Али розияллоҳу анҳу: Али билан рошид халифалар ўртасидаги алоқалар ҳақиқатини кўрсатувчи амалий ва воқеий далиллар

0

Амирул мўминин Али розияллоҳу анҳу ҳаётида биродарлари Абу Бакр, Умар, Усмон билан дўстона алоқада бўлганини кўрсатувчи воқеий далиллар жуда кўп ва машҳурдир. Улардан бир қанчасини юқорида бир неча ўринда нақл қилиб ўтдик. Уларнинг ўзаро дўстликларига ва ўрталаридаги мавжуд илиқ муносабатларга далолат қилувчи энг ёрқин кўринишлардан бири, шубҳасиз, Али розияллоҳу анҳу қизи Умму Гулсумни амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳуга турмушга узатганидир. Умматнинг форуқи бўлган Умар розияллоҳу анҳу шиа рофизалари наздида шайтондан ҳам кофирроқ бўлса, у бечоралар ақлларини озроқ ишлатсалар ва бу гаплари билан ўз мазҳабларининг илдизига болта ураётганларини тушунсалар бўлмайдими?! Зеро, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо улар даъво қилгани каби кофир бўлсалар, Али розияллоҳу анҳу Умму Гулсумни Умар розияллоҳу анҳуга узатиш билан ўз қизини зинога қўйиб бергани туфайли кофир ё фосиққа айланади-ку! Негаки, муслимани кофирга бериш уни зинога рўпара қилиш дегани. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг аҳли байтига муҳаббатида ва уларга эргашишда содиқ бўлган инсофли ва беғараз оқил инсон олдида ушбу ҳақиқатга – тўрт халифа ўртасидаги дўстлик ва меҳр-муҳаббат ҳақиқатига бўйсунишдан бошқа йўл йўқдир. Шунинг учун ҳам Муиззуд-давла Аҳмад ибн Бувайҳга – у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини сўкадиган рофизий эди – Али розияллоҳу анҳу қизи Умму Гулсумни Умар ибн Хаттобга никоҳлаб бергани ҳақида айтилганида у бундан қаттиқ таъсирланди ва мен буни билмаган эканман деб, тавба қилди, жуда кўп садақалар қилди, қул-чўрилар озод қилди, ўз хатосидан пушаймон бўлиб, ўтказган умри давомида рофизаларнинг шубҳаларига алданганини билиб, покиза инсонларга туҳмат қилгани гуноҳининг оғирлигини ҳис қилиб, йиғлаб, беҳуш бўлди[1].

Шиа рофизаларининг машойихлари бу ҳодисага бошқача тўн кийдиришади, яъни Али розияллоҳу анҳу қизини Умарга мажбуран ва ихтиёрсиз равишда берганини айтишади. Баъзи имомларининг тилидан ёлғон ривоятлар тўқиб: “Бу биздан босқинчилик билан тортиб олинган аёл эди”, деб айтилган ривоятни келтиришади[2]. Бу билан улар ўзларини шармандалик ботқоғига ботиришади ва амирул мўминин Али розияллоҳу анҳуни ўз номусини қўрий олмаган, қизининг фаҳшга қадам қўйишига индамай қараб турган бир даюс қилиб тасвирлашади. Амирул мўминин Али розияллоҳу анҳудек Ислом баҳодири ҳақида қандай қилиб шундай дейиш мумкин?! Арабларнинг саййидлари ва энг олий насаблиси, ҳамияти энг кучлиси бўлган Бани Ҳошим у ёқда турсин, энг оддий бир араб кишиси ҳам номусини ҳимоя қилиш йўлида ўз жонини қурбон қиладиган, ўз аҳли оиласи ва аёллари номусини сақлаш учун қўрқмай жангга отиладиган бўлгани ҳолда, қандай қилиб улар мўминлар амирига ҳамда унинг қизи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираларига бундай шармандали иснодни нисбатлашади?! Ҳолбуки, Али қўрқмас паҳлавон, Бани Лайснинг арслони, Аллоҳнинг машриқу мағрибдаги шери деган лақаблар эгаси эди!

Аҳли байт билан хулафои рошидин ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатларга далиллардан яна бири шуки, Али, Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳум ўз фарзандларига Абу Бакр, Умар ва Усмон деб исм қўйганлар. Ахир бирон киши ўз фарзандига энг ашаддий душманининг исмини қўйиши мумкинми?! Уйида, кўз ўнгида ҳар куни энг ёмон кўрган одамининг исми бот-бот такрорланиб туришига тоқат қила оладими?!

Ҳа, Али розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан илиқ ва дўстона муносабатлари уларнинг ҳаётлик чоғларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам сақланиб қолган. У зот уларга халифалик даврларида қулоқ солиб, итоат қилувчи эди, уларни яхши кўрарди, улар ҳам уни яхши кўрардилар, бир-бирларини қадрлар, меҳр-муҳаббатларида содиқ эдилар. Салафларимиз айтганларидек, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алига муҳаббат фақат энг тақволи кишиларнинг қалбларида жам бўлади[3]. Суфён Саврий айтади: “Усмон ва Али розияллоҳу анҳумога бўлган муҳаббат фақат энг олийжаноб қалбларда жамланади”. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Улар Усмон ва Али розияллоҳу анҳумога бўлган муҳаббат мўмин кишининг қалбида жамланмайди, дейишибди. Бекор айтишибди, Аллоҳ азза ва жалла икковларига бўлган муҳаббатни бизнинг қалбимизда жамлади”[4].

[1] “Усули мазҳаби шиа” (2/937). “Ал-мунтазам” (7/38).
[2] “Усули мазҳаби шиа” (2/937). “Фуруъул кофий” (2/10).
[3] Ожуррий, “Аш-шариа” (5/2312).
[4] Ожуррий, “Аш-шариа” (5/2312).

Изоҳ қолдиринг