4 – Гоҳида нафаси қисқароқ кишилар нафаси узун кишилар билан зикрларни баробар қайтара олишлари учун баъзилар тарафидан оятларни узиш содир бўлади.

Жамоавий зикрдан қайтарувчиларнинг энг очиқ далиллари мана шулардан иборат. Мен буларни қўлимдан келганича батафсил кўринишда, борича нақл қилдим.

[1] Бухорий: 2697 ва Муслим: 1718. Матн Муслимга оид.

[2] Абу Довуд:1332, Аҳмад (3/94, 11916), Ибн Хузайма (1162) ривоят қилганлар. Имом Нававий «Хулоса»да (1/393): Абу Довуднинг санади саҳиҳ, деган, Албоний саҳиҳ деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг