Биринчи қоида: (1) тарбия маданияти нима?

0

Агар бир киши илгари билмаган ва кўрмаган бирон бир мураккаб замонавий жиҳоз сотиб олгудек бўлса, албатта бу жиҳозни ишлаб чиқарувчи тарафидан тайёрланган каталогни ўқиш орқали ёхуд бу жиҳозни ишлатиб кўрган кишилардан сўраб-суриштириш орқали уни ишлатишга ва ундан фойдаланишга ҳаракат қилади. Аксар ҳолларда ишлаб чиқувчи мижозларни жиҳоз тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмай туриб уни ишлатишдан огоҳлантиради. Гоҳида, одамлар бундай жиҳозларни ишлатиш мобайнида жиддий хатога йўл қўядилар ва оқибат бу нарса катта маблағ эвазига қўлга киритилган бу жиҳозларни ишдан чиқишига олиб боради.

Бола ҳар қандай жиҳоздан кўра мураккаброқдир. Унга тўғри тарбия беришлик пухта билим, тажриба ва маҳорат талаб қилади. Бироқ одамлар буни тан олгиси келмайдилар. Шунинг учун бўлса керак, бамайлихотир етти-саккизта фарзанд кўришга журъат қиладилар. Ҳолбуки, фарзанд тарбияси тўғрисида битта китобча бўлсада мутолаа қилиш ё бирон бир маъруза тинглаш ёхуд мутахассисдан маслаҳат сўраш хаёлларига ҳам келмайди. Биз бу журъатнинг аччиқ самарасини татиб келмоқдамиз. Кўп сонли ўспирин йигит ва қизларнинг қинғир-қийшиқ йўлларга кириб кетиши, яна қанчадан-қанча ёш-авлоднинг ўқиш ва амалий ҳаётдаги муваффақиятсизлиги мана шу журъатнинг мудҳиш натижасидир. Бироқ бизларни қувонтирадиган хушхабар шуки, кейинги пайтларда одамларда фарзандларининг яхши тарбия топиши ва намунали таълим олишининг муҳим эканлиги ҳақидаги онг-тушунчаларни ўсиб бораётганини ҳис қилмоқдамиз.

Мен бу борада қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирмоқчиман:

1. Тарбия маданияти деганда, тарбиявий муҳитни ҳосил қилиш, болалар тарбияси ва уларни салоҳиятли ўстириш услублари борасида, шунингдек, болалар муаммолари ва улардаги хато-камчиликларга қандай ёндашиш борасида талаб қилинган маълумот ва тажрибалар йиғиндиси назарда тутилади.

Қолаверса, тарбия маданияти деганда, аввало тарбия негизини, унинг ўзаро таъсирланиш, таъсир ўтказиш,  ўзаро жамоавий руҳият пайдо қилиш асосига қурилганлигини англаб етиш ва бу нарса талаб қиладиган тамойиллар, қадриятлар, фидокорлик, ғоя ва тушунчалар назарда тутилади. Тарбия маданиятини ташкил қилувчи бу унсурлар мукаммал тарзда йиғилиши бениҳоят мушкул ишдир. Шунинг учун биз доимо ўзимизни тарбиявий муаммолар исканжасида ҳис қиламиз, бу муаммоларни бартараф этиш борасида муносиб равишда иш юритишни билмай бошимиз қотади. Негаки, тарбия иши ғоятда мураккаб иш. Бу иш мураббийдан яхши билим ва ҳикмат, шунингдек, асабий мувозанат ва вазминлик билан бир қаторда муайян даражада амалий тажриба ҳам талаб қилади. Агар борди-ю, мазкур ишлар қаторида мураббийга Аллоҳнинг тавфиқи, ҳидояти ва тўғри йўлга йўналтириши ҳамроҳлик қилмас экан, у ҳолда бу нарсалар айтарли ҳеч нарса ифода қилмайди. Шу боис масаланинг бу томонидан ғафлатда қолмаслигимиз, муттасил равишда Аллоҳдан тавфиқ ва ҳидоят сўраб дуо қилишимиз зарурдир.

Изоҳ қолдиринг