Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (21)

0

Электрон ўйинлар болаларимизга таҳдид солувчи хатарга айландими?

Электрон ўйинлар жамиятимизда чинакам муаммога айланиб, ҳозирда бирор уй ёки минтақа бу каби ўйинлардан холи бўлмай қолди. Бу ўйинлар ташқи кўриниши, ранглари ва ўз ичига олган хаёлий саргузаштлари билан болаларни ўзига ром этади.

Бундай ўйинлар кенг кўламда тарқалди, бозорлар турли-туман электрон ўйинлар бўлиб тўлиб тошди. Бу ўйинлар аксар хонадонларга кириб борди ва замонамиз болаларининг бутун фикру хаёлини чулғаган машғулотга айланди. Боланинг давомий суратда экранга тикилиб ўтирганига, ўйинни чуқур ҳаёжон билан кузатганига ва худди Донкихотнинг ҳаво тегирмонларига қарши курашдаги ғалабасига ўхшаш ғалабани қўлга киритишда иштирок этишига гувоҳ бўласиз. Бу ўйинларнинг болаларга қандай хатари бор? Болаларимизни турли хатарлардан ҳимоя қилиш ва улар онгини сақлашда оила, жамият ҳамда ижтимоий ва тарбиявий муассасаларнинг роли нималардан иборат?

Болаларнинг электрон ўйинларга боғланиб қолишининг ортида турган руҳий ва ижтимоий сабаблар:

Жалб қилиш омили

Барча электрон ўйинлар болаларни ўзига қаттиқ жалб қилади. Негаки, улар болаларга гўёки ҳақиқий ўрмонларда бўладиган жангларни тасвирлаб беради ёки уларни узоқ тарихда яшаб ўтгани айтиладиган динозаврларга қарши урушларга олиб киради ёки фазо оламига олиб чиқади. Шунингдек, юқорида зикр қилинганидек, бу ўйинлардаги расмлар, ранглар ва хаёлий саргузаштлар болаларни ўзига тортадиган асосий омил саналади.

Эътибор нуқтаси

Электрон ўйинларнинг ғоя ва мавзулари турлича. Гоҳида бу ўйинлар машина пойгасидан иборат бўлиб, болага фикрини бир жойга жамлаш, йўл четидаги тўсиқларга тўқнашмаслик ва қайсидир маънода автоулов бошқаришни ўргатади. Гоҳида бу ўйинлар фазодаги илмий хаёлотларга оид ўйинларни ёки «супермен» каби ёвуз кучларга қарши курашувчи ва қийинчиликларни енгиб ўтувчи фавқулодда қаҳрамон образларига тегишли ўйинларни тақдим этади.

Қаҳрамонларга ўхшашлик

Электрон ўйинлар болага шундай бир доирани ташкил этадики, бола унда ҳаракатланувчи, бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтувчи, хулқ-атворини ўзгартира олувчи қаҳрамон сиймосида гавдаланади ва у ўйин қаҳрамони билан бирлашиб кетади. Видеоўйин болага тақдим қиладиган ўзаро ролга кириш ва такомиллашув имконияти болаларнинг ушбу ўйинларига қаттиқ боғланиб қолишига олиб боради. Шунингдек, бу ўйинлар болага ўйин қаҳрамони муомала қилиши керак бўлган миналар, портловчи моддалар ва табиий тўсиқлар каби тўсиқларга йўлиққан пайтда ўзини қаҳрамонларга ўхшатиш имкониятини тақдим этади.

Хаёлий олам

Электрон ўйинлар болалар учун воқеликдан узоқ бўлган, лекин замон ва макони чегараланган хаёлий оламни яратиб берадики, ушбу олам моддий ўрин ва воқеаларни ўзида мужассам этиб, болага муайян қаҳрамон билан киришиб кетиши орқали қандайдир доирада ролга кириш ёки ушбу хаёлий олам устидан ҳукмронлик ўрнатиш орқали ўз шахсиятини намоён қилиш имкониятини яратиб беради.

Ўзни бошқариш

Болаларнинг электрон ва видео ўйинларга боғланиш ортида яширинган сабаблар бошқа ҳар қандай ўйин билан машғул бўлиш сабабларининг ўзгинасидир. Чунки ўйин доираси ижтимоий фаолиятнинг бир қисмини ташкил этиб, у орқали бола ўзига ва атрофидаги оламга ҳукмронлик қилишга интилади.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг