Жамоавий зикрлар: Сўфийларга оид зикрлар (2)

0

Сўфийларнинг ғаройиб ишларидан яна бири улар зикрларни шайтонлари ваҳий қилган шайтоний йўлга биноан тартиблаганлар. Унга кўра Аллоҳ таолонинг ҳар бир исмига бир зикрни хослаб, бу зикрни маълум бир табақага хослаганлар. Масалан, Аллоҳнинг «Афув» (афв этувчи) исми фақат авом халққа муносиб. Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлган хос кишилар Унинг бу исмини ёд этмайдилар.

Аллоҳ таолонинг «Боис» (қайта тирилтирувчи) исмини эса фақат ғафлат аҳли зикр қилади, фано талабидаги кишилар (Аллоҳ билан овора бўлиб, дунёни унутиш) эса бу исм билан зикр қилмайдилар. Аллоҳнинг «Ғофир» (мағфират қилувчи) исми эса авом муридларга ўргатилади, чунки улар гуноҳнинг азобидан қўрқадилар. Илоҳий ҳазратга (қалбнинг Аллоҳ билан бирга бўлишига) яроқли кишиларда гуноҳларнинг мағфират қилинишини эслаш ғам ва зерикишни пайдо қилади. Аллоҳ таолонинг «Матийн» (матонатли) исмини зикр қилиш хилват арбобларига зарар беради, динни масхара қилувчиларга эса фойда беради.

Шу алфозда Сакандарий гўёки дори ва унинг фойдаларини баён қилаётган табибдек Аллоҳнинг исмлари ва улардан ҳар бирига тегишли хусусиятларни тавсиф қилишда давом этади. Шу ўринда Шайх Абдураҳмон Вакилнинг сўфийларга оид зикрлар тартиби ва босқичларини баён қилиш асносида чиқарган хулосасини мухтасар ҳолда жузъий ўзгартириш билан келтирамиз:

«Мавлид вақти бўлганда эркак ва аёллар ёки ўзларини дарвеш эркаклар ва дарвеша аёллар деб номлашни хуш кўрадиган кишилар тўпланадилар. Ушбу муносабат билан тақдим қилинган турфа хил таомлардан бўккунча еб, қоринларини қаппайтирганларидан кейин оқсоқол пир ўрнидан туриб, «ҳаром ёғ»дан ялтираб турган қўллари билан чапак чалиб, зикр бошланганини эълон қилади.

Лаблари ва бурун тешиклари орасидан ҳарфлари ва талаффузини бургани ҳолда Аллоҳнинг исми чиқиб келади.

Ғазалхонлар туриб, ҳис-туйғуларни алангалатиб юборувчи ишқий ғазаллар куйлашни бошлайдилар, уларга ноғорачилар ва мусиқий асбоб эгалари жўр бўлишади. Сўнгра пир ўрнидан туради, унинг ортидан муридлари ҳам ўринларидан туришади, шовқин-сурон ва тўлқинлантирувчи ҳаракатлар билан ўнгу чапга ташлаб – оҳ-воҳлар, инграшлар ва бўсалар аралаш (ўз кўзларим билан кўрганман)[1]  – ҳамма ўзининг «Лайлоси»га кўз ёш тўккан ҳолда тебрана бошлайди. Бу улар учун умумий шиордан иборат бўлиб, ҳозир бўлганларнинг барчаси нигоҳларни ўзига қаратиш мақсадида энг кучли ҳаракат ва жонбозлик кўрсатиш учун бор имконияти сарфлайди.

Ҳозир бўлганларнинг ҳар бири, агар пири ҳозир бўлмаса, ўзи билан пирининг суратини келтириб, олдига қўйиши керак бўлади. Ёки зикрни бошлаш олдидан: «Мадад беринг, ё пирим» деб, ундан мадад ва ёрдам сўраши керак бўлади. Кейин тариқат соҳиблари ва ўтганлардан: «Тариқат соҳиблари ва ўтганларнинг рухсати билан» деб изн сўрайди.

Ҳозир бўлганларнинг ҳар бири зикр услубига риоя қилиши шарт. У эса қуйидагича бўлади:

Бошининг учидан то оёғининг тагигача қимирлатиши.

Ўнг тарафга боқиб «Ла» дея бошлаб, «илаҳа»ни айтиб ўртага қайтади, кейин чапга, қалб тарафга қараб «иллаллоҳ»ни айтиб якунлайди.

Агар «Аллоҳ» ёки «Ҳув» ёки «Ҳай» каби ёлғиз исмлар билан зикр қилса, ияги билан кўксига уриб туриши шарт.

Буларнинг барида калимани киндигидан қалбига кўтариб олиб чиқиши, сўнгра Аллоҳ таолога ёки У Зотнинг савоби ва азобига юзланишдан кўра жиннилик ва бебошликка яқинроқ бўлган ушбу паҳлавонча ҳаракатларда давом этиши лозим бўлади.

Шунингдек, мурид Аллоҳнинг исмларидан пири рухсат берганлари билангина зикр қилиши, акс ҳолда унга қаттиқ зарар етиши мумкинлигини ёдда тутиши ҳам шарт бўлади.

Маълум бўлишича, дуодаги ушбу сўфийларга оид услуб батамом яҳудлардан олинган. Зеро, «Аҳдул қадийм» (Таврот)нинг 149-псаломида шундай дейилади:

«Бани Суҳюн подшоҳлари билан хурсанд бўлишсин, Унинг исмини рақс билан поклаб тасбеҳ айтишсин, доира ва рўбоб билан куйлашсин, эй сиз, ҳамду сано ўқинг, Аллоҳнинг муқаддаслиги билан тасбеҳ айтинг, рубоб ва ғижжак билан тасбеҳ айтинг, чилдирма ва рақс билан тасбеҳ айтинг, тор ва сурнай билан тасбеҳ айтинг, қичқириқлар билан унга тасбеҳ айтинг»[2].

[1] Ҳижрий 1397 йилда илмий сафар юзасидан сунний араб давлатларидан бирига борган пайтимда гувоҳ бўлганман. (Шайх Абдураҳмон Вакил)

[2] Қаранг: Шайх Абдураҳмон Вакил (Аллоҳ мағфират қилсин), 141-145-бетлар. Қаранг: «Аҳдул қадим”, “Мазомир», 641-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг