Савдо-сотиқ: Масжидда ва жума намозига азон айтилаётган пайтда савдо қилмаслик

0

Учинчидан: тааббудий[1] сабабларга кўра ҳаром қилинган ишлар

  1. Масжидда савдо-сотиқ қилмаслик:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Масжидда савдо-сотиқ қилаётган одамни кўрсангиз, «Аллоҳ тижоратингдан фойда кўрсатмасин», деб айтинглар. Агар масжидда йўқотган нарсасини суриштираётган одамни кўрсангиз, «Аллоҳ уни сенга қайтармасин», деб айтинглар»[2].

Термизий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзи уламолар шунга амал қилиб келишган. Уларнинг фикрича, масжидда савдо-сотиқ қилиш макруҳдир. Бу Аҳмад ва Исҳоқнинг (ибн Роҳавайҳ) фикри. Бошқа бир гуруҳ уламолар эса, масжидда савдо-сотиқ қилишга рухсат берганлар».

Менимча, ҳадисга биноан, масжидда савдо-сотиқ қилиш жоиз эмас, дейиш тўғрироқдир. Олдинги уламолар макруҳни ҳаром маъносида қўллаганлар.

  1. Жума намозига азон айтилаётган пайтда савдо-сотиқ қилмаслик:

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, агар жума куни намозга азон айтилса, Аллоҳнинг зикрига (намозга ёки хутбани тинглашга) шошилингиз ва савдо-сотиқни тарк этингиз. Агар билсангиз, мана шундай қилишингиз сизлар учун яхшироқдир» (Жумъа сураси, 9).

Дарҳақиқат, ушбу масала «Намоз китоби»нинг жума намозига оид бобларида баён қилинган эди.

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу пайтда савдо-сотиқ қилиш ҳаром қилингандан кейин бошқа турли шартномалар тузиш, касб-ҳунар билан шуғулланиш ва, умуман, жумага шошилишдан машғул қиладиган ҳар қандай ишлар ҳам ҳаром бўлади»[3].

Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу иш, яъни қуёш заволга оққач, имом минбарга чиққанидан кейин айтиладиган азон пайтида савдо-сотиқ қилишнинг ҳаромлиги, ўйлашимча, ижмо қилинган (уламолар иттифоқ қилган) масаладир»[4].

Албатта, бу пайтда савдо-сотиқ қилиш ҳаромлиги томонлардан бири жумага бориши фарз бўлган кишиларнинг савдосига тааллуқлидир. Аммо жумага бориши фарз бўлмаган икки киши, масалан, иккита аёл савдо қилса, жоиз.

Яна бир масала қолди: агар жума куни азон айтилаётган пайтда савдо қилинса, савдо дуруст бўладими ёки фосидми?

Ҳанафий ва шофеий мазҳабларига кўра, инсон бу пайтда савдо қилгани учун гуноҳкор бўлса-да, қилинган савдо дурустдир. Имом Аҳмад ва Довуд Зоҳирийнинг фикрича, савдо дуруст бўлмайди (яъни бундай савдони бузиш: харидор молни, сотувчи пулни ўзаро қайтариб беришлари вожиб).

Биринчи фикр тўғрироқ. Чунки бу пайтда савдо қилиш ҳаромлиги савдодан ташқаридаги сабабга боғлиқдир, валлоҳу аълам.

[1] Албатта, ҳар қандай шариат ҳукмлари ҳикматдан холи бўлмайди. Чунки улар етук илм ва ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло тарафидан юборилган. Бироқ биз бандалар баъзан уларда яширинган ҳикматларни билишдан ожиз қоламиз. Шунинг учун шариат аҳкомларининг ҳикмати бизларга маълум ёки номаълумлиги жиҳатидан уларни иккига бўлиш мумкин. Агар уларнинг ҳикмати бизга номаълум, ақлимиз улардаги ҳикматни идрок этишдан ожиз бўлса, бундай аҳкомларга “тааббудий ҳукмлар” дейилади. Аммо ҳикмати маълум бўлса, уларга “маъқул ҳукмлар», яъни ундаги ҳикмат ёхуд иллат-сабабни ақл идрок этадиган ҳукмлар дейилади (тарж.).
[2] Саҳиҳ. Термизий (1321, «ҳасан ғариб ҳадис» деган), Ибн Хузайма (1305) ривояти. Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (3/57) саҳиҳ деган.
[3] «Ал-мажмуъ», 4/500.
[4] «Бидоятул мужтаҳид», 2/127.

Изоҳ қолдиринг