Савдо-сотиқ: Бировнинг савдоси устига савдо қилмаслик

0

3. Бировнинг савдоси устига савдо қилмаслик

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳарлик даштликнинг савдосига аралашишидан, нажш қилишдан (яъни одамлар эътиборини жалб қилиш ва уларни қизиқтириш учун ўзи сотиб олишни истамаган товар-маҳсулот нархини оширишдан), биродарининг савдоси устига савдо қилишидан, олдин совчи қўйган биродарининг совчилиги устига совчи қўйишидан ва аёл киши кундошининг идишидаги нарсани ўзининг идишига ағдариб олиш (яъни унинг насибасини ҳам ўзиники қилиб олиш) мақсадида эридан уни талоқ қилишини талаб қилишидан қайтардилар»[1].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Инсон ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин»[2]. Имом Муслимга оид бир ривоятда «Биродари унга изн бериши бундан мустаснодир», дейилади.

Имом Насоийнинг ривоятида «Биродари то сотиб олмагунча ёки тарк қилмагунча», яна бир ривоятда эса «Инсон ўз биродарининг (ҳануз пишмаган) савдоси устига савдо қилмасин», дейилади.

Бировнинг савдоси устига савдо қилиш бундай бўлади:

Бир киши рози-ризочилик ила савдони пишириб бўлган икки кишининг олдига боради. Бироқ бу пайтда ҳануз томонлар савдони бузиш ҳаққига эга бўладилар. У харидорга қараб: «Савдони буз, мен сенга арзонроққа сотаман» ёки сотувчига қараб: «Савдони буз, мен сендан қимматроққа сотиб оламан», дейди.

«Инсон ўз биродарининг (ҳануз пишмаган) савдоси устига савдо қилмасин», деган ривоятнинг маъноси қуйидагича:

Бир киши маҳсулотни сотиб олиш учун уни қўлига олиб турган харидорга: «Қўйинг уни, мен сизга шу нархга ундан яхшироғини ёки шунга ўхшашини арзонроққа сотаман», дейди ёки сотувчига қараб: «Қайтариб олинг, мен сиздан қимматроққа сотиб оламан», деб айтади.

Дарҳақиқат, юқоридаги ҳадислар мазкур кўринишларда бировларнинг савдосига аралашишнинг ҳар қанақаси ҳаром эканига далолат қилади.

Аммо мазкур кўринишларда амалга ошган савдонинг ҳукмига келсак, жумҳур уламоларнинг фикрича, бировнинг савдосига аралашган киши гуноҳкор бўлса-да, қилган савдоси дуруст бўлаверади. Моликий ва ҳанбалий мазҳабларида эса бундай савдонинг бузилиш-бузилмаслиги хусусида икки хил ривоят бор. Зоҳирийларнинг фикрича, бу тарзда амалга ошган савдо қатъий равишда фосиддир – дуруст бўлмайди[3].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Бу ишнинг ҳаромлигида бировнинг савдоси устига савдо қилиш савдода мажлис[4] ёки шарт[5] ихтиёри бўлган вақтда амалга ошиши ёки савдонинг ҳеч қандай шарт ёки мажлис ихтиёрисиз амалга ошган бўлишининг аҳамияти йўқ, ҳар икки ҳолатда ҳам бировнинг савдоси устига савдо қилиш ҳаром бўлади.

  2. Жумҳур уламоларнинг фикрича, бу хусусда мусулмон ёки зиммийнинг савдоси устига савдо қилиш ўртасида фарқ йўқ. Ҳадисдаги «биродарининг савдоси устига савдо қилиш» иборасига келсак, уламоларнинг фикрича, бундан воқеликда учрайдиган аксар ҳолат назарда тутилган бўлиб, ундан зиммийнинг савдоси устига савдо қилса бўлаверади, деган хулоса чиқмайди.

  3. Кимошди савдоси бировнинг савдоси устига савдо қилиш қабилидан эмас. Чунки оддий савдодан фарқли ўлароқ, бу савдо турида савдолашиш сотувчи билан муайян харидор ўртасида қарор топмаган, улар иккисига чекланмаган бўлади.

  4. Шунингдек, бировнинг ижараси устига ижара қилиш ҳам ҳаромдир. Чунки бирон нарсани ижарага бериш ўша нарсадан келадиган манфаатни сотиш демакдир. Қолаверса, бировнинг савдоси устига савдо қилишдан қайтариш сабаби билан унинг ижарасига аралашишдан қайтариш сабаби бир хилдир.

[1] Бухорий (2140), Муслим (1413) ривояти.
[2] Бухорий (2139, 2156), Муслим (1412), Насоий (7/258), Ибн Можа (2171), Абу Довуд (2081), Термизий (1292) ривояти.
[3] Қаранг: “Фатҳул Борий”, 4/354.
[4] Мажлис ихтиёри («Хиёри мажлис») деб савдолашув мажлисида сотувчи ёки харидордан ҳар бирининг савдони буза олиш ҳуқуқига айтилади. Сотувчи ва харидор савдо мажлисида олди-сотти қилиб бўлишгач, бир-бирларидан ажралиб кетмаган бўлсалар, савдони бузиш ҳаққига эгалар. Баъзи уламоларнинг фикрича, ажралиш деганда сўзда ажралиш назарда тутилади. Бу фикрга кўра, томонлар олди-сотти қилиб бўлишгач, мавзу бошқа томонга бурилиб кетса, савдони бузиб бўлмайди (таржимон).
[5] Шарт ихтиёри («Хиёри шарт») деб томонларнинг маълум муддат асносида савдони бузиш ҳуқуқига айтилади. Сотувчи ва харидордан ҳар бири ёки улардан бири бу муддат асносида савдони бузиш ихтиёрини шарт қилиши жоиздир. Баъзи уламоларнинг фикрича, бу муддат уч кундан ошмаслиги лозим. Бироқ рожиҳ фикрга кўра, бу ҳуқуқ томонларнинг келишуви билан ундан кўпроқ муддатга ҳам белгиланиши мумкин (таржимон).

Изоҳ қолдиринг