Умар розияллоҳу анҳу: Раиятнинг сиҳат-саломатлигига эътибор бериши

0

 Халифа Умар розияллоҳу анҳу раиятнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратар эди. Инсонларни амал ва вазифаларни адо этишга етарли куч-қувват соҳиби бўлишга тарғиб қилар, ортиқча семизликнинг зарарларидан огоҳлантириб, вазнларини камайтиришга чақирар эди. “Эй одамлар, – дерди мўминлар амири, – кўп овқат еб, семириб кетишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки семизлик намозга дангасалик қилишга, жасаднинг бузилишига, касаллик келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло ўта семиз инсонларни ёқтирмайди. Сизга ўртача куч-қувватга эга бўлишни тавсия этаман, чунки тансиҳатликка энг яқин ва исрофдан энг узоқ бўлган, шунингдек, Аллоҳнинг ибодати учун энг кучли бўладиган ҳолат шудир. Банда то шаҳватини динидан устун қўймагунича асло ҳалок бўлмайди”[1].

Ибн Жавзий ёзади: “Умар розияллоҳу анҳу қориндор бир кишини кўриб: “Бу нима?!” деди. “Аллоҳнинг баракаси”, деган эди, “Йўқ, аксинча, Аллоҳнинг азоби”, деди[2].

Раиятнинг умумий сиҳат-саломатлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларига келсак, бунга ҳам етарлича эътибор қаратарди. Юқумли касалликка чалинган кимсани жамоат жойларида одамларга аралашиб юришидан қайтарар, то тузалиб кетмагунича уйида бўлишга буюрар эди. Ривоят қилинишича, бир куни Умар розияллоҳу анҳу Байтуллоҳни тавоф қилаётган бир мохов касалига чалинган аёлни кўриб: “Эй Аллоҳнинг чўриси, одамларга озор бермасдан уйингда ўтирсанг-чи”, деди. Шундан сўнг у аёл уйида ўтирадиган бўлди. Кейинчалик бир одам у аёлга: “Сени уйда ўтиришга буюрган одам вафот этди, чиқавер”, деган эди, аёл: “Қасамки, тириклигида итоат этиб, ўлганидан сўнг итоатсизлик қилмайман”, деб жавоб берди.

Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу жисмоний чиниқишга ва от минишга тарғиб қиларди, “Болаларингизни сузишга ва камон отишга ўргатинглар, отга сакраб минишни ва чиройли шеър айтишни ўргансинлар”, дер эди[3].

Ичкиликка берилган одамга насиҳати

Умар розияллоҳу анҳу Шом аҳлидан бўлган бир одам ҳақида сўраб-суриштирган эди, “У ичкиликка берилиб кетди”, дейишди. Котибига буюриб, унга шундай хат ёздирди: “Умар ибн Хаттобдан фалончига. Сенга салом бўлсин. Мен сенга Ундан ўзга ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳни мақтайман. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. “Ҳа, мим. Бу Қуръон қудратли ва билувчи, гуноҳларни кечирувчи, тавбаларни қабул қилувчи, азоби қаттиқ ва фазлу марҳамат соҳиби бўлган Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. Ундан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Қиёмат куни қайтиш Унинг ҳузуригадир” (Ғофир сураси, 1–3-оятлар)”. Сўнг мактубга муҳр қўйиб, элчисининг қўлига берди ва: “Бу хатни унга фақат ҳушёр ҳолида бер”, деди. Кейин олдидаги одамларга ўша кимса ҳақига яхшилик билан дуо қилишни буюрди. Мактуб қўлига теккач, у одам ўқиб, шундай дея бошлади: “Раббим мени кечиришни ваъда қилди ва азобидан огоҳлантирди, Раббим мени кечиришни ваъда қилди ва азобидан огоҳлантирди…” У шу сўзларни такрор-такрор айтиб, кўп йиғлади. Сўнг ичкиликни бутунлай ташлади ва чиройли тавба қилди. Умарга унинг хабари етиб келгач: “Агар бирон кишининг йўлдан тойганини кўрсанглар мана шундай қилинглар, уни йўлга солиб қўйинглар ва ҳаққига дуо қилинглар, унга қарши шайтонга ёрдамчи бўлманглар”, деди[4].

Бу нуқтада ҳазрат Умарнинг шахсларни тарбия қилиш ва инсон табиатини чуқур билишдаги заковати намоён бўлади. Тарбияда бир шахсга фойда берган услуб бошқа бировга фойда бермаслиги мумкин. У воқеа муваффақиятли таълим-тарбиянинг ва адашганни йўлга солишнинг ғоят юмшоқ кўринишларидан биридир. Қаранг, амирул мўминин муҳим ишлар ва давлат вазифалари билан ўта банд бўлишига қарамай, танишларидан бирининг нега кўринмай қолганини сўраяпти. Кейин унинг ҳолатини билиб,  эътиборсиз қолдирмади, балки муаммосига ечим излади, аҳволи яхшиланишига сабаб бўлди. Бугун биз бир биродаримиз кўринмай қолса, унинг йўқ бўлиб қолганини сезмаймиз ҳам. Билган тақдиримизда ҳам унинг нега кўринмай қолгани ҳақида сўраб суриштирмаймиз, муаммоси бўлса, уни ечиш ҳақида бош қотирмаймиз, қайғурмаймиз. Бундай бепарволик исломий биродарликни емирадиган чўкичлардандир. Ака-укалардир деб сифатланган мўминларнинг ҳоли бундай бўлмаслиги лозим. Аллоҳ ўзи ёрдам берсин.

 

[1] Д-р Абдураҳмон Оний, “Халифа Форуқ” (124-бет).
[2] “Маноқиби Умар” (200-бет).
[3] Д-р Абдураҳмон Оний, “Халифа Форуқ” (124-бет).
[4] “Тафсири Қуртубий” (15/256).

Изоҳ қолдиринг