Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (1)

0

БИРИНЧИ БЎЛИМ

Нодир авлод

Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари олижаноб, тақводор, садоқатли инсонлар бўлишини ихтиёр қилди. У саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом динини қабул қилиб олдилар, сўнг уни ўзларидан кейинги авлодларга етказдилар. Аллоҳ Қуръоннинг талай оятларида уларнинг поклигига гувоҳлик берган. Бинобарин, саҳобаи киромлар энг афзал авлод бўлди ва улар бунга ҳақли эди. Аллоҳ таоло бизларни у зотларга эргашишга, изларидан юришга амр этди. Чунки улар қалби пок, илми чуқур, сохталиги энг оз бўлган кишилардир. Уларга таъна етказиш – динга таъна етказиш, уларни ҳурмат қилиш ва улуғлаш динни улуғлаш демакдир.

Доктор Роғиб Сиржоний

Саҳобаларнинг исломдаги мавқелари

Эшитгувчи, билгувчи Аллоҳдан Аллоҳнинг раҳматидан қувилган шайтондан паноҳ сўрайман.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд…

Ушбу тўплам бир қанча маърузалар тўпламидан иборат бўлиб, уни «Саҳобий бўлинг» деб атадим. Бундан мақсад, юксак даража эгалари бўлган, тарихда улардан олдин ҳам, кейин ҳам ўхшаши кўрилмаган ушбу тенгсиз авлодга иложи борича яқинлашишга уринишдир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат кунига қадар бундай авлод қайта такрорланмаслигини хабар берганлар. Бу зотларнинг ҳар бири соғлом эътиқод, комил ахлоқ, етказишдаги омонатдорлик, қалб поклиги, азимат қуввати ва жиҳод муҳаббати каби муайян сифатларга эга бўлиш ортидан буюклик ва қадр-қиммат топдилар. Улар юксак ахлоқ ва гўзал сифатлар устида барпо бўлган мана шундай улуғ даража соҳиби эдилар.

Ҳар бир замонда иқтидорли одамлар чиқиши, ҳар бир авлоднинг ичида ишончли, ростгўй, яхши кишилардан иборат жамоат бўлиши мумкин. Аммо саҳобаларникидек софликка бурканган  порлоқ муайян бир авлоднинг бўлиши ҳақиқатда ғаройиб, эътиборни қаратишга лойиқ ҳодисадир. Масалан, бирор жойда Абу Бакр Сиддиқ ёки Умар ибн Хаттоб каби киши чиқса, бу ўша авлоднинг, ўша замоннинг саодати бўлади. Шунингдек, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Холид ибн Валид ё Абу Ҳурайра каби шахсларнинг етишиб чиқиши ҳам ўша замоннинг бахти бўлаверади. Лекин бу зотларнинг барчаси бир замонда жам бўлиши ҳақиқатда ажойиб, бетакрор ишдир. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаётига йўл-йўлакай қараб кетилмайди, қилган ишлари шунчаки санаб ўтилмайди.

Ушбу маърузалар тўпламидан кўзланган мақсад ҳам фақат эслаб-эслатиб кетишдан иборат эмас.

Шунингдек, саҳобалар қатнашган барча ҳодисалар билан танишиб чиқиш ҳам эмас. Балки бизнинг мақсадимиз: саҳобалар авлодига қандай тақлид қилишни, қандай қилиб улардек бўлишни, қандай қилсак, уларнинг йўлидан юришни, қандай қилиб дунёда ҳам, охиратда ҳам улар эришган мавқега эришишни ўрганишдир! Бунинг учун энг олдин ушбу зотларнинг нафақат Ислом ва тарих мезонидаги, балки Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридаги қиймати ҳақида ҳам сўзлаш лозим кўринади. Зеро, Аллоҳнинг мезонларига кўра қийматини ўлчаш мумкин бўлган Исломдаги ягона авлод мана шу саҳобалар авлодидир. Чунки Аллоҳ Ўзининг китобида ёки Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали берган хабарлар билангина уларнинг қадри аниқ-тиниқ билинади. Саҳобалардан кейин яшаган инсонларга келадиган бўлсак, бирор-бир авлод ҳақида «булар Аллоҳнинг ҳузурида қадрли зотлар» деб айтишнинг ёки бирор шахсга нисбатан «бу банда фазилатли, ҳидоят йўлидаги одам» деб қатъий фикр билдиришнинг иложи йўқдир.

Чунки бирор шахсга қилиб турган амалига қараб саҳобаларга берилгани каби илоҳий баҳо берилмайди. Чунки амалларнинг қиймати қалб ва ундаги ниятга боғлиқ. Қалбнинг ишини эса, одамзод ҳеч қачон била олмайди. Тўғри, қаердадир баъзи бир эркак-аёлларнинг фазилатига ишора қиладиган далил топилиши мумкин, лекин, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ҳужжат Аллоҳнинг ҳужжатидек аниқ бўлмайди. Зеро, ташқи кўринишидан яхши, лекин ичи умуман бошқача бўлган одамларни ҳаётда тез-тез учратиб турибмиз. Бундай икки хилликни эса Аллоҳ азза ва жалладан ўзгаси билмайди.

Келинглар, олдин саҳобалар авлоди ҳақида Аллоҳ таоло нима деганига қарайлик. Аллоҳ азза ва жалла Ризвон байъатида ҳозир бўлган саҳобалар ҳақида шундай дейди: “Эй Пайғамбар! Мўминлар дарахт остида сизга байъат берган пайтларида Аллоҳ улардан рози бўлди. Аллоҳ ўша мўминларнинг қалбларидаги (иймон, садоқат ва вафо)ни билди ва уларга хотиржамлик туширди (қалбларини мустаҳкам қилиб қўйди). (Ҳудайбия сулҳида улар йўқотган нарса) ўрнини яқин фатҳ билан (Хайбар фатҳи билан) тўлдириб берди” (Фатҳ сураси, 18).

Яъни Аллоҳ улардан рози бўлди, шундай ҳукм қилинди ва иш битди! Ушбу оят қайсидир саҳобий ёки бир жамоа ҳақида эмас, балки 1400 нафар саҳобий ҳақида айтилмоқда, Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин! Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига эътибор беринг: “Аллоҳ пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тавбага ва Ўзининг тоатига муваффақ қилди. Ўз юртлари ва қариндош-уруғларини ташлаб, Ислом диёрига кўчиб келган муҳожирларнинг тавбаларини қабул қилди. Шунингдек, жазирама иссиқда, озиқ-овқат ва от-улов тақчиллиги ҳолида, Табук жангида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қилиш учун Расулуллоҳ билан чиққан ансорларнинг тавбаларини ҳам қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари ҳақдан бурилиб, юмшоқ ва осойишта ҳаётга мойил бўлаёзганидан сўнг Аллоҳ уларни тавбага муваффақ қилди. Аллоҳ уларни собитқадам қилди, қўллаб-қувватлади ва тавбаларини қабул қилди. У уларга меҳрибон ва раҳмлидир” (Тавба сураси, 117-оят).

Бу оят Табук ғазотида қатнашган ўттиз минг саҳобий ҳақида айтилган. Бинобарин, саҳобалардан кейин келган бирор авлодга нисбатан аниқ бир ҳукм айтишнинг имкони йўқ. Бирор муайян инсоннинг тавбасини – у ҳар қанча дунёда амали зиёда бўлмасин – Аллоҳ қабул қилган, дейиш, уни Аллоҳнинг ҳузурида яхши, мартабаси улуғ киши эканини даъво қилиш, ёки жаннатдаги улуғ даража соҳиби эканини таъкидлаш, ёхуд дўзахдан буткул омонда эканини айтиш умуман мумкин бўлмаган ишдир.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг