Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (1)

0

 «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ) дейиш Исломдаги энг биринчи, намоз, рўза, закот ва ҳаждан, умуман, ушбу диндаги барча нарсадан аввалги энг катта рукндир.

Шубҳасиз, Қуръонни тафаккур қилган киши «Ла илаҳа иллаллоҳ» масаласига Маккада нозил бўлган сураларда кўпроқ эътибор қаратилган бўлса-да, у бутунбошли Қуръоннинг катта қисмини эгаллаганини, тавҳид масаласига жуда жиддий ёндошилганини кўради.

Бир қарашда, Аллоҳнинг китобидаги «Ла илаҳа иллаллоҳ» масаласига катта эътибор берилишига Қуръон хитоб қилган илк одамлар мушрик бўлгани сабаб дейиш мумкин. Чунки улуҳият борасидаги нотўғри қарашларни, ботил эътиқодларни тўғрилаш энг биринчи даражали иш.

Лекин ақида қарор топиб, исломий жамият ва давлат барпо бўлиб, диннинг вазифаларини ва биринчи навбатда жиҳод каби Исломнинг эҳтиёжларини маҳкам тутгандан кейин ҳам Мадинада нозил бўлган сураларда тавҳид масаласи давом этади. Ҳатто мўминларга хитоб қилаётган маданий суралар ҳам «Эй иймон келтирганлар…» жумласи билан бошланиши тавҳид – «Ла илаҳа иллаллоҳ» масаласи бир муддат зикр қилинадиган, сўнг бошқа мавзуга ўтиб кетиладиган гап эмаслиги, балки бир муҳим гап айтишдан олдин у эслатилиб, сўнг бошқа мавзуга ўтиладиган, у ҳеч қачон ва ҳеч замон узилиб қолмайдиган гап эканини билдирар эди.

Эҳтимол, Нисо сурасидаги ушбу оят биз айтган сўзларнинг қатъий далили бўлса ажаб эмас: Эй (Аллоҳ ва Расулига) иймон келтирган (ва Аллоҳнинг шариатига амал қилган) кишилар, Аллоҳга ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган қатъий иймон-ишончингизда, шунингдек, (Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) нозил қилган (Қуръон)га ҳамда илгариги (пайғамбарларга) нозил қилган барча китобларга бўлган қатъий иймонингизда бардавом турингиз! Ким Аллоҳ (таоло)га, Унинг (улуғ) малоикаларига, (У бандаларининг ҳидояти учун нозил қилган) китобларга, (Ўз рисолатини етказишлари учун танлаб олган) пайғамбарларига ҳамда (одамлар ўлгандан сўнг ҳисоб-китоб учун қайта тириладиган) охират кунига кофир бўлса, (у одам диндан чиқибди ва ҳақ йўлдан) жуда ҳам узоқларга адашиб кетибди (Нисо сураси, 136).

Иймонга чақирилаётган кишилар аслида мўминлардир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар…» демоқда! Улар иймон келтиришга чақирилаётган нарсаларга ҳам аслида иймон келтириб бўлганлар. Шунда ҳам улар Аллоҳга, У Зотнинг пайғамбарига, пайғамбарига нозил қилган китобга ва у кишидан аввалги ўтган пайғамбарларга нозил қилинган китобларга иймон келтиришга, ушбу иймонларида бардавом бўлишга чақирилмоқдалар. Аллоҳ таоло улар ҳақида Бақара сурасининг охирида шундай дейди: Аллоҳнинг пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзига Рабби тарафидан ваҳий қилинган нарсаларга иймон келтирди (ва тасдиқлади). Мўминлар ҳам (Қуръони Азимни тасдиқ этиб, унга амал қилдилар). Уларнинг ҳар бири Аллоҳни (улуғлик ва комиллик сифатларига эга Раб ва Маъбуд сифатида) тасдиқлади, (Аллоҳнинг улуғ) фаришталари борлигига, (Унинг туширган) китобларига ва (бандаларига элчилар қилиб юборган) пайғамбарларига ишонди. Биз (мўминлар у пайғамбарларнинг баъзиларига иймон келтириб, баъзиларини инкор этиб қўймаймиз,) балки ҳаммаларига бирдек иймон келтирамиз… (Бақара сураси, 285).

Бундан келиб чиқадики, «Ла илаҳа иллаллоҳ» масаласи одамзод ҳаётидаги давомий, эскирмайдиган масаладир. «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасига фақатгина кофирлар чақирилмайди, эътиқодларини ўнглаб олишлари учун мушрикларгина даъват этилмайди, балки улар билан бир қаторда, мўмин-мусулмонларга ҳам бу калима эслатиб турилади, токи иймонлари қалбларида барҳаёт, ақлларида мустаҳкам қолсин, ҳаётларида амалий тасдиғини топиб, ундан бўшашмасинлар, унинг заруратларидан ғафлатда қолмасинлар!

«Ла илаҳа иллаллоҳ» масаласи асосий масала бўлиши ажабланарли эмас!

Қуръон ушбу масалага катта эътибор қаратишининг сабаби у диний китоб бўлгани эмас, балки инсоннинг ҳаёт йўлини белгилаб берадиган китоб бўлгани учундир!

Шундай экан, токи инсон осмонлару ернинг яратилишига сабаб бўлган Ҳақиқатни англамагунича, ушбу Ҳақиқатга мувофиқ яшамагунича ҳаёти асло текис бўлмайди! Бас, киши ундан оғишмасин, заруриятларидан четга чиқмасин.

Ҳақиқат эса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» – Ундан ўзга барҳақ илоҳ бўлмаган, Унинг Ўзигина яратувчи, Угина ризқ ато этувчи, Угина бутун оламни бошқарувчи, Угина тадбир қилувчи, абадий барҳаёт бўлган Зотдирки, Ундан ўзгаси яратмайди ҳам, ризқ ҳам бермайди, бутун борлиқни бошқара ҳам олмайди.

Буларнинг зарурати эса, Унинг якка Ўзига ибодат қилиш, Унга бирор нарсани шерик қилмаслик, ибодатда Ундан ўзгага юзланмасликдир.

Булар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳақлари бўлишдан ташқари, ҳақиқатки, яратувчи, ризқ берувчи, неъматларга бурковчи, марҳамат кўрсатувчи Зотнинг ибодати – яратмаган, ризқ бермаган, инъом этмаган ва марҳамат кўрсатмаган бирортасига йўлланмаслиги Унинг ҳаққидир.

Булардан ташқари, ушбу масала инсоннинг ўзига хос масаласи ҳамдир.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг