Закот: Нафл садақалар

0

Нафл садақалар

Нафл садақа қилишга тарғиб

Олдинги бобларда фарз закотга тааллуқли ҳукмлар баёни ўтди. Лекин Ислом фақат бу билангина чекланмасдан, хайр-эҳсон маъноларини ўзида мужассам этган садақалар беришга ҳам тарғиб қилади. Бу ҳақда талай Қуръон оятлари ва ҳадислар келган.

Садақа қилишга тарғиб қилувчи оятлардан намуналар:

  Аллоҳ таоло айтади: «Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиган зотлар(га бериладиган савоб) худди ўзидан еттита бошоқ чиқарган ва ҳар бошоғида юзтадан дон туккан бир дона буғдойга ўхшайди. Аллоҳ истаган бандасига савобини бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ карами кенг ва билувчи зотдир» (Бақара, 261).

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида бундай дейди: «Токи ўзингиз суйган нарсалардан сарфламагунча чинакам яхшилик (ва унга берилажак улуғ савоб)га эришолмайсизлар. (Аллоҳ йўлида) нимаики сарф қилманг, албатта, Аллоҳ уни яхши билур» (92-оят).

Аллоҳ таоло яна айтади: «Ўзлари яхши кўрган (ва муҳтож бўлган) таомларидан мискин-бечоралар, етим ва асирларга таом берадилар» (Инсон, 8).

Аллоҳ таоло айтади: «Дин (ҳисоб-китоб куни)ни ёлғонга чиқарган кишини кўрдингизми?! Ана ўшандай кимса етимга бағритошлик қилиб, зулм қиладиган ва мискинни еб-ичиришга тарғиб қилмайдиган ва ундамайдиган кимсадир» (Моъун, 1-3).

    Садақа қилишга тарғиб қилувчи ҳадислардан намуналар:

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким ҳалол ва пок (мол-мулки)дан бир хурмо мисолича нарсани садақа қилса – Аллоҳ фақат ҳалол ва пок нарсани қабул этади – албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан олади ва бир инсон сутдан чиққан чорва ҳайвонини (бўталоқ ёки тойчоғини) парваришлаганидек, уни парвариш қилади. Ҳаттоки у (ёки унинг савоби қиёматда) тоғдек катта бўлади»[1].

  2. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонида қўй сўйилади. У зот Ойша розияллоҳу анҳодан: «Қўйдан нима қолди?» деб сўрайдилар. Ойша розияллоҳу анҳо: «Ундан фақат қўли қолди», деб жавоб беради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аксинча, унинг қўлидан бошқа ҳамма жойи боқий қолди»[2]. Чунки улар қўйнинг қўлидан бошқа жойини садақа қилиб юборган эдилар.

  3. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Банда: «Молим, молим», дейди. Ҳолбуки, унга молидан фақат уч нарса: еб-ичиб битиргани, кийиб тўздиргани ва (Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон сифатида) бериб, (охиратга) захира қилгани фойда беради. Ундан бошқаси фоний, уни (ўлимидан сўнг) одамларга қолдириб кетади»[3].

  4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Бир киши сувсиз саҳрода кетаётса, бир булутдан «Фалончининг боғини суғор» деган овоз эшитди. Шунда ҳалиги булут бир четга ўтиб, бир тошлоқ жойга ёмғир ёғдирди. Ёққан ёмғир сувининг барчаси тошлоқ ердаги ариқлардан бирига йиғилди. Шунда ҳалиги киши ариқ сувининг ортидан борди. Қараса, бир киши боғининг олдида туриб олиб, кетмони билан келган сувни боғига буряпти экан. Унга деди: «Эй Аллоҳнинг бандаси, отинг нима?» «Фалончи, – деб булутдан чиққан овоз тилга олган исмни айтди, сўнг: – эй Аллоҳнинг қули, нега исмимни сўраяпсан?» деди: «Мен мана шу сувни ёғдирган булутдан сенинг исмингни айтиб «Фалончининг боғини суғор», деган овозни эшитдим. Айт-чи, боғингдан чиққан маҳсулотни нима қиласан?» Боғ эгаси деди: «Майли, айтсам айтақолай. Мен боғдан чиқадиган маҳсулотга қарайман. Унинг учдан бирини (Аллоҳ йўлида) садақа қиламан, ўзим ва бола-чақам учдан бирини еймиз, қолган учдан бирини уруғликка олиб қўяман»[4].

  5. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Сизлардан бирон киши йўқки, албатта, Аллоҳ таоло у билан яккама-якка гаплашади, Аллоҳ билан унинг ўртасида таржимон бўлмайди. Шунда банда ўнг томонига қараса ҳам, чап томонига қараса ҳам, фақат қилган амалларини кўради. Олдига қараса, қаршисида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, гарчи яримта хурмо садақа қилиб бўлса-да, дўзахдан сақланинглар». Бошқа бир ривоятда: «Сизлардан ким, гарчи яримта хурмо садақа қилиб бўлса-да, дўзахдан сақланишга қодир бўлса, қилиб қолсин»[5].

  6. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «(Қиёмат кунида) ҳар бир инсон то одамлар ўртасида ажрим қилингунча ёки одамлар ўртасида ҳукм қилингунча садақасининг соясида бўлади»[6].

  7. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бахил билан садақа қилувчи кимсани темир совут кийиб олган икки кишига ўхшатдилар. Уларнинг қўллари кўкраклари ва бўйинларига ёпишиб қолган. Садақа қилувчи садақа қилгани сари совут кенгайиб бораверади. Бора-бора совут унинг бармоқларини ҳам қоплайди, (узун ва кенглиги сабаб ерга судралганидан) қадам изларини ўчиради. Бахил одам эса, садақа тўғрисида шунчаки ўйлаши билан совут торайиб, (бўйнига ёпишиб олади), ундаги ҳар ҳалқа ўз ўрнига қайтиб қолади». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бармоқлари билан ёқаларига ишора қилиб «совутни кенгайтирмоқчи бўлади, бироқ у кенгаймайди», деганларини кўрдим»[7]. Яъни ҳадисда бамисоли узун кийимнинг этаги ерга судралиб, уни кийган кишининг оёқ изларини ўчиргани каби садақа ҳам гуноҳ ва хатоларни ўчиради, дейилмоқчи.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Талҳа Мадинада ансорлар ичида энг хурмозорлари кўп одам эди. Молларининг ичида унга энг суюклиси Байруҳо боғи бўлиб, Масжиди Набавийнинг қаршисида жойлашган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кириб, ундаги қудуқнинг ширин сувидан ичар эдилар. «Токи ўзингиз суйган нарсалардан сарфламагунча чинакам яхшилик (ва унга берилажак улуғ савоб)га эришолмайсизлар» (Оли Имрон, 92), ояти нозил бўлгач, Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келиб, шундай деди: «Аллоҳ таоло: «Токи ўзингиз суйган нарсалардан сарфламагунча чинакам яхшилик (ва унга берилажак улуғ савоб)га эришолмайсизлар», деди. Мен учун энг суюкли молим Байруҳо боғидир. Мен уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим! Ундан келадиган савобни ва унинг Аллоҳ ҳузурида захира бўлишини умид қиламан. Шундай экан, сиз уни Аллоҳ кўрсатган жойга сарфлашингиз мумкин». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Оҳ-оҳ (ҳимматингга балли), бу жуда катта фойда келтирувчи мол! Оҳ-оҳ, бу жуда катта фойда келтирувчи мол! Мен гапингни эшитдим. Аммо, менимча, уни яқин қариндошларингга бўлиб берганинг маъқул». Абу Талҳа деди: «Хўб бўлади, шундай қиламан, ё Расулуллоҳ». Шундай қилиб Абу Талҳа боғини қариндошлари ва амакиваччаларига тақсимлаб берди»[8].

[1] Бухорий (1410), Муслим (1014, 63), Термизий (661), Ибн Можа (1842) ривояти.
[2] Термизий (2470) ривоят қилиб, ҳасан саҳиҳ деган.
[3] Муслим (2959), Аҳмад (2/368), Ибн Ҳиббон (3244), Байҳақий (3/368) ривояти.
[4] Муслим, 2984.
[5] Бухорий (1413), Муслим (1016), Термизий (2415), Ибн Можа (185, 1843) ривояти.
[6] Саҳиҳ. Ибн Ҳиббон (3310), Ибн Хузайма (2431) ривояти. Ҳадисни Ҳоким Муслим шартига мос бўлгани учун саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрини тасдиқлаган.
[7] Бухорий (1443), Муслим (1021), Насоий (5/70) ривояти.
[8] Бухорий (1461), Муслим (998), Термизий (2997), Насоий (6/231, мухтасар ҳолда) ривояти.

Изоҳ қолдиринг