Қирқ ҳадис: Ўнинчи ҳадис: Ҳадисдан олинадиган фойдалар (2)

0

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

(Давоми)

  1. Аллоҳнинг неъматларига солиҳ амаллар билан шукр қилинади. Бу иш вожибдир. Аллоҳ таолонинг пайғамбарларга айтган: «Ҳалол-пок нарсалардан еб-ичингиз ва солиҳ амал қилингиз» (Мўъминун сураси, 51) ҳамда мўминларга қарата айтган: «Биз сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан еб-ичингиз ва Аллоҳга шукр қилингиз» (Бақара сураси, 172), деган сўзлари шунга далолат қилади.

Юқоридаги икки оят йиғиндисидан шукр қилиш солиҳ амалдан иборат, деган хулоса чиқади. Чунки ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, Аллоҳ пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрди», дедилар. Аллоҳ таоло пайғамбарларни иккита ишга буюрди: биринчиси, ҳалол-пок нарсалардан еб-ичиш бўлса, иккинчиси, солиҳ амал қилиш.

Шунга кўра, «Аллоҳга шукр», «Алҳамдулиллаҳ» (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деган ҳар қандай инсон У зотга шукр қилган бўлавермайди. Балки банда шукр қилиши учун амали солиҳ бўлиши лозим. Шунинг учун баъзи фуқаҳолар айтишади: «Шукр неъмат ато этувчи Зотга тоат-ибодат қилишдан иборатдир».

  1. Бирон ишни бажариб турган кишини яна шу ишга буюриш жоиздир. Ҳадисда келтирилган оятда Аллоҳ таоло пайғамбарларга қарата: «…солиҳ амал қилингиз», деди. Пайғамбарларни солиҳ амал қилишга буюрди. Ҳолбуки, у зотлар шундоқ ҳам солиҳ амал қиладилар, бунда шак-шубҳа йўқ. Бу маънони бошқа бир оятдаги Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб айтган: «Эй Пайғамбар, Аллоҳга тақво қилинг» (Аҳзоб сураси, 1), деган сўзида ҳам учратиш мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбарини тақво қилишга буюряпти. Ҳолбуки, у зот одамлар ичида Аллоҳдан энг кўп тақво қиладиган зот эдилар. Бизлар шунча хато-камчиликларимиз бўлишига қарамай, биров «Аллоҳга тақво қилинг», деса аччиғимиз чиқади. Ёки «Аллоҳ ҳидоят қилсин», деса, «Мен ҳидоятда бўлмай, нимадаман?!» деймиз. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдай зотга Аллоҳ таоло «Аллоҳга тақво қилинг», деб хитоб этаётир.

Пайғамбарлар алайҳимуссалом гарчи солиҳ амал қилиб келган бўлсалар-да, ўз йўлларида собитқадам ва бардавом бўлишлари учун солиҳ амал қилишга буюрилганлар.

  1. Ҳадисда зикр қилинган оятлардаги «ҳалол-пок нарсалардан» ҳамда мўминларга қарата айтилган «Биз сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан», деган сўзлардан нопок нарсалар ҳаром қилингани келиб чиқади.

Бироқ нопок нарсалар қандай аниқланади? Ҳар бир инсон ўзича нопок ва ифлос санаган нарсалар нопок бўладими ёки бунинг учун уни шариат нопок санаши керакми?

Жавоб: шариат нопок ва ифлос санаган нарсалар нопок ва ифлос нарсалардир. Чунки бу иш одамларнинг ақлига ҳавола қилиниши мумкин эмас. Негаки, бунинг ортидан барчага маълум бўлган ёмонлик ва ихтилофлар келиб чиқади. Айтайлик, кимдир чигирткани, кимдир зобъни[1] ёқтирмайди, ундан жирканади, нопок санайди. Ҳолбуки, шариат ҳукмига кўра, ҳар иккиси ҳалол ҳисобланади. Шунинг учун, нопок санаш ҳар кимнинг диди ва табиатига ҳавола қилинмайди. Чунки ҳар бир инсон ўзи ейишга одатланмаган нарсаларни ёқтирмаслиги мумкин.

Айтишларича, баъзи араблар қўнғиздан бошқа ер юзида ўрмалаган ёки ҳавода учган барча нарсаларни ейишган. Демак, бирон нарсанинг ҳалол-поклиги ёки нопок-ҳаромлигини аниқлаш шариатнинг иши, одамларнинг дид-хоҳишига ҳавола қилинмайди.

  1. Ҳадисдан маълум бўладики, ҳаром луқма еган одам ҳарчанд дуо ижобат бўлишига олиб борадиган ишларни қилса ҳам, тилаги рўёбга чиқиши қийин экан. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам соч-соқоли тўзғиб, чангга ботиб, узоқ сафар қилган кишини зикр қилиб, ортидан «қаёқдан ҳам дуоси мустажоб бўлсин», деганлар. Бу гап унинг дуоси мустажоб бўлиши қийин деганидир.

Бироқ бу гапдан ҳаром еган инсоннинг дуоси мустажоб бўлмайди деган маъно чиқадими?

Жавоб: йўқ, чунки инсон бирон ишнинг амалга ошишини қийин санаса-да, воқеликда содир бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни ҳаромдан ҳазар қилдириш учун ҳаром еган инсоннинг дуоси мустажоб бўлишини йироқ санадилар.

  1. Сафар қилиш дуонинг ижобат бўлиши омилларидан биридир. Ҳадисда келишича, мусофирнинг дуоси қайтарилмас экан[2]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарни зикр қилишлари унинг дуо мустажоб бўлишига таъсир этишига далолат қилади. Айниқса, инсон узоқ сафар қилса, ватанидан олисда бўлса, қалби янада юмшоқ ва хокисор, Аллоҳга илтижоли бўлади.

  2. Соч-соқолнинг тўзғиган, тананинг ғуборга беланган бўлиши ҳам дуонинг мустажоб бўлишига элтувчи омиллардан экан.

Бироқ шуни эслатиб ўтиш лозимки, бирон шаръий сабабсиз мубоҳ ва ҳалол ишлардан сақланиш шариатда қораланган амалдир. Шунинг учун таъкидлаш лозимки, ҳадисда айтилаётган сочнинг тўзиши, тананинг чангга беланиши орқали дунё ишларидан кўра кўпроқ охиратга эътибор қаратиш лозимлиги баён этилган.

  1. Дуода икки қўлни кўтариш ҳам дуонинг ижобат бўлиш сабабларидан саналади.

Бунинг учун икки кафтни бир-бирига ёпиштириб, кўкракнинг юқори қисми баробарида кўтарилади. Аллоҳга илтижо айлаб дуо қилинганда икки қўл янада баландроқ кўтарилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам истисқо (ёмғир сўраш) дуосида қўлларини шунчалик баланд кўтарганларидан, кўрганлар у зот кафтларининг орқа томонини осмонга қаратиб турибдилар, деган ўйга бориб қолган эди. Демак, инсон дуо-илтижоси кучайган сари қўлларини шунчалик баланд кўтаради.

Шу ўринда бир масала бор: ҳар қандай дуода қўл кўтариш жоизми?

Жавоб: дуода қўл кўтариш уч турдан иборат:

  1. Қўл кўтариш ҳақида далил келган дуолар.

  2. Қўл кўтармаслик ҳақида далил келган дуолар.

  3. Қўл кўтариш-кўтармаслик ҳақида бирон далил келмаган дуолар.

Биринчи турга мисол: имом истисқо (ёмғир ёғишини сўраш) ёки истисҳо (ёмғир тинишини сўраш) учун дуо қилса, ўзи ҳам, қавм ҳам қўлларини дуога кўтарадилар. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келишича, бир аъробий жума хутбаси асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёмғир сўраб дуо қилишларини сўрайди. Шунда у зот қўлларини кўтариб, дуо қила бошлайдилар, одамлар ҳам у зотга эргашиб, қўлларини кўтариб дуо қиладилар[3].

Шунингдек, мусулмонлар бошига мусибат тушган пайтларда қилинган дуоларда ҳамда витрда қўлларни кўтариб дуо қилиш ҳадисларда собит бўлган. Яна ҳаж ва умра ибодати асносида Сафо ва Марва тоғлари устига чиққанда, Арафотда ва шу каби бошқа баъзи ўринларда қўл кўтариб дуо қилиш тўғрисида ҳадислар бор. Бу каби ўринларда қўл кўтариш масаласи очиқ ва тушунарлидир.

Иккинчи тур, яъни дуода қўл кўтармасликка келсак, бунга жума хутбаси асносида истисқо ва истисҳо дуоларидан бошқа дуоларни мисол қилиш мумкин. Имом хутбада мўмин-мусулмонларнинг ёки мужоҳидларнинг ҳаққига дуо қилганида қўлини кўтармайди. Агар бу вақтда қўлини кўтарса, суннатга хилоф иш қилган бўлади. Имом Муслим Умора ибн Руъбадан ривоят қилишича, у Бишр ибн Марвоннинг минбарда қўлларини кўтариб дуо қилаётганини кўради ва шундай дейди: «Аллоҳ бу икки қўлни яхшиликдан йироқ қилсин (ёхуд бу икки қўл қилган иш хунук ишдир)! Дарҳақиқат, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганман: (хутбада дуо қилсалар) қўллари билан фақат мана бундай қилар эдилар», дея кўрсаткич бармоғини ҳавога кўтарди[4].

Шунингдек, намозда икки саждаси ўртасида, охирги қаъдада ўқиладиган ва шунга ўхшаш дуолар ҳам қўл кўтармай қилинадиган дуоларга мисол бўлади.

Учинчи тур дуоларда қўл кўтариш ёки кўтармаслик тўғрисида далил келмаган. Аслида, қўлларни кўтариш дуо одобларидан ва унинг ижобат бўлиши сабабларидан бўлгани учун бу турли дуоларда қўллар кўтарилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳаёли ва сахий Зотдир. Бандаси Унга қўлларини чўзса, уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади»[5].

Баъзи дуо қилинадиган ўринлар борки, уларда қўл кўтармаслик тўғрироқ бўлиши мумкин. Масалан, жума куни икки хутба орасида дуо қилиш. Бу ўринда саҳобалар дуо қилишса, қўлларини кўтарар эдиларми-йўқми, билмаймиз. Бинобарин, бу каби ўринларда дуо қилинса, қўл кўтариш-кўтармаслик масаласи ижтиҳодий масала. Ким дуода асли қўл кўтарилади, деб қўл кўтарса, эътироз қилинмайди. Шунингдек, ким бу ўринда саҳобалар қўл кўтариб дуо қилмаганлар, деб қўл кўтармаса, унга ҳам эътироз йўқ. Демак, ижтиҳодий масала бўлгани боис бу каби масалаларга енгил қараш лозим.

  1. Дуонинг ижобат бўлишига олиб борадиган омиллардан яна бири Аллоҳ таолога рубубият (Раб) сифати билан илтижо қилишдир. Чунки ҳадисда зикр этилган киши Аллоҳга «Ё Раб, ё Раб!» дея илтижо қилган эди. Қолаверса, бошқа бир ҳадиси шарифда келишича, инсон «Ё Раб, ё Раб, ё Раб!» деса, Аллоҳ таоло: «Нима хоҳлайсан?» дер ёки шунга ўхшаш сўз айтар ва дуосини ижобат қилар экан. Шунинг учун ҳам, Қуръонда зикр қилинган дуоларнинг аксари «Ё Раб» нидоси билан бошланганини кўрасиз.

Салафлардан бири бировнинг «Ё Саййидим» деб Аллоҳга дуо қилаётганини эшитганида: «Ё Саййидим», дема, балки пайғамбарлар айтганидек «Ё Раб», дегин дея танбеҳ берган экан. Шаръий сўз ва ибораларни ташлаб, уларнинг ўрнига бошқасини қўллаш хато. Гарчи инсон ўзи ихтиёр қилган сўзлар Аллоҳни кўпроқ улуғловчи деб ўйласа ҳам.

Кўпчилик одамлар шу балога гирифтор бўлишган. Улар Қуръон ва ҳадисларда келган шаръий дуолардан бурилиб, ўзларича тўқиб олган турли қофияли дуоларни айтиб юришади. Ҳатто бу дуоларнинг баъзиларида шариатга хилоф сўзлар ҳам бўлиши мумкин. Сизларга насиҳатим, шаръий дуолардан бошқасини тутманг. Инсоннинг Раббидан сўрамоқчи бўлган ўзига хос бирон ҳожати бўлиши бошқа масала. Бироқ инсон оддий ҳолатларда Аллоҳга дуо қилар экан, суннатда келмаган, узундан-узун, қофияли дуоларни айтмагани афзал.

  1. Ҳаром еб-ичишдан қаттиқ ҳазар қилиш лозим. Чунки ҳаром ейиш дуонинг мустажоб бўлишига олиб борувчи бошқа сабаблар муҳайё қилинган пайтда ҳам дуонинг рад этилишига сабабчи бўлади. Ундан ташқари, Аллоҳ сақласин, ҳаром ейиш инсон тоат-ибодатларни ташлаб қўйишига ҳам олиб боради. Чунки бадан бузуқ нарсалар билан озиқланар экан, бу озуқа, албатта, унинг диёнатига таъсир ўтказади. Аллоҳул мустаъон – фақат Аллоҳ ёрдам сўраладиган Зотдир!

[1] Зобъ (илмий номи Uromastyx) – калтакесаксимонлар туркумига мансуб саҳрода яшовчи ҳайвон. Ташқи кўриниши тимсоҳга ўхшайди. Танаси қисқа ва йўғон бўлиб, ҳар бирида бештадан панжа бўлган бақувват оёқлари бор. Ранги малла ёки кулранг. Боши учбурчаксимон, тишлари ўткир ва бақувват. Вояга етган зобънинг узунлиги 85 смгача етади. Бурама ва тикансимон думи танасига нисбатан қисқа бўлади. Асосан саҳрода ўсувчи ўсимликлар, шунингдек, баъзи кичик ҳашаротлар билан озиқланади. Саудия Арабистони, Ироқ, БАА, Миср, Сурия, Иордания, Эрон, Яман каби давлатларда кўп учрайди. Ҳозирга қадар саҳройи араблар зобъ гўштини севиб истеъмол қилишади (Тарж.).
[2] «Учта дуо борки, рад этилмайди: отанинг ўғлига қилган дуоси, мусофирнинг дуоси, мазлумнинг дуоси» (Аҳмад (2/258), Абу Довуд (136), Термизий (3442) ривояти).
[3] 1029-ҳадис.
[4] Муслим ривояти, 874.
[5] Абу Довуд (1488), Термизий (3556) ривояти. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг