Умавийлар давлати: Қуръонни ҳакам қилишга чақириқ

0

Ҳарир (шовқин-сурон) кечаси ва жума кунидаги жангдан кейин иккала қўшиннинг ҳам урушишга мажоли қолмади. Кинда қабиласи бошлиғи Ашъас ибн Қайснинг ўз қавмига қилган хитобида ҳам шу нарса ўз аксини топган эди: “Эй мусулмонлар, ўтган куни нима ишлар бўлганини ва қанчадан қанча араблар қирилиб кетганини кўрдинглар. Қасамки, Аллоҳ берган умримни яшаб, шу ёшга етиб, бунақасини ҳеч кўрмагандим. Огоҳ бўлинглар, эшитганлар эшитмаганларга етказинглар, агар эртага ҳам шу ҳол давом этадиган бўлса, бу арабларнинг қирилиб, бутунлай йўқликка юз тутиши деганидир. Аллоҳга қасамки, мен бу гапни урушдан қўрққанимдан айтмаяпман, мен ёши бир жойга борган одамман. Аммо, агар эртага бизга бир гап бўлса, хотинларимиз ва болаларимизга ичим ачишиб гапиряпман. Эй Аллоҳ, Ўзинг яхши биласанки, мен қавмдошларим ва диндошларимга фақат яхшиликни кўзламоқдаман”.

Ашъаснинг бу гаплари Муовиянинг қулоғига етиб келгач, у: “Каъбанинг Раббига қасамки, у тўғри айтибди. Агар эртага ҳам уруш шу тарзда давом этса, румликлар Шом халқининг хотинлари ва бола-чақаларига, форсликлар ироқликларнинг хотинлари ва бола-чақаларига чанг солишларига йўл очиб берган бўламиз. Узоқни кўрувчи ақлли кишиларга бу нарса махфий эмас”, деди. Сўнг одамларига: “Найзаларингиз учига мусҳафларни боғланглар!” деб буюрди[1].

Бу (ҳазрат Али тарафдори бўлган) ироқликларнинг ривояти бўлиб, унда на Амр ибн Оснинг исми ва на унинг макр-ҳийлага қўл ургани ҳақида гап боради. Аксинча, бу сўзлар фақат ҳар иккала томоннинг истак-хоҳиши ва рағбатини акс эттиради. Аслида, бу билан Муовия билан Амр ибн Ос мақтовли бир ишга қўл уришган ва ҳар икки тарафнинг қонлари беҳуда тўкилиши олдини олишга қарор қилишган эди. Улардан бирининг мардлиги тутиб, ўзаро уришаётган умматнинг қолган-қутган куч-қувватини сақлаб қолишга ошиқиши на Муовия ва на Амр шаънида ҳақоратли иш саналарди. Уларнинг бу иши фақат шу фитна оловини ёққан Ислом душманларини хафа қиладиган иш бўлди, холос. У душманлар одамларни чалғитадиган ва ҳақни ботилга аралаштириб юборадиган адаштирувчи сўзларни, шунингдек, мусулмонлар қонини сақлаб қолиш мақсадида Қуръонни ҳакам қилишга чақириқ каби фазилатли ишни жиноят, ҳийла ва тил бириктирув деб баҳолайдиган сохта ривоятлар уюмини қолдирдилар, саҳиҳ ривоятлардаги хабарларга зид келадиган ёлғон сўзларни амирул мўминин Али розияллоҳу анҳуга нисбат бердилар. Гўё у зот айтган эмишки: “Улар Қуръонни кўтармадилар, кўтармайдилар ҳам. Улар ундаги оятларга амал ҳам қилмайдилар. Уни фақат сизларни алдаш, сизларга ҳийла-найранг қилиш учун кўтардилар, холос”[2]. Яна улар Қуръонларни баланд кўтариш ҳақида Али розияллоҳу анҳу гўё мана бу сўзларни айтганини келтиришади: “Бу бузуқ хотиннинг боласи берган маслаҳат”[3]. Саҳобайи киромнинг душманлари бўлган у кимсалар Амр ибн Ос шахсини қораловчи гапларни шу қадар кўпайтириб юборишганки, улар уйдирган сохта ривоятлар таъсирида, қайси бир тарих китобини қараманг, унда, албатта, Амр ибн Осдек саҳобанинг шаъни ерга урилганига, уни алдоқчи ва маккор шахс деб тасвирланганига гувоҳ бўласиз. Бу ривоятларни ҳатто Табарий, Ибн Асир ва бошқалар ҳам нақл қилишган. Кўпгина замондош тарихчилар ҳам тарихий ҳақиқатлар борасида чуқур тадқиқотлар олиб боришмагани туфайли шу хатони такрорлашган. Ҳасан Иброҳим Ҳасан “Ислом тарихи” китобида, Муҳаммад Хузарий “Умавийлар давлати тарихи” асарида, Абдулваҳҳоб Нажжор “Хулафои рошидин тарихи” китобида ва бошқа тарихчилар тиниқ тарихий ҳақиқатларнинг булғанишига етарлича ҳисса қўшдилар.

Кейинги мақоламизда бу борадаги соф тарихий ҳақиқат аслида қандай бўлгани ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1] “Вақъату сиффин” (479-884 бетлар).
[2] “Комил” (2/386).
[3] Ўша манба (5/662).

Изоҳ қолдиринг