Ато ибн Абу Рабоҳ

1

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Илм билан Аллоҳнинг Юзини ирода қилган ушбу уч кишидан бошқа бировни кўрмадим, улар: Ато, Товус ва Мужоҳид”. (Салама ибн Куҳайл)

Биз ҳозир ҳижратнинг тўқсон еттинчи йили, Зул-ҳижжа ойидамиз. Рўпарамизда “Эски уй” аталмиш Каъбатуллоҳ… У ҳар тарафдан келган зиёратчилар билан тўлиб тошган. Улар  пиёда-ю уловда, ёшу қари, эркагу аёл, оқ танлигу қора танлик, арабу ажам, шоҳу гадо… Барчалари инсонларнинг Подшоҳи ҳузурига, Ундан қўрқиб ва умид қилиб, чақириғига лаббай, деб узоқ-яқиндан келишган.

 Мана бу киши эса, мусулмонларнинг халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик дунё подшоҳларининг буюкларидан бири, қўл остдагилари билан бир хил, бош кийимсиз, ялангоёқ, эгнида сурп ридо ва изордан иборат икки либосидан бошқа кийими йўқ ҳолда Байтуллоҳни тавоф қилмоқда. Ёнида тўлин ойдек кўркам, келишган, атиргулдек хушрўй, хушбўй икки ўғли ҳамроҳ. Тавофни тугатгач, ёрдамчиларидан бирига қараб:

– Соҳибингиз қаердалар? – деди. У:

– Намоз ўқияптилар, – деб, Масжидул ҳаромнинг ғарб тарафига ишора қилди. Халифа икки ўғли билан ўша тарафга юра бошлаган эди, унинг хос қўриқчилари халифага йўлни очиб, одамларни суриб йўл оча бошлашди. Халифа уларни қайтариб:

– Бу ер шоҳу гадо баробар бўладиган ердир. Бунда ҳеч ким ҳеч кимдан ортиқ эмас. Фақат тақводорлар ва амали қабул бўлганларгина ортиқдир. Кўпинча, Аллоҳнинг ҳузурига сочи тўзиган, уст-боши чанг босган ҳолда келган оддий одамдан подшоҳлардан қабул қилинмаган амаллар қабул қилинади, – деди ва излаган кишиси тарафга йўл олди. У одам ҳали ҳам намозда қоим, рукуъ ва саждаларга ғарқ эди. Одамлар у кишининг орқа тарафида ва ўнгу чапида кутиб ўтиришарди. Халифа ҳам қаторга келиб ўтирди ва икки ўғлини ҳам ёнига ўтқазди. Қурайшлик бу икки йигит Мўминларнинг амири излаган ва оддий халқ билан бир қаторда унинг намоздан фориғ бўлишини кутиб ўтирган мана бу кишига разм сола бошлашди. Қарашса, у қора юзли, жингалак сочли ва пучуқ бурун бир ҳабаший қария экан. Ўтирганида  узоқдан қора қарғага ўхшаб кўринар эди. У намозини тугатгач, Халифа ўтирган тарафга қараб ўгирилди. Сулаймон ибн Абдулмалик унга салом берди ва ҳаж амаллари ҳақида сўрай бошлади. У саломга алик олгач, ҳар бир сўралган масалага бирма-бир, тўлиқ, бирон қўшимча қилишга ўрин қолдирмай, сўзига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан далиллар келтириб жавоб берди. Саволларига жавоб олгач, Халифа миннатдорлик билдириб, ўғиллари билан Сафо сари йўл олди. Кетатуриб жарчиларнинг: “Эй мусулмонлар, бу ерда Ато ибн Абу Рабоҳ, у бўлмаса, Абдуллоҳ ибн Абу Нажиҳдан бошқа ҳеч ким фатво бермасин”, деган нидосини эшитишди. Шунда ўғиллардан бири отасига:

– Қандай энди бу жарчилар Ато ибн Абу Рабоҳ ва унинг шеригидан бошқа ҳеч ким фатво бермасин, деб буюришади. Ахир биз Халифага катта аҳамият бермаган ва уни етарлича улуғламаган бояги кишидан фатво сўрадик-ку, – деди. Сулаймон ибн Абдулмалик ўғлига:

– Ўғлим, сен кўрган ва биз унинг олдида ўзимизни хор тутганимиз ўша киши, Масжидул ҳаромдаги фатво соҳиби, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бу улуғ мансабдаги меросхўри Ато ибн Абу Рабоҳ бўлади, – деди. Сўнг сўзида давом этди: – Ўғилларим, илм ўрганинглар! Илм билан паст даражали одам юқори даражаларга эришади, ҳеч ким танимаган киши эса машҳурликга етади, қуллар шоҳ мартабасига кўтарилади.

Ўғилларига айтган сўзида Сулаймон ибн Абдулмалик муболаға қилмаган эди. Дарҳақиқат, Ато ибн Абу Рабоҳ ёшлигида маккалик бир аёлнинг қули эди. Лекин шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло Ўз лутфи карами ила ҳабаший бу болага ёшлик чоғиданоқ қадамини илм йўлида босиш неъматини ато қилди.

У вақтини уч қисмга тақсимлаган эди: бир қисмини маккалик аёл хожасига ажратди, бу вақтда унинг хаққини мукаммал адо этиб, чиройли хизмат қилди. Бир қисмини эса Парвардигорига ажратиб, унда холис ибодат қилиш билан машғул бўлди. Яна бир қисмини илм талабига ажратди. Бу вақтда у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт бўлган саҳобаларига боғланиб, уларнинг соф илм булоқларидан қониб-қониб симирди. У илмни Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва бошқа саҳобаи киромлардан – барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин – таҳсил олиб, қалбини илм, фиқҳ ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган ривоятлар билан тўлдирди.

Маккалик хожаси ғуломи ўз жонини Аллоҳнинг йўлига тиккани ва ҳаётини илм талАбуга бахшида этганини кўргач, шояд Аллоҳ бу бола билан Ислом ва мусулмонларга манфаат етказса, деган умидда, ҳаққидан воз кечиб, Аллоҳ йўлида уни озод қилиб юборди. Ана шу кундан бошлаб Ато ибн Абу Рабоҳ Байтул ҳаромни, ўзи учун тунайдиган макон, таълим оладиган мадраса, тақво ва тоат билан Аллоҳга яқин бўладиган намозгоҳ қилиб олди. Тарихшунослар айтадилар: “Масжидул ҳаром  Ато ибн Абу Рабоҳга йигирма йил мобайнида турар жой бўлди”.

Дарҳақиқат, улуғ тобеин Ато ибн Абу Рабоҳ илмда энг юқори манзилга етди, асрининг жуда кам кишилари эришган мартабага кўтарилди. Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Умра қилгани Маккага келганларида, одамлар савол ва фатво сўраб ҳузурларига келишди, шунда улуғ саҳоба: “Эй аҳли Макка, мен сизларга ҳайронман, орангизда Ато ибн Абу Рабоҳдек киши бўлатуриб, саволингизни менга тўплаб ўтирибсизми?” деган эканлар.

Дин ва илмдаги бундай даражага Ато ибн Абу Рабоҳ икки хислат билан эришди. Биринчи хислат: у нафсига ҳоким бўла олди. Фойдасиз нарсалардан лаззатланиш учун нафсига йўл қўймади. Иккинчи хислат: у вақтига ҳоким бўла олди. Ортиқча гап-сўз ва ишларга вақтини кетказмади. Муҳаммад ибн Суқа ўзининг зиёратига келган бир жамоатга қуйидагиларни айтиб берган:

– Худди менга фойда берганидек, шояд сизларга ҳам фойда берадиган бир сўзни айтиб берайми?

Улар:

– Айтиб беринг, – дейишди. Шунда у деди:

– Кунларнинг бирида Ато ибн Абу Рабоҳ менга шундай насиҳат қилди: “Эй жиян, бизлардан аввалгилар ортиқча гап-сўзларни ёмон кўришар эди”. Мен: “Уларнинг наздидаги ортиқча сўзлар нималардан иборат эди?” деб сўрадим. “Улар Аллоҳ азза ва жалланинг Каломини тиловат қилиш ва уни тушуниш, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш ва уни фаҳмлаш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган илм талаб қилиш ва ҳаёт учун зарур бўлган сўзлардан бошқа барча сўзларни ортиқча санардилар”, деди. Сўнг менга тикилиб: “Албатта сизнинг устингизда Аллоҳ ҳузурида хурматга сазовор бўлган ва ўзларига ёзиб, ҳисоблаб қўйиш топширилган насраларни ёзиб қўювчи малоикалар бордир” оятини ва “Бу пайтда икки кузатувчи малоика ўнг ва чап томонларидан унинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турадилар. Ўнг томондаги фаришта яхшиликларни, чап томонидаги фаришта эса ёмонликларини ёзиб боради. Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзни мана иш учун тайёрланган доимо ҳозиру нозир бўлган фаришта кузатиб, ёзиб боради”, оятини инкор қиласизми?, Қиёмат майдонида саҳифалар тарқатилганда, бирортамиз ўз саҳифасидаги сўз-амалларнинг аксари на динига ва на дунёсига тааллуқли бўлган сўз-амаллар бўлишидан уялмайдими?” деди.

Аллоҳ азза ва жалла Ато ибн Абу Рабоҳнинг илмини ҳар турли инсонларга манфаатли қилди: аҳли илмлар, ҳунармандлар ва бошқа кўпгина инсонлар унинг илмидан фойдаландилар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шундай ҳикоя қиладилар:

“Маккада ҳаж амалларини бажариш асносида беш ўринда хато қилган эдим, бир сартарош хатоларимни тузатиб қўйди. Эҳромдан чиқиш учун соч олдиргани сартарошга келиб: “Сочимни неча пулга олиб қўясиз”, деган эдим, У: “Ҳидоят топгур, ибодатда шартлашилмайди, ўтир, қанча берсанг, бераверасан”, деди. Хижолат бўлиб ўтирдим, ўтирганда ҳам қиблага орқа қилиб ўтирган эканман, қиблага юзланишимга ишора қилди. Хижолатимга хижолат қўшилиб қиблага юзландим. Устига устак, сочимни қириши учун бошимнинг чап тарафини тутибман. “Ўнг тарафини тут”, деди. Ўнг тарафимни тутдим. Сочимни қира бошлади. Мен ундан ажабланганча жим ўтирган эдим. “Нега жим ўтирибсан, такбир айт”, деди. Такбир айта бошладим. Сочимни олиб бўлгач, ўрнимдан туриб кетаётган эдим, “Қаерга кетяпсан?” деди. “Жойлашган жойимга кетяпман”, дедим. “Аввал икки ракат намоз ўқиб ол, кейин қаерга кетсанг кетаверасан”, деди. Икки ракат намоз ўқигач, ўзимга-ўзим: “Бу одам оддий сартарошга ўхшамайди, аҳли илмлардан бўлса керак”, дедим-да: “Бу нарсаларни қаердан биласиз?” деб сўрадим. У: “Ато ибн Абу Рабоҳнинг шундай қилганини кўрганман, ундан ўрганиб, одамларни ҳам шунга йўллайман”, деди”.

Дунё Ато ибн Абу Рабоҳга боқди, аммо у дунёга боқмади, унга парво ҳам қилмади, балки ундан юз ўгирди. Бутун умрини қиймати беш дирҳамдан ошмайдиган либос билан ўтказди. Халифалар уни ўзлари билан бирга бўлиш учун саройга чақиришганда, уларнинг дунёлари сабаб ўзининг динига путур етиб қолишидан қўрқиб, ижобат қилмади. Фақат мусулмонларга фойда ёки Исломга яхшилик бўлсагина халифалар олдига борарди. Усмон ибн Ато Хуросоний ҳикоя қилган воқеа ана шулардан биридир:

“Отам билан бирга халифа Ҳишом ибн Абдулмаликнинг ҳузурига кетаётган эдик. Дамашққа етишимизга озгина қолганда қора эшак миниб келаётган бир қарияга рўбарў келдик. Қариянинг эгнида дағал бир кўйлак, эски тўн бор эди. Эски телпакни бошига бостириб олган, эшагининг эгари ҳам ёғочдан… Мен бундан кулиб, отамга:

– Ким бу? – дедим. Отам:

– Жим бўл! Ахир бу зот Ҳижоз фуқаҳоларининг саййиди Ато ибн Абу Рабоҳ бўладилар, – деди.

Қария яқинлашгач, отам ҳачиридан, у киши эшагидан тушиб қучоқлашиб кўришдилар, ҳол-аҳвол сўрашгач, яна уловларга миниб йўлда давом этдик. Халифанинг қасрига келиб, изн бўлгунча кутиб туриш учун ўтириб улгурмаган эдик ҳамки, киришга рухсат берилди, отам билан қария кириб кетишди. Қайтиб чиқишганида, отамдан нима гаплар бўлганини айтиб беришини сўрадим. Отам деди:

“Халифа Ҳишом Ато ибн Абу Рабоҳ киришга изн сўраётганини эшитиб, дарҳол изн берди, Аллоҳга қасамки, унинг сабабидангина мен ҳам кирдим. Халифа Ато ибн Абу Рабоҳга пешвоз чиқиб: “Хуш келибдилар, хуш келибдилар, қани бу ерга марҳамат қилсинлар”,  деб, ўзининг курсисига ўтқазди ва ўзи ҳам тиззасини унинг тиззасига теккизиб ўтирди. Саройда ҳурматли кишилар гаплашиб ўтиришган экан, ҳаммалари жим бўлиб, сукут қилишди. Ҳишом Ато ибн Абу Рабоҳга юзланиб: “Буюринг, эй Абу Муҳаммад, биздан нима хизмат”, деди. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Эй мўминларнинг амири, икки Ҳарам аҳолиси Аллоҳнинг аҳли ҳамда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшнисидирлар. Уларга берилажак улушларини тақсимлаб берсангиз”.

“Хўп бўлади… Эй котиб ёз, Макка ва Мадина аҳлининг бир йиллик улушлари берилсин. Бундан бошқа ҳожатингиз ҳам борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг”.

“Ҳа, эй Амирулмўминин. Ҳижоз ва Нажд аҳли арабларнинг асли ҳамда Исломнинг етакчиларидир. Садақотларининг ортиғи ўзларига қайтарилса”.

“Хўп бўлади… Эй котиб ёз, садақотларининг ортиғи ўзларига қайтарилсин! Яна ҳожатингиз борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг”.

“Ҳа, бор, эй Мўминларнинг амири. Чегарада турувчилар душманга биринчи рўбарў келадилар, мусулмоларга ёмонликни қасд қилганларга қарши урушадилар, шунинг учун уларга улушларини мўл қилиб берилса, чунки улар яхши таъминланмасалар, чегара зое бўлади”.

“Хўп бўлади… Эй котиб, ёз, чегарада турганларга улушлари мўл қилиб етказилсин! Буюринг, эй Абу Муҳаммад, яна ҳожатингиз борми?”

“Ҳа, эй Амирулмўминин. Зиммийларга тоқатларидан ортиғи юкланмаса, чунки улардан олинадиган жизя душманингизга қарши сизларга ёрдам бўлади”.

“Хўп бўлади… Эй котиб, ёз, зиммийларга тоқатларидан ортиғи юкланмасин! Яна хожатингиз борми, эй Абу Муҳаммад, буюринг?”

“Ҳа бор, эй Мўминларнинг амири: “Ўз ҳаққингизда Аллоҳдан тақво қилинг! Шуни билинг-ки, сиз ёлғиз яратилганингиздек, ёлғиз вафот этасиз, ёлғиз қайта тириласиз ва ёлғиз ҳисоб қилинасиз. Атрофингиздагиларнинг биронтаси сиз билан бирга бўлмайди”.

Ҳишом бу гапларни эшитиб йиғлаб, бошини хам қилганча қолди, Ато ибн Абу Рабоҳ туриб чиқиб кетди, мен ҳам ортидан эргашдим. Эшик олдига яқинлашганимизда, бир киши ҳамён кўтариб келиб:

“Амирулмўминин буни сизга бериб юборди”, деди. Ато ибн Абу Рабоҳ:

“Ҳайҳот! “Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир”, деди.

 Аллоҳга қасамки, Ато ибн Абу Рабоҳ Халифанинг олдига кириб, бир қултум сув ҳам ичмай қайтиб чиқди”.

Ато ибн Абу Рабоҳ узоқ умр кўрди, ёши юзга етди. Бу узун умрини илм ва амал, яхшилик ва тақво билан тўлдирди. Одамлар қўлидаги нарсалардан беҳожатлик ва Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларга умид қилиш билан умрини пок тутди. Ўлим Атони дунё юкларидан енгил, охират озуқасида оғир ҳолда топди. Бунга қўшимча: етмиш марта ҳаж қилган, бу дегани етмиш марта Арафотда туриб, Аллоҳ таолонинг розилиги ва жаннатини сўраб, ҳамда Аллоҳнинг ғазаби ва дўзахдан паноҳ истаб дуо қилган… Аллоҳ уни Ўз раҳматига олсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имомлик, "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Discussion1 комментарий

  1. Хассана ибн Сабита, да будет доволен им Аллах, к поношению и высмеиванию многобожников в стихах, и он, ?

Изоҳ қолдиринг