Жамоавий зикрлар: Салафи солиҳларнинг жамоавий тарзда зикр ва дуо қилишга бўлган муносабатлари (5)

0
  1. Жамоавий зикр тарафдорларининг навбатдаги далилига кўра, жамоавий тарзда зикр қилиш бир восита бўлиб, унинг ҳукми ортидан кўзланган мақсаднинг ҳукми билан баробардир. Жамоавий зикрдан Аллоҳга ибодат қилиш мақсад қилинади.

Уларнинг  бу сўзларига қуйидагича жавоб берилади:

Бирон воситага унинг ортидан кўзланган мақсаднинг ҳукми берилади, деган қоида доимий ва умумий қоида бўлмай, балки унинг ўзига хос чекланган ўринлари бор. Бу қоиданинг татбиқи – хоҳ восита, хоҳ мақсад бўлсин – шариатда кўрсатилган ўринларга чекланган. Бунга далолат қиладиган омиллардан бири шуки, бирор нарса аслида жоиз ва ҳалол, ҳатто вожиб бўлиши, шу билан бирга унга олиб борувчи восита макруҳ ёки ҳаром бўлиши мумкин. Бунга таҳорат олиш учун сувни босқинчилик ёки ўғрилик йўли билан қўлга киритишни мисол қилиш мумкин.

Шунингдек, салафларнинг қилган иши ҳам шуни кўрсатади. Шубҳасиз, улар ибодат амалларининг барчасида воситалар ва мақсадлар ўртасидаги фарқларга қараб ўтирмай, ўта эҳтиёткорлик билан иш тутар, ҳар иккисининг шариат кўрсатган кўринишда бўлишига эътибор қаратар эдилар.

  1. Жамоавий зикр тарафдорларининг даъвосига кўра, жамоавий зикрни ман этувчи саҳоба ва тобеинлардан нақл қилинган ривоятлар жамоавий зикрнинг машруъ (шариатга мос) эканини ифодалайдиган кўпгина ҳадисларга зид келади. Бинобарин, ҳадислар бундай асарлардан устун қўйилади. Бу даъвога шундай жавоб берилади:

 Юқорида айтиб ўтилганидек, аслида бу асарлар билан ўша ҳадислар ўртасида зиддият йўқ. Мазкур ҳадисларни салафи солиҳлар кўз қарашидан келиб чиқиб тушуниш ва тафсир қилиш лозим. Салафлардан келган ушбу асарлар – илгари айтиб ўтганимиздек – ўша ҳадисларнинг бир тарафини очиб, тафсир қилиб беради.

Суютий Ибн Масъуднинг асарини санади номаълум, деган даъво билан қабул қилмаганига келсак, бу даъвонинг ўзи рад этиладиган даъводир. Чунки у бир қанча ривоятлар йиғиндисига кўра саҳиҳ асар бўлиб, уни Доримий ўзининг “Сунан”ида, Ибн Ваззоҳ “Бидаъ”»да[1]  ривоят қилганлар. “Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос” (Анъом: 116). Ажабланарлиси, бу асарни имом Суютий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Эргашишга буюриш ва бидъатдан қайтариш» номли китобида зикр қилган.

Доктор Зуҳайлийнинг[2]: “Намоздан кейинги жамоавий дуони бидъатга чиқариш саҳиҳ (дуруст) бўлмайди”, деган гапига келсак, унинг «саҳиҳ бўлмайди» деган сўзи шаръий истилоҳ (атама) бўлиб, шаръий ҳукмга нисбатан қўлланилган. Бу эса жамоавий зикрни бидъат дейиш жоиз эмаслигини тақозо этади. У бундай ҳукмни қаердан олди?! Мўътабар уламолардан қай бири ундан аввал ҳам бу гапни айтган? Албатта, унинг сўзини қўллаб-қувватлайдиган на Қуръондан ва на суннатдан бирор далил бор!

Энди Доктор Зуҳайлийнинг «Кейинги (мутааххир уламолар)лар орасида дуо учун жамланиш амали жорий бўлгандир», деган гапига келсак, унга жавобан айтиладики, одамларнинг бирор амал устида жамланишлари қачондан бери Аллоҳ азза ва жалланинг шариати устидан ҳукм қилувчи бўлиб қолди?! Зеро, ҳужжат фақат оят ва ҳадисларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг улуғ саҳобалари қилган амалларда бўлади, кейинги (мутааххир уламо)ларнинг амалларида эмас.

Шунингдек, Зуҳайлийнинг Ибн Масъуд зикр учун йиғилганларга эътироз билдиргани борасида айтган «Аслида бу эътироз зикр учун жамланишларига қаратилмаган, балки уларнинг бошқалардан ажралиб олиб, ўзгалардан кўра динда тиришқоқроқ эканликларини даъво қилишларига қаратилган», деган гапига келсак, бундай деб талқин қилишга нима далил бор?! Бу воқеани ривоят қилганларнинг ҳаммаси ундан Ибн Масъуднинг жамоавий зикрга эътироз қилганини тушунганлар. Хаббоб ибн Аратнинг ўз ўғлига қилган эътирози ҳам айнан шу қабилдан эди. Ибн Масъуд эътироз билдирган қавмнинг жамоавий зикрга йиғилганларидан бошқа ўзгалардан ажралиб турадиган жойи йўқ эди. Ахир, уларнинг ўзгалардан ажралиб қолган жиҳати Аллоҳни кўп зикр қилишларида бўлган ва шу сабабли Ибн Масъуд уларга эътироз билдирган, деб бўлмайди-ку?!

Шундай қилиб, жамоавий тарзда зикр қилиш жоиз дегувчилар келтирган далилларнинг заиф экани ва бу далиллар уларнинг муддаосини қўллаб-қувватламаслиги, аксинча, мўътабар далиллар уларнинг даъвосига қарши экани ва жамоавий зикрдан ман этувчиларнинг далиллари кучли экани маълум бўлади.

[1] «Бидъат борасида келган нарсалар» (400-бет ва ундан кейингилар), (9, 17, 18, 19, 20, 23 рақамлар).

[2] «Ал-бидаул мункара» (87-бет)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг