Сийрат: Кўксларининг ёрилиши ҳодисаси

0

Шундай қилиб икки йил ўтди. Бола бошқа болалардан фарқли равишда дуркун катта бўларди. Бола икки ёшга тўлгач, мен отаси билан бирга уни олиб Маккага келдик. Аллоҳга қасамки, қўлимиздан келса, уни яна қайтариб олиб кетишга қароримиз қатъий эди. Болани онасининг олдига олиб келдик. Онаси билан гаплашиб, унга шундай дедим: «Аллоҳга қасамки, биз унга ўхшаган баракотли болани кўрмаганмиз. Биз унга Макканинг вабо ва касалликлари тегишидан қўрқяпмиз. Ўзингиз ҳам яхшироқ тузалиб олгунингизга қадар уни бизда қолдирсангиз». Анча гаплашиб, охири онасини кўндирдик ва болани қайтариб олиб кетдик.

Орадан уч-тўрт ой ўтгач, бир куни у эмикдош акаси билан уйимизнинг орқасида қўй-қўзилар орасида ўйнаб юрган эди. Бирдан акаси чопиб келиб: “Қурайшлик укам олдига оппок кийимли икки киши келди-да, уни ушлаб, ерга ётқизиб, қорнини ёришди”, деди. Отаси икковимиз югуриб чиқиб борсак, боланинг ранги ўзгариб, ғалати аҳволда турган экан. У бизни кўриб йиғлаб юборди. Биз отаси билан: “Сенга нима бўлди, ота-онанг ўргилсин”, деб уни бағримизга босдик. У деди: “Икки киши келиб, мени ётқиздилар, қорнимни ёриб, ниманидир чиқариб, кейин яна олдинги ҳолига қайтариб қўйдилар”. Шундан сўнг отаси: “Қасамки, ўғлимизга нимадир бўлди. Бирон фалокат содир бўлмай туриб, уни оиласига саломат етказ”, деди. Сўнг болани кўтариб, онаси ҳузурига олиб бордик. Онаси бизни кўриб, ташвиш билан: “Нима бўлди, нега ўзимиз сўрамасимиздан туриб уни қайтариб олиб келдинглар, уни ўзингизда олиб қолишга иштиёқингиз баланд эди-ку?!” деди. Биз: “Йўқ, ҳеч гап бўлгани йўқ, эмизиб катта қилдик, уни севиб тарбияладик, энди қайтариб олиб келдик”, дедик. У: “Йўқ, сизларда  бир гап бор, айтинглар, нима бўлди?” деди. Биз охири унга рўй берган воқеани айтишга мажбур бўлдик. У деди: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ уни ёмонликка йўлиқтирмайди, боламнинг бошқача бир хусусияти бор. Мен сизларга айтсам, мен унга ҳомиладор бўлиб, ҳомиладорлик қийинчилигини асло сезмадим. Унга ҳомилалик пайтимда ичимдан бир нур чиқиб, Бусродаги туяларнинг бўйинларини – ёки Бусродаги қасрларни – ёритиб юборган эди. Уни туққанимда Аллоҳга қасамки, бошқа болаларда содир бўладиган ҳолат содир бўлмади. У икки қўлини ерга тираб, бошини осмонга кўтарган ҳолда туғилди. Майли, уни менга ташлаб кетинглар”, деди. Биз болани қолдириб, ортга қайтдик[1].

Дарслар, ибратлар ва фойдалар

  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракалари. У зотнинг баракалари гўдаклик чоғларида Ҳалима Саъдия илк бор бағрига олиши билан кўриниш берди, унинг битта боласини тўйдиришга етмаётган сутига барака кириб, иккала болани бемалол тўйдирди, очликдан эти суягига ёпишган қўйлари ва бир томчи ҳам сути бўлмаган туяси елини тўлиб сут бера бошлади.

  2. Бу баракалар Аллоҳнинг у зотга ато этган икроми бўлиб, шу сабабли Ҳалима Саъдия хонадони илк лаҳзалардан бошлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқача меҳр қўйди, уни ўзгача бир муҳаббат билан тарбия қилишга киришди.

  3. Аллоҳнинг танлагани банда учун яхшидир. Аллоҳ таоло Ҳалима шу етим болани олишини ихтиёр қилди ва у бошқа бола топилмагани учун мажбурликдан олди. Натижада эса, Аллоҳнинг танлагани яхши бўлиб чиқди. Бу ҳар бир мусулмон кишига бир дарс бўлмоғи лозимки, қалбида Аллоҳ танлаган нарса, албатта, яхшидир, деган эътиқод ўрнашсин, Аллоҳнинг ихтиёр этганини кўнгил розилиги билан қабул этсин, Аллоҳ тақдир қилмаган нарса учун афсус-надомат чекмасин.

  4. Саҳро кенгликларининг инсон саломатлигига ва ақлига фойдали экани. Не ҳасратки, бизнинг болаларимиз бир-бирига ёпишган тор уйларнинг диққинафас тор хоналарида ўсиб улғайишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳрода Бани Саъд қабиласи орасида фасоҳатли араб тилини ўргандилар ва кейинчалик халқларнинг энг фасоҳатли кишисига айландилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, сиздан кўра фасоҳатлироқ инсонни кўрмадим”, деганида у зот: “Бу табиий, чунки мен қурайшликман ва Бани Саъдда эмизилганман”, деганлар[2].

  1. Кўксиларининг ёрилиши ҳодисаси у зотнинг пайғамбар қилинишларига илк ишоралардан ва Аллоҳ таоло у зотни буюк бир ишга ҳозирлаётганига далолатлардан бўлди.

Имом Муслим “Саҳиҳ”ида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болалик чоғларида кўкслари ёрилгани ҳодисасини шундай келтиради: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалар билан ўйнаб юрганларида Жаброил келиб, ерга ётқизди, кўкракларини ёриб, юрагини чиқариб олди ва юракдан лахта қонни олиб ташлаб: «Бу шайтоннинг сендаги насибаси эди», деди. Сўнг тилла тоғорадаги замзам суви билан юракни ювиб, ўнглаб, кейин жойига солиб қўйди. Болалар унинг онаси, яъни эмизувчиси олдига югуриб келиб: «Муҳаммадни ўлдиришди», дейишди. Улар чиқиб боришганида унинг ранги ўчиб кетган эди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен у зотнинг кўксларида тикилган изларни кўрар эдим».[3]

Шубҳасиз, шайтоннинг насибаси олиб ташланиши у зотни болалик чоғларидан пайғамбарлик мартабасига тайёрлаш босқичларидан бири бўлиб, у зот ўша пайтдан бошлаб ёмонликлардан ўзларини тийишга, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмасликка илҳомлантирилган эдилар. Қалбларида холис тавҳиддан ўзга бирон нарсага ўрин қолмаганди. Ўсмирлик чоғларида бўлиб ўтган баъзи ҳодисаларда кўринганидек, у зот асло гуноҳ ишга қадам босмадилар, Қурайшда урф бўлганига қарамасдан, ҳеч қачон бут-санамларга сиғинмадилар[4].

 

[1] Абу Яъло “Муснад”да (7163), Табароний “Кабир”да (545), Ҳайсамий “Мажмаъ”да (8/221) ривоят қилганлар. Заҳабий “Сийрати набавия”да (21-бет) келтириб, санади яхши ҳадис, деган.
[2] Суҳайлий, “Ар-равзул анф” (1/188).
[3] Муслим, 261.
[4] Умарий, “Сийрати набавия саҳиҳа” (1/104).

Изоҳ қолдиринг