Усмон розияллоҳу анҳу: Абдуллоҳ ибн Масъуднинг Усмон Мусҳафига муносабати

0

Айрим манбаларда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга Мусҳаф борасида хилоф қилгани айтилади. Аммо бу ҳақда келган ривоятларнинг санади заифдир. Қолаверса, шу заиф ривоятларда ҳам охир-оқибат Ибн Масъуд Қуръонни жамлаш масаласида саҳобалар ижмо қилган ишга қайтгани, одамлар ичида туриб буни эълон этгани ва бу борада мусулмонлар жамоатини маҳкам тутишга чақиргани айтилади. У шундай дейди: “Аллоҳ таоло илмни суғуриб олиб қўймайди, балки уни олимларни кетказиш билан кетказади. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматини залолатда жамламайди. Шундай экан, уммат келишган ва иттифоқ қилган ишга қўшилинглар, зеро, ҳақ улар иттифоқ қилган нарсададир”. У шу мазмундаги фикрини Усмонга ҳам ёзиб юборади[1].

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Масъуднинг саҳобалар ижмосига қайтганини ривоят қилган[2].

Заҳабий ҳам бу нарсани таъкидлаб, шундай дейди: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Ибн Масъуднинг рози бўлгани ва Усмонга эргашгани нақл қилинган”[3].

Тоҳо Ҳусайн каби ёзувчиларнинг Мусҳаф масаласида ва Усмоннинг Ибн Масъуд билан алоқаси ҳақида шарқшунос устозларидан кўчирган, саҳобалар ўртасидаги ўзаро алоқаларни булғаш ва лойқалашни мақсад қилган, рофизий шиаларга мансуб ўта заиф ривоятларга суянган, заҳарга йўғрилган сўзлари эътиборли саналмайди.

Ибн Масъуддек мудом барчага хилоф ёмонлигини айтиб юрган, Минода ихтилоф ва фитнадан қўрқиб ҳамда халифага эргашиб, қаср намозини тарк этган бир зот минбарга чиқиб, одамларни хилофга чақирадими?!

Шиа тарихчилари тўқима ва сохта ривоятларни Ибн Масъудга нисбат бериб, унинг Усмонга муносабатини қора бўёқларда кўрсатишга роса уринишади. Бу билан улар саҳобаларни ўзаро душман, бир-бирини ёмон кўрадиган, қўпол ва хунук гаплар гапирадиган кишилар қилиб кўрсатмоқчи бўлишади. Эмишки, Ибн Масъуд Усмонни айблар ва кофир санар экан, Усмон уни уриб, ўлдириб қўйган экан. Бу гап Ибн Масъудга нисбатан очиқ туҳматдир. Зеро, нақл уламолари яхши биладиларки, Ибн Масъуд Усмонни ҳеч қачон кофир санамаган, аксинча, Усмон халифа бўлган кунларида Абдуллоҳ ибн Масъуд Мадинадан Кўфага борган ва у ерда одамларга хутба қилиб, ҳамду санодан сўнг шундай деган: “Аммо баъд… Амирулўъминин Умар ибн Хаттоб вафот этди, бунчалар кўп йиғланган кунни кўрмаганмиз. Сўнг биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ўз ичимиздан энг яхшимизни халифа қилиб сайладик ва Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат бердик, сизлар ҳам унга байъат беринглар”[4]. Ушбу аниқ ва тиниқ гап нафақат Ибн Масъуднинг, балки бошқа саҳобаларнинг ҳам қалбида Усмонга нисбатан нақадар ҳурмат-эҳтиром бўлганига очиқ далилдир. Улар Аллоҳ таолонинг мақтови ва розилигини топган, Унинг: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзни сўзланглар” (Аҳзоб: 70), деган оятини энг яхши тушунган зотлар эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мазкур сўзлари, албатта, рост ва шу билан бирга, унинг шахсий қаноатидан келиб чиққан ва мутлақ ўз хоҳиши билан айтилган гаплар эди. У буларни бировдан қўрқиб, ё жонидан хавфсираб, ёхуд янги халифадан бирон мансаб илинжида аймаган эди. Демак, бундан Ибн Масъуд билан Усмон ўртасида ҳеч қандай адоват ва нафрат бўлмагани аниқ кўринади. Мабодо ўртада бирон гап-сўз ўтган бўлса ҳам, бу фақат ҳақни ва мусулмонлар фойдасини кўзлаб айтилган бўлади. Усмон Абдуллоҳ ибн Масъудни уриб ўлдириб қўйгани ҳақидаги шиа рофизалар ва уларга эргашган кимсаларнинг гаплари куракда турмайдиган ёлғон бўлиб, аҳли илмлар бу гапнинг ёлғонлигига иттифоқ қилганлар. Абу Бакр ибн Арабий айтади: “Усмоннинг Ибн Масъудни ургани ва унинг нафақасини тўхтатгани ҳақидаги гап бўҳтондир”[5]. Рофизийларнинг Ибн Масъуд ҳақидаги ушбу воқеа билан Усмонни айблашларига сабаб йўқ, у уни урмаган ва нафақасини тўхтатмаган, балки унинг қадрини ва даражасини яхши билган. Ўз навбатида, Ибн Масъуд ҳам ўзи байъат берган халифа ва мусулмонларнинг энг яхшиси деган эътиқодда бўлган кишисига итоатсизлик қилиши мумкин эмас[6].

 

[1]“Фитнату мақтали Усмон ибн Аффон” (1/78).
[2]“Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/228).
[3]“Сияри аъломин нубало” (1/349).
[4]Ибн Саъд, “Табақот” (3/63).
[5]“Ал-авосим минал қавосим” (63-бет).
[6]“Ақидату аҳлис сунна вал-жамоа фис-саҳобатил киром” (3/1066).

Изоҳ қолдиринг