Қодиёнийлар: “сўнгги пайғамбарлик” тушунчаси (3)

0

Қодиёнийлар “Эй одам болалари, агар сизларга ўзингиздан пайғамбарлар келиб, Менинг оятларимни тиловат қилса, ким Аллоҳдан қўрқса ва ислоҳ қилса, ўшаларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди ва улар хафа бўлмайдилар” (Аърофсураси,35) оятини ҳам пайғамбарлик ниҳоясига етмаганига далил қилишган. Бу ҳақда Маҳмуд ибн Ғулом шундай дейди: “Мазкур оятдан бу уммат ичида келгусида яна пайғамбарлар юборилиши равшан бўлади. Чунки Аллоҳ таоло мусулмон умматга пайғамбар юборса, улар ўша пайғамбарга иймон келтиришлари шарт эканини эслатмоқда… оятдаги “агар” сўзинишарт деб тан олган тақдиримизда ҳам пайғамбарлик узилмаслигига далолат қилади”[1].

Бу бадбахт оятларни нотўғри тафсир қилгани етмаганидек, ҳадисларни ҳам ўзининг бузуқ эътиқодига мувофиқ келадиган тарзда талқин қилган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исо алайҳиссалом тушишлари ҳақида айтган ҳадислари ҳақида шундай дейди: “Қуръони ҳаким оятларига қўшимча ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳам пайғамбарлик эшиги мутлақ берк эмаслигига далолат қилади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча ҳадисларда осмондан тушиши ваъда қилинган Масиҳни пайғамбар деб сифатлаганлар. Агар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг) пайғамбарлик асло бўлмаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масиҳни пайғамбар деб сифатламаган бўлардилар”[2].

Қодиёнийлар пешвоси бу даражада калтафаҳм эканини кўриб,ҳайратланасан киши. Ахир, юқоридаги оят Одам алайҳиссалом ерга тушганларидан сўнг фарзандларини пайғамбарларга эргашишга буюриш мақсадида айтилган бўлса, Исо алайҳиссалом тушиши ҳақидаги ҳадисларда эса тушганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига мувофиқ ҳукм қилишлари таъкидланган-ку, эндиқандай қилиб мазкур оят ва ҳадисларни пайғамбарлик янгиланиб туришига далил қилиш мумкин?! Қодиёнийнинг шариат кўрсатмаларинибу тарзда ҳеч бир асоссиз,нотўғри талқин қилишини илмдан бехабар, араб тилини ҳам, ислом динини ҳам билмайдиган нодон ва ғофил кимсаларгина қабул қилиши мумкин. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотамун набиййин экани оятда очиқдан очиқ айтилган. Араб тилида “хатм” сўзи бир нарсанинг охири ва ниҳояси дегани. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги пайғамбар эканлари, у зотдан кейин бирон пайғамбар чиқмаслиги бир қанча оят ва ҳадисларда аниқ ва тиниқ қилиб айтилган. Кимда ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни охирги пайғамбар деб тан олмаса,диндан чиқади. Ўтган мақолаларимизда бу масалага оид далилларга тўхталиб ўтганэдик. Агар қодиёнийлар оз бўлса-да, ислом динидан хабардор бўлганларида бундай бемаъни гапгаэътиқод қилиш нари турсин, ҳатто мусулмонлар ўртасида айтгани ҳам уялган бўлардилар.

Келгуси мақоламизда Қодиёний қандай қилиб пайғамбар “мартаба”сига эришгани ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1]“Даъватул амир”, 40.
[2]“Даъватул амир”, 40.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг