Дурузлар: Асосий эътиқодлари (2)

0

Ўтган мақоламизда Ҳоким Биамриллаҳни Худо дейиш дурузларнинг асосий эътиқодларидан эканини айтиб ўтган эдик. Дурузлар Ҳоким Биамриллаҳни Худо дейишларини инкор этишга қанчаларуринмасин, уларнинг китоблари ва қўлёзмалари бунинг ҳақиқат эканини тасдиқлайди. Қуйида бунга бир қанча далиллар келтириб ўтамиз:
1) “Рисолатул балоҳ ван ниҳояту фит тавҳид” китобида шундай дейилади: “Мавломиз субҳанаҳу сабабларни сабаб қилган зот. Унинг зикри улуғ, исми азиздир. Ундан ўзга маъбудйўқ. Жисми борлар орасида унга ўхшаши йўқ. Жасадлилар орасида унга қарши чиқадигани йўқ. Руҳлилар орасида унга тенги йўқ. Нафси борлар ичида унга ўхшаши йўқ. Нурлилар орасида унга ер йўқ” (“Тоифатуд дуруз”, 102).

2) “Рисолату сабабил асбоб” китобидан шундай дейилади: “Мавлом жалла зикруҳуга таваккал қилдим. Мен бу билан мавломизнинг хаёл идрок қилолмайдиган, ақл ва фаҳм етмайдиган лоҳутини назарда тутяпман. Бу оламда ким бўлмасин, мавлом у билан бирга, лекин улар мавломни кўролмайдилар. У яширин қарашларни-ю, кўнгилдан кечганларни билади ва у сифатлаб бўлмайдиган ва идрок этиб бўлмайдиган даражада улуғдир. Ким унга таянса, мавлом унинг барча ғам-қайғуларини аритади” (“Тоифатуд дуруз”, 102).

Дурузлар Аллоҳ таоло Ҳоким Биамриллаҳ суратида бизга кўринган, деб эътиқод қилганлари боис ўз китобларида уни Аллоҳга хос сифатлар билан мақташлари табиий ҳол.

3) “Рисолатул ғайба” китобида шундай дейилади: “У бизга ўзини яқин олиб носут суратини кўрсатди. У ҳақда фикрюритганда фикрлар ожиз қолди, ақллар унинг ишларини идрок қила олмади, ўз ожизлиги ва маълумоти озлигини тан олди. Бандалари суратида кўриниш бериб, ҳукмларига мос равишда уларга яхшилик қилди” (“Тоифатуд дуруз”, 103).

Дурузлар Ҳоким Биамриллаҳ инсонларга фойда беришва уларни ислоҳ қилиш мақсадидиҳар бир асрда инсон суратида ерга тушиб туради, деб эътиқод қиладилар. Уларнинг фикрича, ҳар бир замоннинг машҳур инсонлари, аслида, Ҳоким Биамриллаҳдир. У инсонларга раҳмат бўлсин, дея шу инсонлар суратига кирган. Шунга асосланган ҳолда Ҳокимнинг бир қанча ота-боболарини, ўзларининг қабила раислари ва яна бир қанча инсонларни Худо дейишган. Бу фикрларни кўриб: “Раббано, бизни ҳидоятга бошлаганингдансўнг қалбларимизни тойдирма”, дея дуо қилишга қанчалар муҳтож эканингни тушуниб етасан киши.

Таносух эътиқоди

Дурузлар инсон вафот этганидан сўнг унинг руҳи бошқа инсонтанасидақайтадан дунёга келади, деб эътиқод қилишади. Бу эътиқод “таносух” (кўчиб ўтиш) ёхуд “тақаммус” (кийим алмашиш) деб аталади. Уларнинг фикрича, инсон танаси руҳнинг кийими ҳисобланади. Руҳ асло вафот этмайди, абадий яшайди. Инсон вафот этганида эса руҳ ундан чиқиб, бошқа танани ўзига кийим қилиб олади. Муваҳҳиднинг руҳи муваҳҳидга, мушрикнинг руҳи мушрикка кўчиб ўтади. Шу мантиққа асосланган ҳолда, борлиқ яратилганидан буён ер юзидаги инсонлар сони кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам, бир хил туради, ким вафот этса, руҳи бошқа танага кўчиб ўтади, деб даъво қилишади.

Дурузлардаги таносух тушунчачаси бошқа динлардаги таносух тушунчасидан фарқ қилади. Дурузларга кўра, руҳ фақат инсондан инсонга кўчиб ўтиши мумкин. Бошқа дин вакиллари эса, жумладан, нусайрийлар, инсон руҳи ҳайвон шаклида, ҳайвон руҳи эса инсон шаклида дунёга келиши мумкин, дейди. Шунинг учун бўлса керак, дурузлар “таносух” сўзи ўрнига “тақаммус” сўзини ишлатиш ўринли деб биладилар. Улар қуйидагиларга асосан руҳ фақат инсонлар ўртасида алмашиши мумкин дейишади:
1) руҳ инсондан ҳайвонга ўтиши зулм бўлади. Негаки, савоб ва жазо фақат ақлли мавжудотларга тааллуқли;
2) руҳ азобланиши учун у бир қанча инсон жисмида яшаб ўтиши керак. Шундагина унга ўзгариши, ўзини ўнглаши учун фурсат берилган бўлади.

Дурузларназдида руҳга бериладиган азоб унинг олий мартабали инсон танасидан паст тоифадаги инсон танасига кўчирилишидан иборат. Мана шу тартибда руҳ таназзулга юз тутаверади, бора-бора бир қанча фурсатлардан унумли фойдалана олмагани учун виждон азоби ва надоматга гирифтор бўлади. Уларнинг бу борадаги яна бир сафсаталари шуки, улар руҳни суюқмоддага ўхшатишади: идиш синганида бошқа идишга қуйилмаган тақдирда оқиб кетади. Шунинг учун бир киши вафот этган заҳоти унинг руҳи бошқа инсонга берилиши шарт. Ҳар бир руҳ ўзининг олдинги мазҳабидаги танага кўчирилади.

Дурузларбошқа бировнинг бу динга кирганини ёки бу диндаги одамнинг ундан чиққанини тан олмасликларининг сири шунда. Бир инсон бу динга кирганини ҳар қанча исбот қилишга уринмасин, руҳи олдин бу динда бўлмагани учун унинг даъвосини қабул қилишмайди. Бинобарин, бошқа динда бўлган руҳ бу мазҳабни қабул қилиши мумкин эмас. Худди шунга ўхшаш, бир киши ўз ихтиёрига биноан дурузлик динидан чиқса ҳам, у вафот этганидан сўнг руҳи яна шу динга мансуб кишига қайтарилади. Хулоса шуки, бу динда бўлмаган ҳеч ким бу динга киролмайди, бу динда туғилган ҳеч қачон ундан чиқиб кетолмайди.

Таносух эътиқоди нафақат Исломга, балки барча самовий динларга зид экани ҳаммага маълум. Самовий динларнинг барчаси  инсон вафот этганидан сўнг унинг руҳи кўтарилиб кетишини, қиёматга қадар фақат Аллоҳгагина аён бир суратда танаси билан боғланишини, қиёмат кунида эса ҳисоб-китоб учун ўз танасига қайтарилишини, сўнг қилган амалига кўра, шу жасади билан ё жаннатга, ё дўзахга киришини таъкидлайди. Буни инкор қилган ҳар қандай инсон барча самовий динларда кофир ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳеч кимни ҳақдан адаштирмасин, барчамизни дўзах азобидан сақласин, гуноҳларимизни мағфират қилиб, жаннат боғларида бирга бўлишни насиб айласин! Омийн!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг