Рабеъ ибн Хусайм (2)

1

Рабеъ ибн Хусайм (2)

Рабеъ ибн Хусайм ким ўзи?!

Келинг, шу киши билан танишиб чиқамиз.

Рабеъ ибн Хусайм тобеинларнинг улуғларидан. Ўша зуҳд асрида етишиб чиққан саккиз зоҳиднинг бири. Асли араб, Музарий. Насл-насаби боболари Илёс ва Музарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан туташади.

Рабеъ ёшлик чоғидан Аллоҳнинг тоатида улғайди ва нафсини тақвога ўргатди. Онаси ярим кечада уйқудан уйғониб қараса, ёш ўғлининг ҳали ҳам жойнамоз устида тик туриб Аллоҳга муножот қилаётган, намозга ғарқ бўлган ҳолда кўрар эди. Ўғлига: “Эй болам… Рабеъ… ухламайсанми?” деса, “Тун зулмати ўраб олган ва душманнинг ҳужумидан қўрққан одам ухлай оладими?” дер эди. Бу сўзларни эшитган муштипар онанинг кўзларидан ёш қуюлиб, ўғлининг ҳаққига дуолар қиларди.

Рабеъ улғайган сари унинг тақвоси ҳам, Аллоҳдан қўрқиши ҳам улғайиб борди. Унинг кўп тазарруъ билан ёлворишлари, кечалари одамлар ухлаб ётганда ҳўнграб йиғлашлари онаизорнинг раҳмини келтирар ва ҳатто ҳар хил гумонларга ҳам олиб борарди. Бир куни ҳатто: “Эй ўғлим, нима бўлди сенга, балки каттароқ бир жиноят қилдингми? Одам ўлдириб қўйдингми?” деб сўради.

Рабеъ: “Ҳа она, мен одам ўлдирдим”, деди.

Онаси: “Кимни ўлдирдинг, болам, уни оиласидан ўртага одам қўйиб илтимос қилсак, балки кечиришар. Сенинг бу йиғлашларингни, кечаларидаги нолаларингни билишса, албатта, раҳм қилишади, болам”, деди.

Рабеъ шундай жавоб қилди: “Онажон, фақат ҳеч кимга айтманг! Мен ўз нафсимни ўлдирдим… Гуноҳлар билан уни ўлдирдим…”

Рабеъ ибн Хусайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда у зотнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд тушиб, фарзанд отасига боғлангандек, устозининг этагини маҳкам тутди. Ўз навбатида устоз ҳам шогирдини ота ўзининг ёлғиз фарзандини қандай яхши кўрса, шундай яхши кўриб қолди. Рабеъ Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурларига изн сўрамай кираверар, бошқаларнинг киришига эса, то Рабеъ чиқиб кетмагунича изн берилмас эди. Улуғ саҳоба Рабеъдаги соф қалб, ихлос ва ибодатдаги эҳсонни кўриб, шогирдининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларидан кечиккани ва У Зотнинг суҳбатларида бўлмаганидан қалбида ўкинч пайдо бўларди. Шогирдига: “Эй Абу Язид, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени кўрганларида эди, албатта, яхши кўрган бўлардилар”, дерди. Яна: “Сени кўрсам Аллоҳдан қўрқувчиларни эслайман”, дер эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд бу сўзларида муболаға қилгани йўқ. Ҳақиқатда Рабеъ ибн Хусайм Аллоҳдан қўрқув, тақво ва парҳезкорликда, ўз давридаги оз кишиларгина етган юксакликка чиқа олган эди. Бу ҳақда ҳали-ҳануз тарих саҳифаларини порлатиб турган кўпдан-кўп хабарлар ривоят қилинган. Биродарларидан бири айтади: “Рабеъ ибн Хусайм билан йигирма йил ҳамроҳлик қилган бўлсам, фақат хуш сўзларнигина эшитганман”, деб Аллоҳнинг ушбу сўзини тиловат қилди: “Аллоҳнинг зикри бўлмиш хуш сўзлар Аллоҳнинг ҳузурига юксалгай. Солиҳ амалларни ҳам У Ўз даргоҳига кўтаргай” (Фотир, 10).

Абдураҳмон ибн Ажлон ҳикоя қилади: “Рабеъ ибн Хусаймнинг уйида бир кеча тунаб қолдим. Мени ухлади деб билгач, туриб намоз ўқий бошлади. Намозда Аллоҳ таолонинг: “Ёки ёмонликлар қилган, Аллоҳнинг Пайғамбарларини ёлғончига чиқарган, Раббиларининг амрига хилоф қилган ва Ундан ўзгаларга сиғинган кимсалар Биз уларни Аллоҳга иймон келтирган, Пайғамбарларини тасдиқлаган, яхши амаллар қилган ва ибодатни ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига холис қилган кишилар каби қилишимизни, дунёю охиратда уларни ўшалар билан баробар қилишимизни гумон қилдиларми? Охиратда яхшилар билан ёмонларни баробар бўлиши ҳақидаги ҳукмлари нақадар ёмон ҳукмдир” (Жосия, 21), оятини ўқиди. Бутун тун бўйи намозда ушбу оятнигина ўқиди, бошидан бошлар, оят тугагач, яна бошидан бошлар ва то субҳ бўлгунга қадар шу ҳолда давом этди, кўзларидан эса дув-дув ёш оқиб турарди”.

Рабеъ ибн Хусаймнинг Аллоҳдан хавфи ва қўрқиши ҳақидаги ривоятлар ҳам ниҳоятда кўп… Бир неча киши ҳикоя қилган ушбу воқеа диққатга сазовордир: “Кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан бирга сафарга чиқдик. Рабеъ ибн Хусайм ҳам бор эди. Фурот бўйлаб кетаётганимизда, тошни оҳакга айлантириш учун олов ёқилган катта қўрага рўпара келиб қолдик. Қўрадаги олов гуриллаб ёнар, учқунлари учиб, гувиллаган товуши эшитилиб турарди. Қўрага оҳакка айланиши учун ташланган оқ тошлар ловуллаб ёнар эди. Рабеъ ибн Хусайм оловни кўргач, бир сесканиб жойида туриб қолди ва Аллоҳ таолонинг: “Дўзах қиёмат куни ўша қиёматга ишонмаган кимсаларни узоқдан кўрган пайтда улар унинг ғазабнок ўкиришини ва шиддатли нафас олишини эшитишади. Уларни қўллари бўйинларига занжирлар билан боғланган ҳолда жаҳаннамнинг ўта тор жойига улоқтирилган пайтда улар ундан қутулиш учун ўзларига ҳалокат тилаб дуо қиладилар” (Фурқон,12-13), оятини ўқиб, ҳушидан кетиб йиқилди. Дарҳол ҳушига келтириш чораларини қилдик, ҳушига келгач эса, уйига олиб кетдик”.

Рабеъ ибн Хусайм умри бўйи ўлимни кутиб, унга ҳозирлигини кўриб ҳаёт кечирди. Ўлим соати келганида, меҳрибон отасидан ажралаётганига йиғлаб турган қизига қараб: “Нега йиғлайсан, қизим, ахир отангга яхшилик келди”, деб руҳини Яратганга топширди…

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг