Жамоавий зикрлар: Салафи солиҳларнинг жамоавий тарзда зикр ва дуо қилишга бўлган муносабатлари (3)

0

Жамоавий зикр қилишни жоиз деювчиларнинг далилларига уламолар қуйидагича жавоб беришган:

  1. Жамоавий зикр тарафдорлари келтирган биринчи далил оят ва ҳадисларда зикр қилувчиларнинг кўплик шаклида мадҳ этилганидир. Уларнинг даъво қилишларича, бу зикр учун одамларнинг жамоат тарзида йиғилишини тақозо қилади. Уларга шундай жавоб берилади: кўплик шаклида зикрга тарғиб қилиниши ёки кўплик шаклида зикр қилувчиларни мақталишидан жамоавий зикр мустаҳаб ёки жоиз экани келиб чиқмайди. Балки ушбу оят ва ҳадислар зикр хоҳ якка ҳолда, хоҳ жамоавий тарзда, хоҳ ошкора, хоҳ махфий ҳолда бўлсин, барча мусулмонлар учун мустаҳаб эканига ва унга тарғиб қилинганига далолат қилади, холос.

  2. Навбатдаги далиллари Аллоҳнинг зикри учун йиғилиш ва зикр мажлисларининг фазилати борасида келган умумий ҳадислардан иборат бўлиб, ушбу далилга икки жиҳатдан жавоб берилади:

Биринчи жиҳат шуки, Аллоҳнинг зикри тасбеҳ ва дуолар ҳамда тил билан айтиладиган нарсаларгагина чекланмаган, балки Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зикри У рози бўладиган барча сўз ва ишларни қамраб олади. Илм ўрганиш, Қуръон тиловат қилиш мажлислари ҳам шулар жумласидан. Шунга кўра, зикр мажлисларининг фазли ҳақида келган далиллар фақат зикр деб аталмиш ишларга чекланиб қолмай, балки ундан бошқа нарсаларни ҳам ўз ичига олади.

Бунга Абу Нуайм Асфаҳонийнинг “Ҳиля” китобида Абу Ҳиззондан нақл қилинган қуйидаги ривоят далил бўлади. Абу Ҳиззон айтади: Ато ибн Абу Рабоҳнинг шундай деганини эшитдим: “Ким бир зикр мажлисида ўтирса, Аллоҳ ушбу мажлис сабабли ундан ўнта беҳуда мажлиснинг гуноҳини кечади”. Абу Ҳиззон айтади: Атодан: “Зикр мажлиси нима?”, деб сўрадим. У айтди: “Ҳалол ва ҳаром мажлиси, қандай намоз ўқишинг, қандай рўза тутишинг, қандай никоҳ қилишинг, қандай талоқ ва олди-сотди қилишингдир”[1].

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “Зикрдан мурод оят ва ҳадисларда кўп-кўп айтишга тарғиб қилинган сўзларни айтишдир. Улар абадий қолувчи солиҳ амаллар деб аталган субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу акбар ва ҳоказо зикрлардир. Шунингдек, унга дунё ва охират яхшилигини сўраб қилинган дуолар ҳам киради. Яна Аллоҳнинг зикри деганда У зот вожиб қилган ёки ундаган бирор амалда бардавом бўлиш ҳам кўзда тутилади. Қуръон тиловати, ҳадис мутолааси, илм ўрганиш ва нафл намозлар ўқиш шулар жумласидан”[2].

Аллома Муборакпурий[3] айтади: “Бу ердаги зикрдан мурод оят ва ҳадисларда кўп-кўп айтишга тарғиб қилинган сўзларни айтишдир. Улар абадий қолувчи солиҳ амаллар деб аталган субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу акбар каби зикрлар ва буларга қўшимча “ҳавқала” (ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ дейиш), “басмала” (бисмиллаҳир роҳманир роҳим дейиш), “ҳасбала” (ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил дейиш), “истиғфор” (астағфируллоҳ дейиш) ва шу кабилар назарда тутилгандир. Шунингдек, унга дунё ва охират яхшилигини сўраб қилинган дуолар ҳам киради. Аллоҳнинг зикри деганда У зот вожиб қилган ёки ундаган бирор амалда бардавом бўлиш ҳам кўзда тутилади. Бунга Қуръон тиловати, ҳадис мутолааси, илм ўрганиш ва нафл намозларни мисол қилиш мумкин”.

Жамоавий зикрни жоиз санайдиганлар қуйидагича эътироз билдириши мумкин: “Оят ва ҳадисларда келган зикрларни тил билан айтиш зикрнинг бир тури саналади. Зикр учун йиғилиш фазилати ҳақида келган ҳадислар бу турдаги зикрни ҳам ўз ичига олади. Бундан эса тил билан зикр қилиш учун йиғилиш мустаҳаб экани келиб чиқади”. Бироқ уларнинг бу эътирозига икки жиҳатдан раддия билдириш мумкин. Биринчидан, ушбу ҳадислар жамоавий тарзда зикр қилишнинг мустаҳаблигига эмас, балки Аллоҳнинг зикри устида жамланиш мустаҳаблигига далолат қилади. Бу иккаласи ўртасида эса катта фарқ бор. Аллоҳнинг зикри устида жамланишнинг мустаҳаб ва яхши амал экани ҳақида бир қанча ҳадислар келган, лекин бу иш саҳобалар тушунганидек ва амал қилганидек кўринишда бўлиши керак. Тўғри, саҳобалар зикр учун жамланар эдилар. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ нақл қилишича, саҳобалар йиғилсалар, ораларидан бир кишини Қуръон ўқишга буюришар, бошқалар унга қулоқ тутар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳуга: “Бизга Раббимизни эслатинг”, дерди. Кейин у Қуръон ўқир, бошқалар эса унинг қироатига қулоқ тутар эдилар.

Тартуший айтади: “Бу ривоятлар[4] Қуръонни ўқиш, ўрганиш ва такрорлаш мақсадида йиғилиш жоизлигини тақозо қилади. Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш шогирд устозга ёки устоз шогирдга ўқиб бериши ёки икки тенгқур такрорлаш ва дарс тайёрлаш мақсадида бир-бирига ўқиб бериши билан ҳосил бўлади, жўр бўлиб ўқиш билан эмас”.

Бундан хулоса шуки, ушбу ривоятлар умумий бўлиб, жамоатнинг жўр бўлиб Қуръон ўқишига ҳам, талабалар устозга ўқиб беришига ҳам  далолат қилади. Маълумки, араблар устозларига Қуръон ўқиб бериш учун йиғилган бир гуруҳ талабаларни кўрсалар, гарчи Қуръонни бир киши ўқиб бераётган бўлса-да, “Анави жамоат биргаликда дарс қилишяпти, биргаликда илм ва ҳадис ўқишяпти”, дейишни жоиз санашади”[5].

[1] “Ҳиля”, (3/313)

[2] “Фатҳул Борий”, (11/250)

[3] “Туҳфатул аҳвазий”, (9/314)

[4] Яъни, зикр мажлислари ва уларга жамланишнинг фазилатига далолат қилган ривоятлар.

[5] «Ал-ҳаводис вал-бидаъ», (166-бет)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг