Муҳаммад ибн Сийрин (2)

0

Муҳаммад ибн Сийриннинг илм мажлиси эзгулик, яхшилик ва панду насиҳатдан иборат бўлар эди. Агар унинг ҳузурида бирон кимса ёмонлаб қолинса, дарҳол ўша кишининг яхши хислатларини эслатиб қўярди. Ҳатто бир киши вафот этиб кетган Ҳажжожни ҳақорат қилаётганини эшитиб: “Ҳой биродар, бас қил! Ҳажжож Парвардигорининг ҳузурига кетди. Сен ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига борганингда, ҳаёти дунёда қилган энг кичик гуноҳингни Ҳажжож қилган энг катта гуноҳдан ҳам ўз нафсингга қаттиқроқ эканини кўрасан. Ҳар бир одамнинг у Кунда ўзига етарли ташвиши бўлур. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло мазлумлар учун Ҳажжождан қасосларини олгани каби, Ҳажжожга зулм қилганлардан ҳам қасос олади. Бугундан кейин бировни ҳақорат қилиш билан овора бўлма”, деди.

 Тижорат сафарига кетаётган бирон кимса хайрлашиш учун Муҳаммад ибн Сийриннинг олдига келса, унга насиҳат қилиб: “Биродарим, сизга насиҳатим, аввало, Аллоҳ азза ва жалладан қўрқинг, Ундан тақво қилинг. Ризқингизни фақат ҳалол йўллар билангина топинг. Сиз ризқингизни ҳалол бўлмаган йўллардан изласангиз ҳам, барибир тақдирда ёзилганидан кўпроғини топа олмайсиз”, деб кузатиб қўярди.

 Муҳаммад ибн Сийрин Умавий амирлар ҳузурида ҳам ўзига хос мавқега эга эди. Улар билан кўришганида маломатдан қўрқмай ҳақ сўзни гапирганига тарих шоҳиддир. Чунки у Аллоҳ учун, Расули учун ва мусулмонлар ҳокимлари учун холис насиҳат қиларди. Шулардан бири қуйидаги қиссадир:

Ироқ ва Хуросон ҳокими, Умавийларнинг катталаридан бўлган Умар ибн Ҳубайра Фазорий Муҳаммад ибн Сийринни ҳузурига чорлаб чопар юборади. Ҳокимнинг даъватига ижобат қилиб Муҳаммад ибн Сийрин жияни билан йўлга тушади. Ҳокимнинг олдига киришганда у Муҳаммад ибн  Сийринни иззат-икром билан кутиб олиб, тўрга ўтказади, сўнг дин ва дунё ишларига тааллуқли кўп масалаларни сўрайди. Суҳбат асносида ҳоким:

– Эй Абу Бакр, шаҳрингиз аҳолиси қай аҳволдалар?– деб сўрайди.

Муҳаммад ибн Сийрин:

– Шаҳар аҳолиси ичида зулм кенг тарқаган, сиз эса бундан бехабарсиз… – деб жавоб қилади. Шунда жияни Муҳаммад ибн Сийриннинг елкасини босиб, гапдан тўхташини талаб қилганида, унга қараб:

– Сен булар ҳақида масъул эмассан, аммо мен масъулман. Бу “гувоҳлик”дир, ахир! Аллоҳ таоло: “Ким гувоҳликни яширса, (у хиёнаткор ва бузуқ қалб эгасидир)”, деган, – дейди. Суҳбат ниҳоясига етганида Умар ибн Ҳубайра Муҳаммад ибн Сийринни қандай иззат-икром билан кутиб олган бўлса, ундан-да зиёда ҳурмат-эҳтиром билан кузатиб қўяди ва ортидан уч минг динор бериб юборади. Муҳаммад ибн Сийрин дийнорларни олмайди. Жияни:

– Ҳокимнинг ҳадясини нима сабабдан олмадингиз? – деб сўраганида, улуғ тобеин шундай жавоб қилади:

– Ҳоким мени яхши одам деган ўйда ҳадя берган. Агар ҳоким ўйлаганидек яхши одам бўлмасам, ҳоким берган ҳадяни олиш менга дуруст эмас. Агар у ўйлаганидек бўлсам, олмаслигим яхшироқдир.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Сийриннинг содиқлигини имтиҳон қилишни хоҳлаб, чинакам мусулмонларга етадиган турли машаққатларга рўбарў қилди. Қуйида ана шундай ҳикоялардан бирини ҳавола қиламиз:

Улуғ тобеин насияга қирқ минг дирҳамлик ёғ сотиб олади. Ёғ солинган идишларнинг бирини очганида, ичида ўлган сичқоннинг титилиб ётганига гувоҳ бўлади. Бу ҳолатни кўрган Ибн Сийрин ўйлайди: “Бу идишлардаги ёғларнинг ҳаммаси мойжувозникида олдин битта идишда бўлган. Демак, бу нажосат фақат мана шу идишдаги ёққа хос эмас. Агар “ёғингга сичқон тушиб, ўлиб, титилиб кетибди. Мен бундай айбли маҳсулотни олмайман”, деб ёғни эгасига қайтариб берсам, у билдирмай одамларга сотиб юбориши мумкин”. Шундан сўнг Ибн Сийрин ёғнинг ҳаммасини тўкиб ташлайди. Бу иш тижорати қаттиқ касодга учраган вақтга тўғри келган эди. Шу сабабли катта қарзга кириб қолади. Ёғнинг эгаси ҳаққини талаб қилганида қарзини тўлашга қодир бўлмайди. Ёғнинг эгаси Ибн Сийриндан волийга шикоят қилади. Волий бўйнидаги қарзни адо қилмагунича Муҳаммад ибн Сийринни қамаб қўйишга амр қилади. Қамоқда узоқ муддат қолиб кетган бу улуғ тобеиннинг диндаги матонати, тақвоси ва ибодатини кўрган қамоқ нозири унга раҳми келиб шундай дейди:

– Эй шайх, кеч киргач, уйингизга бориб, оилангиз билан кечани ўтказиб кела қолинг, тонг отгач, қайтарсиз. Қамоқдан озод бўлиб чиққунингизгача шундай қилишингиз мумкин.

– Аллоҳга қасамки, мен асло бундай қилмайман, – деди Муҳаммад ибн Сийрин.

– Нима учун?

– Волийга хиёнат қилишингда сенга ёрдамчи бўлиб қолмаслигим учун!

 Муҳаммад ибн Сийриннинг қамоққа тушиши улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳаётининг охирги дамларига тўғри келди. Улуғ саҳобий вафотларидан сўнг уни ювиш, кафанлаш ва жанозаларини ўқишни Муҳаммад ибн Сийрин бажаришини васият қиладилар. Анас ибн Молик вафот этгач, одамлар волийга келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилган улуғ саҳобийнинг сўнгги васиятлари ҳақида хабар бериб, уни бажариш учун Муҳаммад ибн Сийринни қамоқдан чиқариб туришга изн сўрайдилар. Волий рухсат беради. Аммо қамоққа бориб Муҳаммад ибн Сийринга ҳолатни баён қилишганида, улуғ тобеин: “Токи қарзимнинг эгаси изн бермагунича чиқмайман. Чунки мен устимда унинг ҳаққи борлиги учун қамалганман”, деб жавоб беради. Ҳақдор ҳам рози бўлгач, қамоқдан чиқиб, Анас розияллоҳу анҳуни ювиб, кафанлаб, жанозаларини ўқиб, сўнг аҳли-оиласини кўриш учун уйига ҳам бормай яна қамоққа қайтиб келади.

 Муҳаммад ибн Сийрин етмиш етти йил умр кечирди. Умри ниҳоясига яқинлашганида, ўлим уни дунё юкларидан енгил, охират ҳаёти учун салмоқли захира ҳозирлаган ҳолатда топди.

Замонасидаги обида аёлларидан бўлган Ҳафса бинти Рошид шундай ҳикоя қилади: “Тоат-ибодатга берилган, жуда обид киши бўлган Марвон Маҳмалий бизнинг қўшнимиз эди. Шу киши вафот этганида қаттиқ ғамга ботдик. Бир куни туш кўрибман, тушимда ана шу обид қўшнимизни кўриб:

–  Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни нима қилди? – деб сўрадим.

–  Раббим мени жаннатга киритди, – деди у.

– Кейин нима бўлди?

– Кейин ўнг тараф эгаларининг олдига олиб чиқилдим.

– Кейин нима бўлди?

– Кейин муқарраблар (Аллоҳга яқин қилинган пешқадамлар) олдига олиб чиқилдим.

– У ерда кимларни кўрдингиз?

– Ҳасан Басрий билан Муҳаммад ибн Сийринни.

Аллоҳ Муҳаммад ибн Сийринни раҳматига олсин, Ислом умматига қилган хизматлари сабаб улуғ ажр-мукофотлар билан сийласин!

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг